Зарафшон чегаралари Томди тумани ерлари ҳисобига кенгайтирилади

Зарафшон чегаралари Тамди тумани ерлари ҳисобига кенгайтирилади
Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Тамди тумани маъмурий чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Парламент юқори палатасининг қарори билан Тамди туманининг 2 459 гектар ер майдонини Зарафшон таркибига ўтказиш назарда тутилган. Ушбу қарор шаҳарни комплекс ривожлантириш, унинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган.
Қўшиб берилаётган ҳудудларда 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, 90 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, шунингдек, 500 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш режалаштирилган.
Чегараларнинг кенгайтирилиши Зарафшоннинг уй-жой фондига бўлган ортиб бораётган эҳтиёжини қондириш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш имконини беради. Янги ерларда турар жой массивлари барпо этилади, сув ва электр таъминоти, канализация тармоқлари ҳамда автомобиль йўллари ётқизилади.
Сенаторлар ҳудудларнинг интеграциялашуви режали ёндашувни талаб қилишини ва бу фақат маъмурий ўзгаришлар билан чекланиб қолмай, аҳоли учун тўлақонли ижтимоий ва транспорт муҳитини яратишни таъминлаши кераклигини таъкидладилар.
Муҳокама якунлари бўйича Сенат тегишли қарорни қабул қилди.

