Дунё

Европа тақдирини ҳал қилган жанг: Усмонли қўшинлари Вена остонасида қандай тўхтатилган эди?

**Европа тақдирини ҳал қилган жанг: Усмонли қўшинлари Вена остонасида қандай тўхтатилган эди?**

Вена — Европанинг марказида жойлашган шаҳар. Дунай бўйида қад кўтарган бу маскан асрлар давомида Марказий Европанинг энг муҳим сиёсий ва маданий марказларидан бири бўлиб келган. Бироқ Вена тарихда фақат императорлар ва саройлар шаҳри сифатида эмас, балки Европа тақдирини белгилаган жанглардан бири билан ҳам муҳрланган.

Қарийб уч ярим аср аввал, 1683-йилда Усмонли қўшини Вена деворлари остига етиб келган эди. Шаҳар қамал қилинди. Агар Вена қўлга киритилганида, Усмонли империясининг Марказий Европадаги юриши янада чуқурлашиши мумкин эди. Аммо шаҳар таслим бўлмади. Вена остонасидаги жангда Усмонли қўшини мағлубиятга учради.

Бу тўқнашув кейинчалик Усмонли империясининг Европадаги кенгайишида муҳим бурилиш нуқтасига айланди. Аммо Вена деворлари остида аслида нима юз берган эди? Усмонли қўшини нега енгилди ва бир неча ой давом этган қамал қандай қилиб Европа тарихидаги энг муҳим жанглардан бирига айланди? Қуйида шу ҳақда сўз боради.

### Австрия ва Усмонли рақобати

Зиддият илдизлари тарихга бориб тақалади. Усмонли империяси ХВИ асрга келиб уч қитъа — Европа, Осиё ва Африкада ҳукмронлик қилувчи жаҳон империясига айланган эди. 1529-йилда султон Сулаймон Қонуний (1520–1566) қўшинлари Венани илк бор қамал қилган, бироқ ноқулай об-ҳаво ва мардона қаршилик сабаб шаҳарни эгаллай олмаганди.

Орадан бир ярим аср ўтиб, Усмонли байроқлари яна Вена деворлари қаршисида ҳилпирай бошлади. Аммо бу сафар вазият бутунлай бошқача эди. ХВИИ асрнинг иккинчи ярмида Габсбурглар ва Усмонлилар ўртасидаги рақобат марказида Венгрия ерлари турарди.

Тож-тахт кетидан чиққан зиддиятлар ва диний тазьиқлар сабаб Габсбургларга қарши венгер аристократияси қўзғолон кўтарди. Қўзғолончилар етакчиси граф Имре Тёкёли Австрия зулмидан қутулиш учун Усмонли империясидан ҳарбий ёрдам сўради. Айнан шу омил Усмонлиларнинг Марказий Европага йирик юриш бошлашига баҳона бўлди.

### Усмонлилар яна Вена остонасида

Султон Меҳмед ИВ (1648–1687) Австрияга қарши юриш учун империянинг бор ҳарбий салоҳиятини сафарбар этди. Бош қўмондон этиб буюк вазир Мерзифонлу Қора Мустафо пошо тайинланди.

Турли манбаларга кўра, умумий қўшин сони 150-175 минг кишигача етган. Унинг таркибида яничарлар, Қрим хони Мурод Гирайнинг татар отлиқлари ҳамда империяга тўлиқ бўйсунувчи ҳудудлардан йиғилган қўшинлар бор эди.

Қора Мустафонинг дастлабки режаси Австриянинг Дёр қалъасини эгаллаш ва Венгрияда Усмонлилар мавқейини мустаҳкамлаш эди. Бироқ Австрия армиясининг чекинаётганини кўриб, масъулиятни ўз зиммасига олган вазир тўғридан тўғри империя пойтахти — Венага юриш қилишга қарор қилди.

1683-йил июлида Усмонли кучлари Вена остонасига етиб келди. Ваҳимага тушган император Леополд И сарой аъзолари билан пойтахтни ташлаб қочди. 14-июлда Қора Мустафо шаҳарни расман қуршовга олди ва қамалдагиларга мактуб йўллаб, уларни таслим бўлишга чақирди.

“Бизнинг мақсадимиз — бу шаҳарни эгаллаш... Агар жангсиз топширсангиз, Аллоҳнинг иродаси билан ҳеч кимга заррача зарар етказилмайди, барчангиз хавфсиз ва тинчликда яшайсиз...”

Шаҳар ҳимоячилари бу таклифни рад этди. Шундан сўнг турклар шиддатли қамални бошлади. Оғир тўплардан ўқ узилди, шаҳар деворлари остидан миналаштирилган туннеллар қазилди. Вена гарнизони пойтахтни қаҳрамонона ҳимоя қилди, аммо озиқ-овқат тугаши ва касалликлар тарқалиши сабаб шаҳар ҳалокат ёқасига келиб қолди. Бироқ икки ойлик оғир қамал Усмонли армиясининг ҳам мадорини қуритди.

### Вена учун бирлашган Европа ва Ян Собеский

Венани 11 минг кишилик гарнизон ва 5 минг нафар кўнгилли билан граф Эрнст Рюдигер фон Штаремберг ҳимоя қилаётган эди. Австрия бош қўмондони герсог Карл Лотарингиялик асосий кучларни сақлаб қолиш учун Дунай ортига чекиниб, иттифоқчилар ёрдамини кутишга мажбур бўлди.

Қийин аҳволда қолган Австрия элчилари Полша—Литва Ҳамдўстлиги (Рзесзпосполита) қироли Ян ИИИ Собескийга мурожаат қилишди. Собеский илгари ҳам туркларни мағлуб этгани учун Европада юксак обрўга эга эди. У дарҳол 26 минг кишилик танланган армияни тўплаб, ёрдамга ошиқди.

Силезия ва Моравия орқали келган поляклар Карл Лотарингиялик ва немис князликларининг (Бавария, Саксония) қўшинлари билан бирлашди. Бирлашган кўнгиллилар армияси сони 74 минг кишига етди.

Қўшин таркиби қуйидагича эди:

— оғир қуролланган гусарлардан иборат 25 та рота;

— 77 та пансирли отлиқ рота;

— 31 та енгил отлиқ рота; пиёда аскарлар; драгунлар;

— 28 та тўп билан 250 нафар артиллериячи;

— тахминан 150 нафар запорожье казаги.

Жами 26 мингга яқин аскар тўпланди. Йўлда яна қарийб 10 минг кишилик Литва қўшини ҳам келаётган эди.

Режага кўра, империя қўшинлари Дунай бўйлаб ҳаракатланиши, поляклар эса Вена ўрмонлари орқали айланиб ўтиб, кутилмаганда тепаликлардан турк лагерига зарба бериши керак эди.

Иттифоқчиларнинг бу йирик операциясига Қрим татарлари тўсиқ бўлиши мумкин эди. Буюк вазир Қора Мустафо Пошо уларга Дунайдаги стратегик кечувларни қаттиқ назорат қилишни ва душман ўтишига йўл қўймасликни буюрган эди.

Бироқ сиёсий адоват ва ички зиддиятлар ўз сўзини айтди: Қрим хони Мурод Гирай Усмонли вазири билан шахсий адоватда бўлгани сабабли ушбу буйруққа совуққонлик билан қаради. Оқибатда хон душман қўшинларининг Дунай дарёсида кўприк қуриши ва ҳеч қандай қаршиликсиз нариги қирғоққа ўтиб олишига кўз юмди. Бу стратегик хато Европа иттифоқчиларига улкан устунлик берди.

Ёрдам яқинлашаётгани ҳақидаги умид Вена ҳимоячиларининг руҳиятини кўтарди ва улар қаршиликни давом эттирди. Ёрдам эса аллақачон яқин эди. 11-сентябр куни поляк ва империя қўшинлари Венага яқинлашиб, шаҳар яқинидаги Каленберг ва Леополдзберг баландликларини эгаллади. Иттифоқчилар кўз ўнгида турк лагеридаги сон-саноқсиз чодирлар намоён бўлди.

### Ҳал қилувчи кун

1683-йил 12-сентябр тонгида Европа тақдирини ҳал қилувчи муҳораба бошланди. Бироқ жангга тайёргарлик кўришда буюк вазир Қора Мустафо Пошо ўзининг энг жиддий ва стратегик хатосига йўл қўйди.

У Вена тез орада таслим бўлади деган қатъий ишончда эди. Шу сабабли, қамални тўхтатмаслик ва шаҳарни эгаллаш умидида энг жанговар кучларини — 10 мингдан ортиқ сара яничарларни Вена атрофидаги хандақларда қолдирди. Оқибатда очиқ майдонда иттифоқчилар ҳужумини қайтариш учун Усмонли армиясининг энг тажрибали ва интизомли қисми етишмади.

Узоқ давом этган қамал, ҳолдан тойдирувчи меҳнат ва юқумли касалликлар Усмонли сафларини сезиларли даражада сийраклаштирган эди. Жанг куни майдондаги турк армиясининг сони 55–60 минг кишидан ошмасди (яна 10 мингга яқин касал ва ярадорлар лагерда қолган эди). Уларга қарши эса ҳарбийлашган ва руҳий жиҳатдан устун бўлган 74 минг кишилик Европа иттифоқчи кучлари саф тортди.

1683-йил 12-сентябр тонгида улар жанговар сафда тизилди. Марказда герсог Лотарингиялик қўмондонлигидаги империя қўшинлари турар, уларни полшалик гусарларнинг бир неча ротаси кучайтирган эди. Ўнг қанотда гетман Станислав Яблоновский бощилигидаги поляклар жойлашди. Чап қанотда баварияликлар ва саксонлар турарди.

Жанг тонг саҳарда иттифоқчиларнинг марказ ва чап қанотдаги шиддатли ҳужуми билан бошланди. Империя ва немис қўшинлари туркларнинг чап қанотини аста-секин ўз позицияларидан сиқиб чиқара бошлади. Полша отлиқлари ва пиёдалари эса Вена ўрмонларининг мураккаб рельефини босиб ўтиб, жангга бироз кейинроқ — тушга яқин қўшилди.

Собескийнинг дастлабки режасига кўра, ҳал қилувчи зарба ўнг қанотдан эртаси куни берилиши ва жанг икки кун давом этиши керак эди. Бироқ воқеаларнинг иттифоқчилар учун кутилгандан ҳам тез ва муваффақиятли ривожланиши қиролни режани зудлик билан ўзгартиришга мажбур этди.

Дастлаб Собеский душман сафини ва жойлашувини аниқлаш учун разведкага бир неча отлиқ ротани юборди. Турк отлиқлари уларнинг ҳужумини қайтариб, ортидан қувишга тушди, аммо немис ҳамда полшалик пиёдаларнинг интизомли ўқи уларнинг йўлини тўсди.

Соатлаб давом этган шиддатли тўқнашувлардан сўнг ҳар икки томон ҳам ниҳоятда чарчаган эди. Соат 18:00 атрофида куннинг ва бутун урушнинг ҳал қилувчи палласи келди.

Ян Собеский тепаликларда захирада турган улкан отлиқ дивизияга умумий ҳужум буйруғини берди. Тепаликдан пастга қараб 20 минг кишилик пўлат тўлқин — афсонавий полшалик “қанотли гусарлар” ва немис оғир отлиқлари ёпирилиб тушди. Бу дунё ҳарбий санъати тарихидаги энг йирик ва энг даҳшатли отлиқлар ҳужуми сифатида муҳрланди.

Даҳшатли куч ва тезлик билан берилган зарба Усмонли сафларини култепа қилди. Тўфон каби бостириб келган отлиқлар қаршисида турк сафи бузилди ва оммавий парокандалик ҳамда қочиш бошланди. Фақат марказда вазир Қора Мустафо пошо ўз байроғи атрофида 5–6 минг нафар содиқ жангчини тўплаб, охирги нафасигача қаршилик кўрсатди — бу билан у армиянинг қолган қисмига чекиниш ва қутулиб қолиш учун бироз вақт ютиб берди. (Ушбу пайтда Қрим татарлари аллақачон жанг майдонини тарк этган ва Усмонлиларни ўз ҳолига ташлаб кетган эди).

Кечга бориб иттифоқчилар шаҳарни қуршовдан озод қилди ва турк лагерига бостириб кирди. ХВИИ асрдаги уруш қоидалари ниҳоятда шафқациз эди: лагерда қолган 10 мингга яқин касал, ярадор ва хизматчилар аёвсиз қиличдан ўтказилди.

Ушбу қонли тўқнашувда Усмонли тарафининг умумий талафоти 15 минг кишидан ошди. Улардан фақат учдан бир қисмигина бевосита жанг майдонида ҳалок бўлган, қолганлари эса чекиниш ва лагердаги қирғин қурбонига айланган эди.

### Бош вазирнинг фожиаси ҳамда сўнаётган юлдуз

Вена остонасидаги мағлубият шунчаки бой берилган бир жанг эмас, балки Европа ва яқин Шарқ харитасини тубдан ўзгартириб юборган улкан тарихий бурилиш нуқтаси бўлди. Усмонли империясининг Европа тубига уч асрдан бери тўхтовсиз давом этиб келаётган ҳарбий экспансиясига айнан шу ерда ва абадий нуқта қўйилди.

Бу ғалаба Европа монархияларига руҳий ва стратегик устунлик берди. 1684-йилда Папа ташаббуси билан Усмонлиларга қарши “Муқаддас Лига” ҳарбий иттифоқи тузилди. Унга Австрия (Габсбурглар), Полша-Литва Ҳамдўстлиги, Венеция республикаси ва кейинчалик Россия подшолиги ҳам қўшилди.

Бирлашган кучлар қаршисида Усмонлилар кетма-кет чекинишга мажбур бўлди: 1686-йилда стратегик аҳамиятга эга Буда шаҳри озод қилинди, бир неча йил ичида эса турклар бутун Венгрия ва Трансилвания ҳудудларидан батамом қувиб чиқарилди.

ХВИИИ аср бошларида Усмонли империяси Европа устидан вақти-вақти билан маҳаллий ғалабаларни қўлга киритиб турган бўлса-да, империянинг ҳарбий-сиёсий қудрати ва гегемонлиги ўз поёнига етиб бораётган эди. Вена жангидан сўнг “Европанинг касал одами”га айлана бошлаган империя учун таназзул даври бошланди.

Мағлубиятнинг бош айбдори деб топилган вазир Қора Мустафо пошонинг тақдири эса фожиали якун топди. Султон Меҳмед ИВ ўз вазирининг ҳукмдор ижозатисиз Вена сари қилган таваккал юришини ва империянинг энг сара армияси барбод этилганини кечирмади.

1683-йил 25-декабр куни Белграддаги қароргоҳида пешин намозига ҳозирлик кўраётган Қора Мустафо пошонинг эшиги тақиллади. Хонага султоннинг махсус хабарчилари — қуролланган яничарлар ва жаллод кириб келди. Вазир хабарчилар қўлидаги султоннинг ўлим ферманини кўриб, тақдирга тан берди ва барчасини англади.

Усмонли анъаналарига кўра, олий мартабали давлат арбоби сифатида унинг қони тўкилмади. Жаллодлар келтирган шойи арқон билан бўғиб қатл этилди. Шу тариқа, Вена орзуси билан йўлга чиққан қудратли вазирнинг ва у билан бирга империянинг Евроосиёдаги мутлақ ҳукмронлик даврининг фожиали хотимаси ясалди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.