Лайфстайл

“Яшаш-шин Ишталин!” Муҳаммад Юсуфнинг совет сензурасини довдиратган асари

“Яшаш-шин Ишталин!” Муҳаммад Юсуфнинг совет сензурасини довдиратган асари

Мендан нима қолар,

Икки мисра шеър,

Икки сандиқ китоб,

Бир уюм тупроқ...

Бу шеърнинг давомини билишингизга ишончим комил, муаллиф уни қирқ ёшга энди кирган пайтида, эрта кетган дўсти — шоир Шавкат Раҳмон хотирасига бағишлаб ёзган эди. Ўшанда ўзи ҳам худди шундай эрта ва кутилмаганда кетишини билармиди-билмасмиди, буни энди ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди.

Табиат билан сирлашиб улғайган бу болакай қандай қилиб ўзбекнинг эрка ва бунчалик халққа яқин шоирига айланди? Унинг самимий табассуми ортида қандай изтироблар яширинган? Халқнинг юрагидан урган шоирни ажал ҳам юрагидан тутиб олиб кетгани тасодифмиди ёки бу унинг аниқ қисмат тенгламасининг жавобими? Аввало Муҳаммад Юсуф ҳикояси қаердан бошланганини билиб олайлик, қолганлари ҳам қадам-бақадам ойдинлашади...

### Қовунчидан чиққан йўл

1954-йил 26-апрел. Андижон вилояти, Марҳамат туманининг Қовунчи қишлоғида туғилган Муҳаммаджоннинг болалиги далалар, ялпизлар ва бедапоялар бағрида ўтди. Унинг қалбида шеъриятга бўлган олов оддий ҳавас эмасди. Онаси Энахон аянинг эслашича, Муҳаммаджон ўсмирлик чоғида тушида Ҳазрати Хизрни кўради. Ариқ бўйида ўтирган болакай ёнига келган нуроний зот унга қараб дуо қилади: “Ёз, ўғлим, албатта, ниятингга етасан!” Буни факт сифатида қабул қила олмаймиз, лекин шоирнинг ҳаёт йўлига қараб, ёлғон деб ҳам бўлмайди.

Ёш ижодкор 1973-йилда ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, пойтахтдаги Рус тили ва адабиёти институтига — ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга киради. Талабалик йилларидаёқ, 1976-йилда, унинг илк шеърлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилади. Йигирмага тўлмаган йигитнинг исми шу тариқа илк бор газета саҳифасида кўринади.

Кечагина қишлоқдаги қизларнинг бари.

Менга сирли қошлар қоқиб қарашарди.

Қарашмаса, уйларига тунда бориб,

Тошлар отиб қочар эдим, ярашарди.

Саҳаргача атрофида айланишиб,

Дилхун уйга қайтар эдим, билишарди.

“Кимни кутиб турибди бу йигитча”, деб,

Девор оша мўралашиб кулишарди ....

### Бекатда қолган сўз

1978-йилда институтни тугатиб, ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, у аввал республика Китобсеварлар жамиятида, кейин 1980-йилдан олти йил давомида “Тошкент оқшоми” газетасида мухбир бўлиб ишлайди. Айнан шу даврда, Навоий кўчасидаги нашриётлар биноси ошхонаси олдида, сочи майда ўрилган, дўппили бир қизни кўриб қолади. Талаба қиз — Назира — ҳатто унга қарамай ўтиб кетади. Аммо йигит шу заҳоти дўстларига қатъий қилиб: “ Мана шу қиз менинг тақдирим. Кўрасизлар, шу қизга, албатта, уйланаман! ” дейди.

Шоир қизни кузатади, трамвай бекатларида уни пойлаб юради, аммо гаплашишга журъат этмайди. (Ўртада Муҳаммад Юсуф армияга кетгани сабаб 2 йиллик узилиш ҳам бўлади.) Ўша кунларнинг изи кейинроқ шеърларга ҳам кўчади:

Бекатларда мен қоларманда,

Айтар сўзим қолиб кетади.

Трамвайлар сени ҳар куни

Бодомзорга олиб кетади.

Термуламан, изларидан жим,

Боқиб кўзим толиб кетади.

Бодомзорга сени ҳар куни

Трамвайлар олиб кетади.

Ниҳоят 1983-йилда улар турмуш қуради. Кетма-кет уч қизлари — Маъсуда, Нозима ва кенжаси Мадина дунёга келади. Учинчи марта ҳам қиз кўриб хафа бўлган рафиқасига у туғуруқхонага хат юборади: “Оллоҳ ҳатто пайғамбарларимизни ҳам қиз билан сийлаган. Сиз менга пайғамбарлар бахтини ато этдингиз.” Кенжа қизи туғилган йили, 1985-йилда, унинг илк шеърий китоби — “Таниш тераклар” босмадан чиқади.

Ижод унга ҳеч қачон осон келмаган. Шеър туғилаётган паллаларда у ҳеч кимни, ҳатто қизларини ҳам кўрмай қоларди. Бир куни у ижод қилаётганида қизи Нозима югуриб келиб тиззасига ўтиради. Ижодий хаёлдан бирдан ўзига келган шоир қизига овозини кўтариб юборади. Буни кутмаган Нозима хафа бўлиб хонадан чиқиб кетади. Аёли баланд овоздан чўчиб хонага югуриб кирганида эса шоир қўлидаги ручкани синдириб ташлайди, Муҳаммад Юсуфнинг кўзлари ёшга тўлган эди. Кейин у қизининг ортидан бориб, уни ўпиб, кечирим сўрайди.

Кечаси эса яна ижодга шўнғийди — тонгга бориб рафиқаси стол устида янги шеърни топади. Шеър шундай бошланади:

Шуҳратга ўч бўлсам керак мен гумроҳ,

Ёлғон бўлса керак дилда нолам ҳам.

Тўпори байтларим битар пайтим гоҳ,

Кўзимга кўринмай қолар болам ҳам.

Шеър эса ўзини аёвсиз судлаган бу сатрлар билан якунланади:

Улар шеър ёзмасин ҳеч менга ўхшаб,

Мендан нафи кўпроқ тегар элимга.

Шоҳ асар бўлса ҳам, тупурдим ўша –

Боламни йиғлатиб ёзган шеъримга.

### “Бош қолмади дўппига лойиқ”

Китоби чиққач, унга “Дархон” маҳалласидан уй беришади, аммо шуҳрат тинч келмайди — бу мустабид тузум ижодкор ёшларнинг ҳар бир сатрини синчиклаб кузатиб турган давр эди.

Бир куни ҳамкасби, “Ёшлик” журналида ишловчи ёзувчи Муроджон Мансуров журналнинг хомаки нусхасини тегишли идоранинг масъул ходимига олиб боради. Ходим унинг бошидаги оҳори тўкилмаган дўпписига истеҳзо билан узоқ тикилади-да, ижирғаниб бир неча шеърга эътироз билдиради. Хафагазак қайтаётган Муроджон ака йўлда Муҳаммад Юсуфни учратиб, воқеани айтиб беради.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Ёш шоир: “Ғаройиб иш бўлибди, хафа бўлманг, Муроджон ака” , деб мийиғида кулиб қўяди, ичида эса бошқа бир сатр аллақачон пишаётган эди. Орадан кўп ўтмай, айнан шу воқеа асосида “Дўппи” шеъри туғилади — дўсти бошига тушган хўрликка жавобан ёзилган бағишлов.

Дўппи киймай қўйди одамлар,

Бир шоир, бир носирдан бошқа.

Сочлар силлиқ,

Силлиқ қадамлар,

У оғирлик қиляпти бошга...

Бу қандайин кўргулик савдо,

Дўппи киймай қўйди халойиқ.

Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё

Бош қолмади дўппига лойиқ.

Бу шеър 1980-йилларда Ёзувчилар уюшмасидаги катта бир мушоирада ўқилганда, зал қарсакларга тўлади. Ёзувчи Муҳаммад Али ўша кунни шундай эслайди:

Қорачадан келган нотаниш йигитча минбарга чиқиб, таниқли шоирлар қаторида туриб бир зумда ҳаммани ортда қолдирди — халқ тилида айтганда, “улоқни олиб кетди”.

Орадан беш-олти йил ўтар-ўтмас “Булбулга бир гапим бор” (1987), “Илтижо” (1988), “Уйқудаги қиз” билан “Ҳалима энам аллалари” (1989), “Ишқ кемаси” ва “Кўнглимда бир ёр” (1990), “Бевафо кўп экан” (1991), сўнг “Ёлғончи ёр” ва “Эрка кийик” — китоб устига китоб босилади.

“Уйқудаги қиз” тўплами учун 1989-йилда унга Республика Ёшлар мукофоти берилади. Адабиёцҳунос Озод Шарофиддинов кейинроқ бу давр ҳақида шундай ёзади: Муҳаммад Юсуф “халқ дардини баралла айтган, юрт муҳаббатини ҳеч кимга ўхшамаган мисраларда таърифлаган шеърлари билан танилди”.

Аммо айтганимдай, тез келган шуҳрат тез ҳасадни ҳам келтиради: баъзи тенгдошлари унинг шеърларини “ рўзғорбоп ”, ижодида “ янгилик йўқ ” деб камситишга уринишарди. Бир куни нашриётдан тушкун ҳолатда чиқиб кетаётганида, Шукур Қурбон шоирнинг аҳволини кўриб унга Сергей Есениннинг худди шундай танбеҳларга берган жавобини эслатади: “Улар ёзаётган шаклларда ҳам жуда ёзганмиз. Энди ўз йўлимизни топиб олдик. Улар билмайдиларки, биз тўғри йўлдамиз, биз ҳали ҳаммасидан ўтамиз!!!” Шу кундан “Билмайдиларки...” сўзи улар орасида махфий паролга айланади — у ҳар сафар ҳол-аҳвол сўралганда шуни такрорлайдиган бўлади.

### Қора қуёш, Эрка оҳу ва Ишталин

Шу йилларнинг ўрталарида — 1988-йилда, ҳали “қайта қуриш” сўзи ҳам тўлиқ эркинлик бермаган бир пайтда — у шеъриятда кўпчилик журъат этмаган мавзуга қўл уради. “Қора қуёш” достони архив ҳужжати билан бошланади: 1946-йилда, афтидан Сибирдаги бир сургун манзилидан синглиси Қумрига ёзилган, имзосида фақат “Акмал” деган исм қолган бир маҳбус хатидан. Муаллиф изоҳида буни “тасодифан топиб олганини” айтади — наср билан шеърни, ҳужжат билан лирикани қориш­тирган бу усул достонга ноёб ҳужжатлилик кучини беради.

Достон саҳифама-саҳифа халқ танасидаги энг оғриқли жойларга тегади. Бир бобда Сталин номини тўғри талаффуз қилолмай, халқ олдида “Ишталин” деб юборгани учун отиб ташланган соқов бор:

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Соқовни қамашди,

Соқов “душман”ни,

Сиёсий саводсиз,

Анқов душманни…

Қамашди,

Бир кунда,

Пайсалга солмай.

Айби аниқ эди,

Айби маълум эди,

У доҳий отини

Тўғри айтолмай,

Ҳамманинг олдида

“Ишталин” деди!

Соқчига мўлтирар Соқов,

Қалтирар,

Ўлдиришар энди,

Уни ўлдирар.

Қолди уй,

Қолди — ғурбатхонаси.

Ғурбатхонасида — Қари онаси.

Яна бир зот кетди,

Шундай қилиб —

Соқовнинг бошига

Етди ўз тили…

Ўрмонда отишди,

Қор эди қалин.

Йиқилди.

Ҳайқириб: Яшаш-шин Ишта-лин!

Бошқа бир жойда эса ҳеч қачон кўрмаган одамнинг “думи” сифатида сургун қилиниб, айнан ўша сургунда унга биринчи бор юзма-юз келган маҳбус ҳақида ҳикоя бор.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

— Сизни нега қамадилар, биродар?

— Сулаймон Азимовнинг “думи”сан, деб!

— Кимнинг-кимнинг?

— Айтдимку, Азимовнинг…

Анчадан кейин бироз ўзимга келиб, секин бориб елкасидан қучдим:

— Уни танийсизми?

— Йўқ, кўрмаганман…

— Унда келинг, танишволайлик, — дедим. — Мен ўша сиз айтган одам!.. (Марказқўмнинг собиқ котиби Сулаймон Азимовнинг хотираларидан)

Яна бир бобда ота-онаси Сибирга сургун қилинган болакай тилидан айтилган машъум савол-жавоб бор — халқ оғзаки ижодидаги алла ва йиғи оҳангида ёзилган:

— Отанг қани, болам-ов?

— Отам Сибирга кетган.

— Онанг қани, болам-ов?

— Онам ҳам бирга кетган…

— Аканг қани, болам-ов?

— У дунёда ухлайдир.

— Уканг қани, болам-ов?

— Кўкрак сўраб йиғлайдир…

Қўлёзмасини бошлиқ печкага ташлагач деворга бош уриб ҳалок бўлган номаълум адиб ҳам бор:

Соддадил адиб, унга қўлёзмани узатди. Бошлиқ қўлёзмани олдию гуриллаб ёниб турган печканинг ичига отди… У яна ўша зах ва қоронғи хонада ўзига келди. “Бу аблаҳнинг олдига мени ким бошлаб борди? Оёқларимми? Мен уларни ҳозироқ кесиб ташлайман. Наҳот шунча хўрликларни кўриб ҳам кўзим очилмади! Наҳот, бу бошда зарра ақл бўлмаса! Наҳотки, у мени жаллоддан ёрдам сўраб боришга ундади! Ҳозир… Ҳозир!…”

У даст ўрнидан туриб, югуриб бориб, зарб билан бошини деворга урди. Урди ва яна ураверди. Жони чиқиб кетгунча ураверди!.. Ким эди бу адиб? Қодирийми?.. Чўлпонми? Ёки Усмон Носирми?!.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Достон охирида эса Сталиннинг ўзига берган баҳоси ўзбек шеъриятида тенги кам бир формулага айланади:

Менга жуда азиз

Унинг сиймоси,

Бир қарасам,

Йўқдек сира қиёси.

У бир бағри дарё,

Бир бағритошдир,

У бир қуёш

Аммо — Қора қуёшдир!

Бу икки қарама-қарши туйғуни — бир вақтнинг ўзида қўрқув ва нафратни — битта сатрга сиғдирган формула эди, ва айнан шу иккиланиш туфайли достон совет сензурасидан омон ўтиб, халққа етиб боради.

Шу оғир мавзудан сўнг, худди нафас ростлагандек, у бутунлай бошқача, енгил ва майин шеърлар ҳам ёзади. Улардан бири — ўзига хос оҳангдор такрорлаш усулида битилган “Эрка кийик” — шундай бошланади:

Эрка кийик, майлими бир эркаласам,

Мажнун бўлиб саҳроларга еталасам,

Бу дунёда бирдай ғариб мен ҳам, сен ҳам,

Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Сенинг кўзинг қора, менинг кўзим қора,

Сенинг бағринг яра, менинг бағрим яра,

Бу дунёда сен бечора, мен бечора!..

Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Бу шеър 1993-йилда кичкина бир тақдир ҳазилини ҳам бошдан кечиради. Қибрайдаги машҳур ҳофиз Фахриддин Умаров уни қўшиққа солмоқчи бўлиб ўқиб, кутилмаган бир кузатув билдиради: куйланганда “Эрка кийик” сўзи тингловчи қулоғига “Эркак кийик” бўлиб эшитилади, ҳолбуки “кийик” билан “оҳу” битта жонзот — нега ўшани ишлатмаслик керак? Шоир бир оғиз “Маъқул!” дейди, холос. Шу-шу, ўша шеър қўшиқ бўлганда “Эрка оҳу” номи билан минглаб юракка кириб боради, орадан йиллар ўтиб эса уни бир неча қўшиқчилар куйга солишади.

Аммо уларнинг аксариятида “Эрка(к) кийик” жумласи қолиб кетган. Нима ҳам дердик, истеъдодли ва уста ижодкор ўртасида фарқ бор.

### “Отангиз, онангиз тушунмаса...”

Мустақиллик йиллари унинг ижодида янги босқич очади. “Ватаним” шеъри шундай бошланади:

Мен дунёни нима қилдим, Ўзим ёруғ жаҳоним,

Ўзим хоқон, Ўзим султон, Сен тахти Сулаймоним,

...Ўзинг менинг улуғлардан Улуғимсан, Ватаним…

— бу ерда у юртини шоҳ ва тахтдан ҳам юқори қўяди. Аммо у фақат ватанни мадҳ этувчи шоир эмасди. “Ўзбек” шеърида аввал онасини пахта пайкалида етти букилган ҳолда тасвирлайди:

Сен пахта терардинг етти букилиб,

Пайкалингда эдинг эй онажоним.

Ўзбекмисиз, дея ғалати кулиб,

Мендан сўраб қолди бир танноз хоним.

— сўнг эса халқнинг сукутига, итоаткорлигига очиқдан-очиқ исён кўтаради:

Сен нега Қримга бормайсан ёзда,

Ёки сен отангнинг ўгай ўғлисан?!

Сўкса индамайсан, қўйми-тўқлисан,

Урса йиғламайсан, демак — ўғрисан!

Адабиёцҳунослар бу сатрларни Чўлпоннинг “Ай тутқунлар… ай эзилган” деган халқ мурожаатига қиёслашади — иккаласида ҳам лирик қаҳрамон ўз халқига тўғридан-тўғри, ҳеч иккиланмай юзланади. “Мен адабиётга ижтимоий шоир бўлиб кириб келганман”, дейди у кейинроқ бир суҳбатда.

Шеърни у китобдан эмас, ҳаётдан излайди: “Мен шеърни фақат кўчадан излаб, кўчадан топаман... Шеър, бу — ширин дард, азоб. Шоир шу дард бемори.” Шунингдек, у жимжимадор сўзларни ҳам ёқтирмасди, чунки унинг фикрича, шеърни “отангиз, онангиз тушунмаса, нима кераги бор?”

1996-йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланади, 1997-йилдан Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари бўлиб ишлайди — ёш ижодкорларга устозлик қилиш умрининг сўнгги йилларида асосий машғулотларидан бирига айланади. 1998-йилга келиб эса “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини олади — ўша пайтда мамлакат тарихида бу унвонга сазовор бўлган энг ёш ижодкор эди.

### Элликқалъа тасодифи

2000-йиллар бўсағасида у тез-тез Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманига — Тупроққалъа ва Аёзқалъа харобалари жойлашган қадим юртга боради. Шу ердаги ботаника боғида ўз қўли билан бир эман кўчатини ўтқазиб, боғ мудирига ярим ҳазил-ярим жиддий шундай дейди: “Бу дарахтни беш юз йил яшайди дейишади. Лекин уни эккан одам дарахт умрининг ўндан бирини ё яшайди, ё яшай олмайди. Демоқчиманки, эллик ёшга ё кираман, ё киролмайман.” Афсуски, у ростдан ҳам элликка етмайди.

Қўрқаман, эртага мен ўлиб кецам,

Ётар бўлсам қумга ботиб кўзларим,

Кўнглимни кўчкидай босади бир ғам –

Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…

Энг яқин дўстларим ғийбатим қилар,

Энг заиф душманим устимдан кулар.

Уларку, не қилса ўзлари билар,

Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…

2001-йил 31-июл куни у Элликқалъада мухлислари билан учрашув чоғида минбарга чиқади, бироқ бир оғиз сўз айтолмай ерга қулайди — шоирнинг юраги бутунлай тўхтайди. У қирқ етти ёшда эди. Танини Андижон тупроғига қўйишади. Элликқалъа ботаника боғидаги эман эса бугун ҳам ўсиб турибди, эгасидан анча узоқ умр кўрмоқда. Биз эса шоирнинг шеърлари эмандан ҳам кўпроқ халқ ёдида яшашига умид қиламиз.

Кўкларда кўк каптар қушдаймиз, жоним,

Қайғурма, кел кўнгил хушлаймиз, жоним.

Менинг танишим йўқ нариги дунёда,

Барибир жаннатга тушмаймиз, жоним...

Ёруғ дунёда ким яшайди тўйиб,

Умр ўтиб кетгай киприк қоққунча:

Онанг кўксига бир бошингни қўйиб,

Боланг кўзига бир кулиб боққунча...

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.