“Ёвга терс қараган мусулмон эмас!” — маддоҳлар пиёласини синдирган шоир

“Ёвга тескари қараган мусулмон эмас!” — маддоҳлар пиёласини синдирган шоир
У юзини бурди: “Нега келдингиз?”
Бу шунчаки норозилик эмасди. Бу — бутун умри давомида тоғлардек виқорини сақлаб келган, бировнинг олдида сарғайиш тугул, советнинг “план”ига ҳам бўйсунмаган исёнкор руҳнинг чорасизлик олдидаги норозилиги эди. Хонада ҳаво тугаб бораётгандек, гўё бутун коинотдаги кислород кимдир томонидан атайин сўриб олинган. Ўзбек шеъриятига қиличдек кескир мисраларни олиб кирган, ёлғон ва маддоҳликдан иборат қасидабозликнинг томирига болта урган 46 ёшли забардаст шоир Шавкат Раҳмон ўлим тўшагида ётар, бир қултум ҳавога зор бўлиб, саратон деган бедаво дард билан яккама-якка олишмоқда эди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Замондоши Асқар Маҳкам хотирлаганидек, кетмончиникига ўхшаш бақувват қўлларига ботган игналарнинг сон-саноқсиз излари ток зангига ўхшаб кетар, ўшлик мусаввир полотносидан боқиб турган бургут нигоҳлардан асар ҳам қолмаган. У шафқат тиламасди, унга таскин ҳам керак эмасди. У ҳар қандай сохталикдан, ҳатто ўлим олдидаги сохта юпанчлардан ҳам ҳазар қиларди.
Бу осмон осмонми,
темир пардами,
бу ёғду синчлари тизилган дорми?
Мунчалар эгилди қора гардани...
жувонмарг бўлгурлар,
жўмардинг борми?!
Шу ўринда бир савол туғилади: қандай қилиб Помир тоғлари этагидан чиққан, болалигида қоракўз қўйларга эргашиб юрган йигитча тиғдек шоирга айланди-ю, нега мунофиқликка, маҳаллийчилик ва жасорацизликка қарши курашган инсон ўзи умрининг сўнггида бир қултум ҳавога зор бўлиб жон берди?
Ғишт заводидаги болалик ва рад этилган орзулар
1950-йилнинг 12-сентябри. Ўш шаҳрининг “Помир” маҳалласи. Савдогар Раҳмонберди ва Офтобхон оиласида дунёга келган Шавкатнинг болалиги тоғларнинг асов шамоллари остида тобланиб ўтди. Ота-онаси ойлаб яйловларда савдо билан банд бўлар, рўзғорнинг бор юки қайсар, камгап, аммо ғурури осмон қадар баланд болакайнинг зиммасига тушарди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
У шунчаки хаёлпараст шоиртабиат бола эмасди — у меҳнатнинг қадоқ қўлларида ўсди. 13 ёшида ғишт заводида ишлаб, ўз қўллари билан ҳовлисида иморат тиклаган йигитча аслида келажакда ўзбек шеъриятининг ҳам пойдеворини ўзгартиришга тайёргарлик кўраётган эди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
1966-йилда мактабни битириб, Тошкент давлат университетига ҳужжат топширади. Бироқ пойтахт эшиклари унга осонликча очилмади — у кетма-кет икки йил танловдан ўтолмади. У омадсизликдан синмади, Ўшга қайтиб газета таҳририятида ҳарф терувчи, мусаҳҳиҳ бўлиб ишлади. Айнан шу ерда шоир Турсунбой Адашбоев билан танишди. Матбуотда Москвадаги Адабиёт институтига танлов эълон қилингач, Шавкат ўз шеърларини русчага қоралама таржима қилиб жўнатди. Ва кутилмаганда: “Сиз танловдан ўтдингиз, Москвага етиб келинг” деган телеграмма унинг учун дунё минбарларига йўлланма бўлди.
Ажойиб кунларнинг бирида
Уйғониб кетаман уйқудан -
Юракнинг энг чуқур ерида
Оғриққа айланган туйғудан.
Мен қўшиқ бўламан дарёдай
Юракнинг энг чуқур ерида.
Боқаман дунёга дунёдай
Ажойиб кунларнинг бирида.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Москва — улкан қозон. Ҳалима Худойбердиева, Мурод Муҳаммад Дўст каби йирик истеъдодлар билан бир даргоҳда таҳсил олган Шавкат Раҳмон бу ердан ялтироқ қоғозларга ўралган шиорларни эмас, балки сўзнинг ҳақиқий вазнини, таъмини ҳис қилиб қайтди. 1975-йилда у Тошкентга бутунлай бошқача ёндашув — темирдек интизом ва муросасиз эстетик мезонлар билан кириб келди.
“Обший вагоннинг дами чиқди”
1975-йил. Тошкентга қайтган Шавкат Раҳмон нашриётларда иш бошлади. Ўша даврдаги Ғафур Ғулом нашриётининг шеърият бўлими ёш шоирлар билан қайнарди. Шавкат Раҳмон хонага қуруқ шеър эмас, ўзининг букилмас принсипларини ҳам олиб кирди. Қутлибека Раҳимбоева ўз хотираларида шоирнинг қандай улуғвор тийнат эгаси бўлганини эслайди.
У аёлларни чуқур эҳтиром қиладиган, аммо буни достон қилмайдиган киши эди. Бир куни нашриёт хонасига кирган эркак танишларидан бири Қутлибекадан қарз сўрайди. Буни кўрган Шавкат Раҳмоннинг ранги ўзгариб, ташқарига отилади. Кўп ўтмай коридорда унинг қаттиқ овози эшитилади: “Тўрт мучангиз соғ, девдай бўлиб муштдай қиздан қарз сўрагани уялмаяпсизми?!” Бу унинг тийнати эди — номардликни, майдаликни қабул қилолмасди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Яна бир воқеа. Нашриётдаги шеърият шкафини ходимлар поезд вагонларига ўхшатишарди. Асл китоблар “купе”, ўртачалар “пласкарт”, қофиябозликдан иборат халтуралар эса “обший вагон”га тахланарди. Бир куни ўша халтуралар тиқилаверганидан “обший вагон” шкафи синиб, қоғозлар полга сочилиб ётган пайтда, навбатдаги қофиякаш шеърларини кўтариб келиб қолади. Шунда Шавкат Раҳмон ҳеч иккиланмай:
“Обший вагоннинг дами чиқиб кетган. Ҳозирча чипта сотилмайди”,
дея қочирим қилади. У адабиётни чиқиндихонага айлантирмоқчи бўлганларни жинидан ёқтирмас эди.
Унинг нафрати шу қадар тоза эдики, хушомадгўй ва маддоҳ кимсалар билан бир ҳаводан нафас олишни ҳам истамасди. Бир куни раҳбарларга тилёғламалик қилиб кун кўрадиган, ҳамма жойга похол тўшаб юрадиган ёзувчинамо шахс уларнинг хонасида чой ичиб кетади. Шавкат Раҳмон Қутлибекадан сўрайди: “Менинг пиёламда ҳалиги чой ичдими?”. “Ҳа, кейин туз билан ювиб келдим” деган жавобни эшитгач, индамай қўлидаги ўз пиёласини “қарс” эткизиб иккига бўлади-да, чиқинди идишига ташлайди. У риёкорлик билан бир идишдан сув ичишни ҳам ўзига ор деб биларди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Табиийки, таҳририят эшигини тепиб киришга ўрганиб қолган ялтироқ шоирлар бунга чидай олмади. Унга қарши ҳужумлар бошланди. “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида тўшакда ётган бемор шоир (Анвар Исроилов) номидан Шавкат Раҳмонга қарши очиқ хат уюштирилди. Бошқа газетада уни ошкора “миллатчилик”да айбладилар. Ёзувчилар уюшмасида махсус йиғилишлар ўтказилиб, унинг сўзларидан, истиораларидан тагмаъно ахтаришга тушдилар.
Аммо шоир ўз сўзини айтиб бўлган эди:
Қарсак нима ўзи?
Иккита кафтнинг
орасидан потраб чиқадиган сас,
хоҳласам чаламан, хоҳламасам йўқ,
қарсак меникидир, сизники эмас.
... Виждонсиз шоирлар кўпайган жуда,
юракни сўз билан ёндиргувчи кам,
халқимас,
шуҳратни ўйлаб сўйлаган
аҳмоққа бермайман қарсагимни ҳам.
Қул эмасман деб ўзимни ишонтираман Лорка
Шавкат Раҳмон қуллик психологиясига тиш-тирноғи билан қарши эди. Куз ойларида ҳамма қатори зиёлиларни ҳам пахтага, узум узишга ҳайдашарди. Ҳамма бир амаллаб кунни кеч қилса, у терлаб-пишиб тушгача нормани (40 челак узумни) тўлдириб қўярди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Нега ўзингизни бунча қийнайсиз дейишганда, у шундай деганди:
Қўяверинг, мен ўзимни ярим кун озод ҳис этаман. Ярим кун ихтиёрим ўзимда, қул эмасман, деб ўзимни ишонтираман. Бўлмаса, қанақа қилиб қулликда шеър ёзиб бўлади?
У худди ўзи каби эркинликни энг олий қадрият деб билган, озодлик учун жон берган испан шоири Федерико Гарсиа Лоркага руҳан боғланиб қолганди. У Лоркани русчадан таржима қилишга ор қилди: “Ўзбеклар Лоркани ўрислар қандай гапиртирса, шуни рост экан деб ўтиб кетишмасин”, дерди. У атайин испан тилини ўрганди. Кечалари ёдлаган испанча сўзлари тушига кириб чиқарди. 1986-йилда Испанияга сафар қилиб, шеърлар туғилган тупроқни ҳис қилиб қайтди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Шавкат Раҳмоннинг таржимага муҳаббати дўстлар даврасида ўзига хос ижодий тортишувларга ҳам сабаб бўларди.
Хуршид Даврон хотирлаганидек, бир куни ёш шоирлар орасида таржима баҳси келиб чиқади. Хуршид Даврон ҳазиллашиб: “Мен Лоркани сиздан зўр таржима қиламан!” деганда, Шавкат Раҳмон мутлақо жиддий оҳангда: “Қўлингиздан келмайди,” деб кесиб ташлайди. Баҳсга нуқта қўйиш учун ҳакамликни Усмон Азим ўз бўйнига олади: икки ижодкорга Лорканинг испан миршаблари ҳақидаги шеърини таржима қилиш учун икки кун муҳлат берилади. Туни билан мижжа қоқмай ишлаган Хуршид Даврон ғалабага ишонса-да, ҳакамнинг хулосаси қатъий эди — Шавкатнинг таржимаси яққол устун келганди.
Аммо бу воқеанинг энг эътиборли жиҳати ғалабада эмас. Орадан бир неча кун ўтиб, Шавкат Раҳмон Хуршид Давроннинг ёнига келади ва таржимадаги битта сўзни унга беришини сўрайди. У ўз таржимасидаги “О, жарангдор лўли шаҳрим!” сатридаги “шаҳар” сўзи ўрнига рақибининг таржимасидаги “кент” сўзини қадаб қўйишни истаган эди. Бутун бошли шеърни битта сўз қандай мукаммал қилишини ҳис этиш фақат сўз қадрини билган чинакам меъморгагина хосдир.
Бошланяпти
гитар ноласи.
О кутмагин ундан
сукутни!
Сўрамагин ундан
сукутни!
О гитара, шўрлик гитара,
бешта ханжар санчилган юрак!
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
“Жез отлиқ” қаҳри ва туркийлар
1980-йилларнинг ўрталарига келиб совет империясининг парчаланиш талвасаси бошланди. Адабиёт энди жиддий кураш майдонига айланди. Эркин Воҳидов муҳаррирлигидаги “Ёшлик” журнали шеърият бўлимига Шавкат Раҳмоннинг келиши адабиётда “халтура”га қарши ошкора уруш эълон қилиниши эди. Шавкат Раҳмон асарларида энди шунчаки табиат инъикослари эмас, балки икки юз йиллик мустамлака занжирларининг жарангги, миллатнинг фожиаси яққол кўриниш бера бошлади.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
У империянинг даҳшатли тимсоли сифатида “Жез отлиқ” (Пётр И) образини яратди. Икки юз йилдан бери элларни хароб қилган, Турон заминини топтаган бу босқинчи ҳайкалга қарата у шундай қаҳр билан хитоб қилди:
...Озми бу денгизлар,
озми бу ерлар,
озми тожларини узатган юртлар,
ўз қонин симириб чириган эрлар,
байланган ҳурлару таланган дурлар.
Туёқлар янчмаган нималар қолди,
айтарми қайтадан тиритган ёдлар,
Турондай сарғаймиш от пешобидан
самовий хитоблар,
азиз китоблар.
Бас, телва сувори,
ҳаддингдан ошма,
қутурган айғирнинг жиловини торт,
икки юз йилдирки эллар бошида
туёғини қайрар бу даҳшатли от...
Шеър жуда ўткир ва очиқча ёзилган. Уни ўқир экансиз ичингизда бир аланга пайдо бўлмай қолмайди. Эътибор беринг, отлиқнинг қутурган айғири шунчалар ифлоски, унинг пешобидан ҳатто муқаддас китоблар, Туроннинг азалий билимлари сарғайиб, расво бўлди. Бу ҳар қандай мудроқ шуурга мушт ургандай бўлиши турган гап. Шоир бу золим “зобитнинг” оғир бошини қачондир Тўмарислар қон денгизига отишини (жазоланишини) башорат қилади.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Жез отлиқ ўзини уради ҳар ён —
машъум салтанатнинг соҳибқирони,
чайқалар бўғилган бир баҳри фарёд,
бўридай эргашар эл интиқоми. …
Саҳрода кўринар тағин Тўмарис,
тағин бир қўзғатар сабр тошини,
бу сафар мешгамас,
қон денгизига
отар бу зобитнинг оғир бошини…
У миллатни, парчалаб ташланган Туркистонни бир бутун ҳолда кўришни орзу қиларди. Раҳмон Қўчқор билан 1995-йилда қилган суҳбатида у шундай дейди: “Атиги беш-ўн йил илгари мафкурачилар Туркистон ғоясини ўлик ғоя деб тарғиб қилардилар... Хитой билан Россия оралиғида пировард натижада ҳар томонлама ривожланган... ягона сиёсий маконнинг барпо бўлишидан ҳаммамиз манфаатдормиз”.
Ҳавосиз
Инсон ақли бовар қилмайдиган адолацизлик... Шеърга, сўзга, ўзбек тилига ҳудудсиз кенглик ва осмондек тоза ҳаво олиб кирган исёнкор ўз умрининг сўнггида... ҳавосиз қолди.
1995-96 йилларда Шавкат Раҳмонни саратон (томоқ раки) ўз домига тортди. Бўйдор, бақувват, қиёфаси қадимий тошбитикларни эслатувчи алп шоир касалхона тўшагида эриб, бир бурда бўлиб қолди.
Энг оғриқли кунлар. 1996-йил март. Россия Думаси собиқ иттифоқни қайта тиклаш бўйича ҳаракатлар қилаётган кунлар. Палатада жон талашаётган шоирни Набижон Боқий ва Раҳмон Қўчқор кўргани келишади. Шавкат Раҳмон ҳам айнан собиқ иттифоқни тиклаш ҳақидаги гапларни рафиқаси билан гаплашиб ўтирганди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Шоир меҳмонларга қараб, муштларини тугиб шундай дейди: “Агар мустақилликни қурол билан ҳимоя қилиш зарур бўлса, мен кўнгилли бўлиб жангга жўнайман... Ўғлим ҳам боради... Сизлар ҳам борасизлар... Бир юз-у ўттиз йилдан сўнг қўлга киритилган мустақиллигимизни осонликча бериб қўймаййиз”. Танаси емирилиб кетган, аммо руҳи пўлатдан қаттиқ жангчи сўнгги нафасигача чекинмади.
Шоир умрининг сўнггигача шеър ёзди. Энг охирги шеърларини хотини Манзура опага пичирлаб айтиб ёздиради:
Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
олис-олис воҳалардан
тоғларимни чақиринг,
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.
... боринг, қорли тоғларга:
бир шоир ётибди денг,
Худонинг ҳовлисида...
1996-йилнинг 2-октябр саҳари. Худонинг кенг ҳовлисида ётган бургутнинг нафаси тўхтади.
У вафот этди. Пойтахтнинг Қорасув даҳаси мотамга ботди. Онаси қон йиғлаб, ўғлини Ўшга, у доим соғинган Помир тоғлари этагига олиб кетмоқчи бўлди. Аммо қизлари ва яқинларининг раъйи билан Тошкентнинг Яланғочота қабристонига дафн этилди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Бугун афишаларда исмлари ялтираб турган, минбарларда микрофонни ютиб юборгудек эҳтирос билан шеър ўқиётган (Шавкат Раҳмон таъбири билан айтганда “ириллаб шеър ўқийдиган”), бир неча унвон-у орденлар тақиб олган маддоҳларни кўрганингизда, ўша Яланғочотадаги жимжит ва оддий қабрни эслаш кифоя.
Борми эр йигитлар, борми эр қизлар?!
Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил худони.
Қиличлар занглади…
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.
Илвасин йигитлар,
бобир йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.
Туркда бош қолмади… қолмади довлар.
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
“бизга тик қарама” буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.
Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зебу забари,
терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
туғингиз деди ёв тескари қараб,
ёвларга терс қараб туғилди бари.
Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирилган — имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бир-бирига душман,
бир-биридан кож.
Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.
Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда…
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.
Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар
саждага бош қўйиб жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.
Борми эр йигитлар, борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

