Лайфстайл

Томошабинлар нафратига дучор бўлган “Муҳташам юз йил” сериали қаҳрамонлари

Томошабинлар томонидан ёқтирилмаган “Муҳташам юз йил” сериали қаҳрамонлари

“Муҳташам юз йил” сериали турк киносида муҳим ўзгариш ясаган лойиҳа бўлди. Ундаги тарихий воқеалар, саройдаги ички курашлар ва актёрларнинг маҳоратли ижроси йиллар давомида томошабинларни ўзига жалб этди. Бироқ сериалда ҳамма бирдек ёқтирадиган образлар бўлмади. Айрим қаҳрамонларнинг ҳар пайдо бўлиши томошабинларда салбий кайфият уйғотди.

Рустам пошо

Рустам пошо сериалда ёвуз, ҳийлакор, иккиюзламачи, аммо зукко ва мақсадга интилувчан шахс сифатида тасвирланади. У ўзининг ақл-заковати ва Хуррам султонга бўлган садоқати билан саройда юқори мартабаларга эришади ва ҳатто Меҳримоҳ султоннинг турмуш ўртоғига айланади. Аммо Рустам фақат ўз манфаатини кўзлаб яшаган инсон эди. Душманлари унинг ҳокимиятдаги обрўсидан эмас, балки ўзгарувчан характеридан қўрқар эди, чунки ундан нимани кутишни ҳеч ким билмас эди.

Гулшоҳ

Сериал бошиданоқ Моҳидаврон султоннинг садоқатли хизматчиси сифатида таништирилган Гулшоҳ дастлаб намунали аёлдек туюлади, чунки у ўз раҳбарига доим содиқ ва фидойи бўлади. Аммо унинг ҳаддан ташқари ташаббускорлиги, ҳар ишга аралашавериши ва узун тили панд беради. У ҳеч қачон ҳалол ёки адолатли бўлмайди, бошқа хизматкорларни эса доим қўрқитишга уриниб келади. Айниқса, Гулшоҳнинг ўч олишга мойиллиги кўпчиликда салбий таассурот уйғотган. Шунинг учун ҳам сериалдаги аянчли тақдирини томошабинлар табиий қабул қилган.

Фотима хоним

Фотима хоним саройга Хорватиядан келиб қолади ва тез орада Топкапи саройидаги шафқациз қоидаларини англаб етади. У Моҳидаврон султоннинг яқин одамига айланиши билан бошқа канизаклар орасида алоҳида обрўга эга бўлади. Айнан Фотима Гулшоҳни сиқиб чиқариб, унинг ўрнини эгаллайди. Моҳидаврон уни содиқ хизматкор деб ўйласа-да, Фотиманинг ўз режалари бор эди: у валиаҳд шаҳзода билан муносабат қуриб, ундан фарзанд кўриш орқали саройдаги мавқейини мустаҳкамлашни истарди. Охир-оқибат у мақсадига эришиб, Мустафодан ҳомиладор бўлади. Лекин шунда ҳам фитна-фасод ишлар қилишни тўхтатмайди. Шаҳзода Фотимадан юз ўгирганида, у буткул ўз йўлидан адашади. Ўғлининг ўлимидан сўнг эса у ўз жонига қасд қилади ва бу фожиага Хуррамни айбдор деб билади.

Ойша хоним

Шаҳзода Мустафонинг яна бир хотинларидан бири Ойша хоним бўлиб, шаҳзодадан қиз фарзанд кўради, аммо сарой фитналарига аралашмайди ва қизини тарбиялаш билан банд бўлади. Шаҳзода Мустафо бошқа аёлларга қараса ҳам, Ойша бунга эътибор бермайди. Айрим ҳолларда рашк билан майда жанжаллар чиқаради, аммо бу бошқа чўрилар қилган ишлар билан солиштирганда арзимас кўринади. Томошабинларга Ойшанинг айнан мана шу бефарқлиги ва пассивлиги ёқмаган. Сериал мухлислари фитналар ва курашларга ўрганиб қолган эди, Ойшанинг қоида асосида яшаши эса зерикарли туюлган. Сериалнинг тўртинчи мавсумида унинг шунчаки ғойиб бўлиши ҳам эътирозларга сабаб бўлган.

Матракчи

Зукко, билимли ва доно Матракчи Насуҳ эфенди сериал давомида кўплаб тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлган, саройдаги муҳим шахсларга яқин турган образ эди. Бироқ томошабинларнинг унга нисбатан муносабати зиддиятли бўлди. Аксарият мухлислар Матракчини юксак ақл эгаси деб билган бўлсалар-да, унинг баъзи қарорлари ва ҳаракатлари жиддий танқидларга сабаб бўлди. Энг катта норозилик Иброҳим пошога нисбатан ҳаддан ташқари садоқати билан боғлиқ. У Иброҳимнинг Нигор билан бўлган яширин муносабатини билиб туриб, барчасини сир сақлайди. Бу эса кўпчилик томошабинлар томонидан “ўзини ҳурмат қилмаслик”, “заиф характер” деб баҳоланди.

Шаҳзода Салим

Шаҳзода Салим — султон Сулаймоннинг ўғли ва кейинчалик Усмонийлар тахтини эгаллаган ҳукмдор. Бироқ у сериал давомида томошабинларнинг энг кўп танқид остига олинган қаҳрамонларидан бири бўлди. Унга нисбатан норозилик фақат сюжет воқеалари билан эмас, балки характерининг заифлиги, қарорларининг шафқацизлиги ва шахс сифатида ишонч уйғотмаслиги билан боғлиқ эди. Сериалда Салим кўпинча қўрқоқлиги, ҳаддан ташқари ичкиликка берилиши ва ҳар доим ўзини оқлашга уриниши билан томошабинларда салбий таассурот уйғотади. У атрофидагиларнинг, айниқса онаси Хуррам ва рафиқаси Нурбону султоннинг ёрдами билан сиёсий майдонда омон қолади. Томошабинлар уни “ўз кучи билан эмас, бошқаларнинг ёрдами билан яшовчи ворис” деб қабул қилишган. Бироқ энг катта танқид — Салимнинг ўз укаси Боязид ва унинг ўғилларини қатл этиш қарори билан боғлиқ. Бу воқеа сериал мухлислари орасида ғазаб ва нафрат уйғотган энг аянчли саҳналардан бири бўлган.

Хадича султон

Султон Сулаймоннинг синглиси Хадича султон дастлаб сериал томошабинларининг кўнглини забт этган образлардан бири эди. У сокин, мулойим, оқила аёл сифатида кўринади — меҳрибон опа, содиқ рафиқа ва садоқатли дўст. Бироқ вақт ўтиши билан у ҳақидаги тасаввурлар кескин ўзгарди. Иброҳим билан бошлаган муносабатлардаги муаммолар туфайли Хадича доимий йиғи, жанжаллар, айбловлар, атрофдагилар билан зиддиятларга учради. Буларнинг бари томошабинларни чарчатди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.