Лайфстайл

“Яқинда мен ўламан, болам...” — Ўткир Ҳошимовнинг бир умрлик армони таъсирида ёзилган асар ҳақида

**“Яқинда мен ўламан, болам...” — Ўткир Ҳошимовнинг бир умрлик армони таъсирида ёзилган асар ҳақида**

“— Шошма, болам... Гап бор.

— Ойижон, шошиб турибман, ишхонага ўтишим керак. Пенсия олишим керак...

— Болам, суратга тушайлик.

— Суратга? Нимага, ойи?

— Яқинда мен ўламан, болам ...”

Ўғил бу сўзларни эшитиб, енгил кулимсиради. Онаси худди қўшниникига чиқиб келадигандек, хотиржамлик билан гапирган эди. Йигит “бунақа деманг” дея кўчага шошилди. Вақт тиғиз, қилинадиган ишлар бисёр эди. У қаёқдан билсин? Орадан роппа-роса бир ҳафта ўтиб, онанинг ўша осойишта башорати ҳақиқатга айланиб, йигитни бир умрлик виждон азобига, кечирим сўрашнинг имкони йўқ бўлган абадий изтиробга мубтало қилишини у қаёқдан билсин?

Ўша шошқалоқ йигит, онасининг сўнгги илтимосини ёшликнинг ғўрлиги сабаб кулги билан қарши олган йигит – келажакда бутун ўзбек халқини ўз онаси олдидаги қарзини эслашга мажбур қила олган, асарлари икки миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов эди.

Биз кўпинча ёзувчиларни баланд минбарлардан туриб халққа ақл ўргатадиган, ҳаётнинг барча жумбоқларини ечишга қодир комил инсонлар қиёфасида тасаввур қиламиз. Аммо чинакам Сўз одами, аввало, ўзининг битмайдиган жароҳатлари, кечиккан пушаймонликлари ва ҳаммадан яширган кўз ёшлари устида униб чиқади. У бошқаларнинг дардини қоғозга тўкади-ю, ўзининг дарди билан бирга мозорга кетади.

Ушбу мақолада ўзбек насрига пичирлаб ҳам ҳайқириқдан баланд чиқадиган сўзи билан кириб келиб, халқининг қонли ва шонли тарихини, энг юпун ва энг покиза туйғуларини икки эшик орасида қолдирган, кулдириб туриб йиғлатиш санъатининг устаси — Ўткир Ҳошимовнинг қисмат йўли ҳақида гаплашамиз.

**Дўмбиробод чанги**

1941-йил 5-август. Иккинчи жаҳон уруши оламни қонга булаётган, одамзотнинг қадри бир сиқим кепакка тенглашган паллада Тошкентнинг Дўмбиробод қишлоғида бир чақалоқ дунёга келди. Унинг томирларида оддий деҳқон эмас, балки ХИХ аср охирларида мустамлакачилар армияси Эски шаҳарни қирғин қилмоқчи бўлганида, генерал-губернатор ҳузурига кириб, хунрезликни тўхтатиб қолган Абулқосимхон эшоннинг (машҳур Абулқосим мадрасаси баниси) қони оқарди.

Отаси Атаулла ака ниҳоятда тажанг, ҳақпараст ва камгап киши эди. Онаси Ҳакима ая эса бутун маҳалла “Пошшо ойи” деб эъзозлайдиган, содда, меҳнаткаш ва халқ лапарларининг тирик хазинаси бўлган аёл эди. Ўткир айнан мана шу икки хил қутб — отасининг муросасиз ҳақиқатпарварлиги ҳамда онасининг чексиз меҳр-шафқати орасида шаклланди.

У болалигидан урушнинг асоратини, муҳтожликнинг захини тортиб ўсди. Аъло баҳоларга ўқиса-да, оилавий шароит туфайли енг шимариб ишлашга мажбур бўлди. Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетида сиртқида ўқиб, “Темирйўлчи”, “Тошкент ҳақиқати”, “Қизил Ўзбекистон” каби газеталарда қора ищи, хат ташувчи, мусаҳҳиҳ бўлиб ишлади. Меҳнат ва қора тер унинг энг биринчи устозига айланди.

**Қаҳҳорнинг нигоҳи ва елкага тушган тоғ**

Ижодга сармаст йигит йигирма бир ёшида (1962-йил) “Пўлат чавандозлар” очерклар тўпламини чиқарди. Аммо уни ҳақиқий ёзувчилар майдонига олиб кирган ҳодиса 1963-йилда ёзилган “Тўрт мактуб” ҳикояси ва унинг асосида яратилган “Чўл ҳавоси” қиссаси бўлди.

Ўша йиллари ўзбек адабиёти майдонида шундай бир қутб бор эдики, унинг битта гапи ё ёш ижодкорни осмонга олиб чиқарди, ё умрбод қаламни ташлашга мажбур қиларди. Бу – сўзни тонналаб олиб, граммлаб сотадиган Абдулла Қаҳҳор эди. Талаба йигитнинг илк асарини ўқиган улуғ адиб унга мактуб йўллади:

“Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади... Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!”

Бу қандай улкан бахт бўлса, шундай улкан юк ҳам эди. Ўткир Ҳошимов бутун умри давомида нимаики ёзмасин, елкаси ортида Қаҳҳор домла тикилиб тургандек, “Хўш, мулла, буёғи қандай бўляпти?” деб дашном бераётгандек ҳис қилиб яшади. Бу масъулият уни чала туғилган асарлар ёзишдан асради. Шу аснода 1970-йилларга келиб “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Нур борки, соя бор” асарлари ёмғирдан кейинги қўзиқориндек эмас, балки асрий чинордек илдиз отиб майдонга чиқди.

У хатоларни асар қаҳрамонлари орқали кўрсатишни билар, уларга нисбатан “шафқациз” эди. “Баҳор қайтмайди” қиссасидаги Алимардон образи бунга яққол мисол. Ўқувчилар ва танқидчилар Алимардонни нега ўлимга маҳкум қилганини сўрашганда, адиб совуққонлик билан шундай дерди:

“Уни мен эмас, ўзи ҳалок қилди. Унда худбинлик билан бирга мардлик ҳам бор. У бировдан мағлуб бўлиб яшагандан кўра ҳаётдан кетишни афзал кўради”.

**Таҳририятдаги шумликлар: 40 сантиметрли қулоқ ва кўрлар**

Ёзувчини фақат ғам-андуҳ ва мудҳиш фожиалар куйчиси деб ўйлаш катта хато бўларди. Ўткир Ҳошимов фавқулодда юмор ҳисси ривожланган, қувноқ ва ҳангоматалаб инсон эди. “Тошкент оқшоми” газетасида адабиёт ва санъат бўлимини бошқарган йиллари (1966-1982) асабларни эговлайдиган, доимий шошинч журналистика муҳитида у ўзининг мутойибалари билан ҳамкасбларига хушкайфият улашиб турарди.

Бир куни у қадрдон дўсти ва ҳамкасби Тўлқин Расуловни боплашга қарор қилади. Телефонда овозини ўзгартиришга ғоят уста бўлган адиб, гўшакни кўтариб, ўзини ТошМИ (Тиббиёт институти) ходими сифатида таништиради ва атайин бўғиқ, салобатли товушда гап бошлайди:

— Бу “Оқшом”ми? Биз ТошМИдан гапиряпмиз. Ахборот керакми?

Ҳар куни “информация” нормасини бажаролмай боши қотиб ўтирган Тўлқин аканинг жонига ором киради:

— Керак! Ҳозир мен қоғоз олиб олай... Айтинг.

Ўткир Ҳошимов бутунлай жиддий оҳангда тарихда мисли кўрилмаган ноёб операция ҳақидаги уйдирмани “диктовка” қила бошлайди: Бўка туманидаги “Авангард” колхози 8-бригадасидан оғир аҳволда келтирилган бемор Боқибоевнинг ёши, оиласи, меҳнатдаги ютуқлари, операцияда қатнашган ўнга яқин профессорлару доцентлар... Ҳатто амалиёт пайтида қўрқиб хушидан кетиб қолган талабагача эринмай санайди. Буларнинг барини қоғозга туширавериб силласи қуриган Тўлқин ака охири тоқати тоқ бўлиб сўрайди:

— Ўзи нимани операция қилишди?

Шунда Ўткир Ҳошимов яна ўша тамомила жиддий оҳангда жавоб қилади:

— Нимани бўларди! Бемор Боқибоевнинг ўнг қулоғи бинойидек бўлган-у, чап қулоғи ўзидан-ўзи чўзилиб кетаверган. Ўсиб-ўсиб, бир ҳафтада 40 сантиметрга етган. Жарроҳлар унинг 33 сантиметрини кесиб, 8 сантиметрини қолдиришди...

Хонада портлаган қаҳқаҳани телефонда Тўлқин Расулов ҳам эшитади ва ҳаммасини тушунади. Зум ўтмай, у хонага кириб келиб, ҳам кулиб, ҳам койиниб шундай дейди: “Қанақа одамсиз? Ёзавериб қўлим оғриб кетди-ку!”.

Адибнинг бундай “шумликлари” битта эмасди. Яна бир гал газетадаги ходимлардан бири ўз мақоласида “Кўр кўрни қоронғида топибди” деган мақолни тасодифан, бироз ноўрин ишлатиб қўяди. Буни ўқиб қолган Ўткир Ҳошимов дарҳол Тўлқин Расулов ва Солиҳ Ёқубовни ёнига чорлаб, янги ҳазил режасини тузади. Телефон орқали мақола муаллифи хонага чақиртирилади. Адиб унга қараб ўта жиддий ва хавотирли қиёфада дейди:

— Оғайни, нима қилиб қўйдингиз? Кўрлар жамиятидан келган делегация бош муҳаррирнинг қабулхонасида ўтирибди. “Ҳукуматимиз кўзи ожизлар ҳақида шунча ғамхўрлик қилаётган бир пайтда, бизни ҳақорат қилишга журъат этган журналистни бир кўриб қўяйлик”, дейишди. Биттаси мени танир экан. “Ўзи яхши йигит, билмасдан ёзибди, ўзимиз танбеҳ берамиз” деб, манави акаларингиз билан бир амаллаб, аранг қайтариб юбордик.

Бу гапларни эшитган шўрлик ходимнинг қўрқувдан ранги докадек оқариб кетади. У адиб ва унинг ҳамкасбларига қайта-қайта миннатдорлик билдириб, бошқа бундай хато қилмасликка сўз беради. Ҳатто, ишдан кейин ушбу “халоскорлари” учун махсус дастурхон ёзиб, зиёфат қилиб берган экан.

Бу воқеалар ёзувчининг нафақат сўз билан инсонларни истаган куйига сола олишини, балки инсон психологиясини, унинг қўрқув ва иштиёқини қанчалик нозик ҳис қилишини ҳам яққол кўрсатиб туради.

**Илоҳий “контакт” ва кўз ёшлар**

Ўткир Ҳошимов ижодни шунчаки касб эмас, илоҳий бир жараён деб биларди. У асар ёзилишини космик кеманинг парвозига қиёслаган:

“Аеронавтика ва космонавтикада ғалати қоида бор. Унинг номи контакт деб аталади... Агар ўша ондаёқ кема мотори гуриллаб ишлаб кетмаса, парвоз бекор қилинади. Бир сония олдин ҳам, бир сония кейин ҳам бўлмаслиги шарт!”

Асарлар унинг ичида ойлаб, йиллаб яшар, бироқ айнан “контакт” тугмаси босилган лаҳзада у дунёни унутар, қоғоз ва қалам билан яккама-якка қоларди. Шундай пайтларда хонадонга мутлақ жимжитлик чўкарди. Турмуш ўртоғи Ўлмасхон ая фарзандларига: “Аданг ишлаяптилар”, деса кифоя эди – ҳовлида пашша учса эшитиладиган даражада осойишталик ҳукм сурарди.

Ёзувчининг асарлари фақат тафаккур эмас, қон ва кўз ёш билан ёзиларди. 1980-йилда унинг ўша фариштамонанд онаси қазо қилди. У бу жудоликни шундай оғир ўтказадики, адабиёцҳунос дўстлари уни чалғитиш ва дардидан халос қилиш учун “Сижжак”ка дам олишга олиб кетишди. Уларнинг “Шу изтиробларингизни қоғозга туширинг, сизда иқтидор бор-ку” деган маслаҳати ўзбек адабиётидаги энг ўқишлиларидан бўлган, ўқувчиларини кўп йиғлатадиган асар — “Дунёнинг ишлари” (1982) пайдо бўлишига туртки берди.

Ёзувчининг рафиқаси Ўлмасхон аянинг эслашича, у ҳаётида турмуш ўртоғининг уч марта ўксиб йиғлаганини кўрган экан. Бири — онаси вафот этганда, иккинчиси — айнан шу асардаги “Оқ мармар, қора мармар” қиссасини ёзиб тугатганда.

Ўткир Ҳошимов ҳақида гапирганда унинг 1986-йилда ёзилган “Икки эшик ораси” романини эсламай ўцак бўлмас. Асар композицияси ва фалсафаси жиҳатидан янги ва юқори ҳодиса эди. Ёзувчининг ўзи айтганидек:

“Одамзод туғилганда битта эшикдан киради, ўлганда иккинчисидан чиқади. Барча тортишувлар мана шу икки эшик оралиғида кечади”.

У бу романни ёзиш жараёнида асар қаҳрамонларининг азобини ўз вужудидан ўтказарди. Бир куни рафиқаси ижодхонага кирса, адиб столда бошини эгиб ўтирибди. Қоғозларга кўз ёши томчилаб тушган. У хотинига қараб:

— Мунавварни ўлдириб қўйдим! — дейдию, ҳовлига чиқиб кетади. Қисқаси, Ҳошимов чинакамига изтироб чекиб ёзилган асар роҳат қилиб ўқилишини ўз тажрибасида исботлаб қўйди. Умар закончи ва Раъно каби образларни шунчалик маҳорат билан ёзадики, китобхон улардан нафратланиш тугул, ҳазар қилиб турган чоғида уларнинг ҳам яшаш мантиғи, ўзининг тескари хақиқатлари борлигини кўрсатиб беради.

**Манқуртлар, “Ўзбек иши” ва қўрқмас таҳририят**

80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошлари. Мустабид тузум қон қусаётган, бироқ ҳали тўлиқ ўлмаган палла. Ўткир Ҳошимов 1985-1995-йилларда “Шарқ юлдузи” журналига бош муҳаррир этиб тайинланди. Бу оддий лавозим эмас, сиёсий ва маънавий майдон эди. Айнан унинг раҳбарлигида 1990-йили журналда Қуръони Каримнинг ўзбекча таржимаси (Алоуддин Мансур таржимаси) чоп этила бошланди. “Атеизм уйи” каби динсиз идоралар буни камситиш деб атаб, журнални ёпишга, таржимани тўхтатишга қанча уринмасин, Ҳошимов ва унинг жамоаси орқага чекинмади.

Адиб ўтган аср охиридаги фожеаларни қоғозга тушириш учун йиллар давомида Афғон уруши ногиронлари, “ўзбек иши” қурбонлари билан гаплашиб материаллар тўплайди, бироқ асар бошланмасди. Бир куни у оғир хасталаниб касалхонага тушди. Шифокорлар зудлик билан операция қилишни талаб қилар, у эса кўнмасди. Маъюс кеч куз оқшоми. Учинчи қават балконида сигарет чекиб турганида, шамол дарахтдан битта хазонни юлиб келиб, унинг оёғи остига ташлади. Ёзувчи хазонни босиб юборди... “қисир” этиб мажруҳ барг майдаланди. Ана шу лаҳза “контакт” ролини ўйнади! Зудлик билан ижодхонасига қайтган адиб роман руҳиятини белгилаб берган ўша машҳур биринчи жумлани ёзди: “Куз – ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди. Оёқ остида касалманд хазонлар инграйди…”

Айниқса, асардаги Комиссар образи орқали ёзувчи тузумнинг асл башарасини очиб ташлади. Комиссар шунчаки салбий персонаж эмас эди, у ўта хавфли, ақлли манқурт, онасидан ҳам воз кечишга тайёр тизим қули эди. Лекин Ҳошимов унга қандай жазо берди? Қамоқми? Ўлимми? Йўқ. Ёзувчи уни тириклайин чиришга, ҳаммадан ажраб, яккамоховга айланишга маҳкум этди. Ўзининг қилмишлари туфайли хотини ўлган, ўғиллари нафратланган, кечалари алаҳсираб чиқувчи тирик мурдага айлантирди. Адиб бу асари орқали совет тузумининг инсонийликка қарши қаратилган йирик жиноятини фош қилиб берди.

**Иккинчи эшикка қараб...**

Умрининг сўнгги йилларигача у қаламини қўймади. Қарийб 40 йил давомида қоғозга тушириб борган хулосаларини жамлаб, “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асарини яратди. Бу китоб ҳақида ўйласам унинг бозор иқтисодиёти ҳақидаги гаплари ёдимга келади:

Кеча алифни калтак деёлмаган атеист бугун минг кишини тўплаб “амри-маъруф” қилса-ю, унга дашном берган ўқитувчиси чой ташиб юрса, ҳайратланмай илож йўқ! Ўша ўқитувчи эртасига мактабни ташласа-ю, “Иппадром”га чиқиб сигарет соца, ҳайратланмай иложим йўқ!

Кеча буюк ихтиролар қилган олим бекатда турса-ю, “контракт” билан ўқишга кирган талаба “иномарка”сида унга лой сачратиб ўца... Чаласавод “ҳофиз” бир соат “ҳанграгани” учун бошидан даста-даста “кўки”дан сочсалар…

Давранинг бир бурчида ўтирган шоир юрак қони билан ёзган ғазаллари тупроққа қоришганидан кўнгли ўксиб издиҳомдан бош эгиб чиқиб кеца... Бунақа бозорга ўт тушиб, алангаси осмонга чиқсин!

Ўткир Ҳошимов адабиётни мўмай даромад манбаи қилиб олган, истеъдодсиз, пулига китоб чиқараётган ноширлар ва ёзувчинамоларни товуққа ўхшатарди: “Ёнғоқдек тухум туғади-да, қақоғлаб оламни бузади!”

Йиллар ўтиб адибимиз “Меҳнат шуҳрати”, “Буюк хизматлари учун” орденларини, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонини олди, бутун бир халқнинг ардоқли ёзувчисига айланди. Бироқ вақт доимгидек ўз сўзини айта бошлади, хасталик эса қаламдан эмас, тўғри ёқадан оларди.

2013-йилнинг 24-май куни. Тошкентнинг осмонида булутлар тарқалган, қуёш заминни иситаётган бир пайтда... Ўткир Ҳошимов ўзи таърифлаган ўша “иккинчи эшик”дан жимгина чиқиб кетди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.