Яқин Шарқдаги уруш кенгаймоқда: Саудия ва ҳусийлар бир-бирига яна авиазарбалар берди

Яқин Шарқда уруш тобора кенгаймоқда: Саудия Арабистони ва ҳусийлар яна бир-бирига авиазарбалар йўллади
Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар 16-сентябр куни тарқатган маълумотга кўра, Саудия самолётлари Яманга зарба берган. Бунга жавобан ҳусийлар Саудия шаҳарларига дрон ва ракеталар учирган. Реутерс хабарига кўра, Яқин Шарқдаги уруш доирасида ҳусийларнинг ҳаракатлари Теҳрон таъсирини янада кучайтирган.
Урушда янги фронт очилгани сабабли АҚШ Саудия Арабистони бўйича огоҳлантириш берди. Ҳукумат ходимларига Яман чегарасидан 32 километр масофада ҳаракатланиш тақиқланди.
Ўтган ҳафтадан бери Қизил денгиз соҳилидаги Яман шаҳарларини эгаллаб, Боб ал-Мандаб бўғозидаги оролларни назоратга олган ҳусийлар янги видео эълон қилди. Унда Саудияга қарашли кучлардан зирҳли техникалар тортиб олингани, осмонда ҳарбий самолётлар учгани ва чўлда портлашлар юз бергани кўрсатилади.
Ҳусийлар ҳарбий матбуот котиби Яҳё Сари гуруҳ Саудия Арабистонининг Янбу нефт портига ҳамда Хамис Мушайтдаги ҳарбий базасига яна дрон ва баллистик ракеталар учирганини айтди. У зарбалар қачон берилганини очиқламади. Саудия Арабистони ушбу шаҳарларда 15-сентябр куни хавф сигнали эълон қилганди.
Аввалроқ Яҳё Сари ҳусийлар Саудиянинг Ф-15 қирувчи самолётини уриб туширганини даъво қилганди. Аммо бу воқеа бўйича ҳеч қандай далил келтирилмади.
Сари Саудия бир ҳафта ичида Яманга 450 тагача авиазарба берганини айтди. Яман жанубидаги ҳукумат расмийлари ҳусийлар позицияларига ҳаво зарбалари берилганини тан олди. Ар-Риёднинг ўзи буни ҳали тасдиқлагани йўқ.
Ҳусийлар бир ҳафта давомида Саудия Арабистони ҳудудига кетма-кет ракеталар учирди. Ўтган ҳафтада Ироқдаги Эронни қўлловчи кучлар ҳужуми сабабли Саудиянинг “Шарқ-Ғарб” нефт қувури ишдан чиққанди. Бу қувур Ҳормуз бўғозини айланиб ўтадиган асосий йўл эди.
Ар-Риёд 15-сентябр куни Маккадан жануброқда ҳусийларнинг дронини уриб туширганини маълум қилди. Расмийлар буни “қизил чизиқ”дан ўтиш деб баҳолади. Яҳё Сари эса Маккага ҳужум қилинганини рад этиб, буни Саудиянинг уйдирмаси деб атади.
Реутерс манбаларига кўра, АҚШ расмийлари дам олиш кунлари Уммонда ҳусийлар билан учрашган. Учрашувда ҳусийлар АҚШ кемаларига ҳужум қилиш нияти йўқлигини ва 2025-йилда эришилган оташкесимга амал қилишини билдирган.
Урушнинг Яманга ёйилиши АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши олти ойдан бери давом этаётган уруши туфайли юзага келган нефт танқислигини янада кучайтириши мумкин. Бу уруш Ҳормуз бўғозида кемалар қатновини тўхтатиб қўйган.
16-сентябр куни Брент нефтининг бир баррели 108 доллар атрофида баҳоланди. Бу май ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир. АҚШда дизел ёнилғиси нархи бир галлон учун 6,30 доллардан ошиб рекорд даражага етди.
Трейдерларнинг таъкидлашича, “Шарқ-Ғарб” нефт қувурининг узоқ вақт ёпиқ қолиши жаҳонда нефт етказиб бериш ҳажмини 4 фоизга камайтириши мумкин. Саудия Арабистони қувур қачон ишга тушишини маълум қилмади. Бироқ АҚШ энергия вазири Крис Райт 15-сентябр куни хом нефт бир неча кун ичида қувур орқали яна оқишини билдирди.

