Саудия валиаҳди Трампга икки марта қўнғироқ қилиб, ҳусийларга зарба беришни сўради

Саудия валиаҳди Трампга икки бор қўнғироқ қилиб, ҳусийларга зарба беришни сўради
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 10-сентябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп билан икки марта телефон орқали боғланиб, уни Яман ҳусийларига қарши зарбалар беришга ундади.
Мурожаатда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийларга Қизил денгиздаги муҳим бўғозга яқинлашаётган пайтда ҳужум қилиш сўралган. Бироқ Трамп бин Салмоннинг чақириғини қабул қилмаган. АҚШ президенти маъмурияти ҳозирча ҳусийларга қарши бевосита аралашувни режалаштирмаган.
10-сентябр куни ҳусийлар Қизил денгиз соҳилидаги стратегик шаҳарни эгаллаб олди. Улар Саудия Арабистонининг нефт экспорти учун муҳим бўлган Боб ал-Мандаб бўғозига яқинлашгани ортидан нефт нархлари кескин кўтарилди.
АҚШ Ямандаги можаронинг кучайиб бораётганидан хавотирда. Шу билан бирга, бевосита ҳарбий аралашувдан қочишга уриниб, Саудия Арабистонига кўмакни кучайтирмоқда.
### Саудия ва ҳусийлар ўртасидаги кескинлик
Томонлар ўртасидаги зиддият Саудия Арабистони июл ойида Эрон самолётининг Сана аеропортига қўнишига тўсқинлик қилгач кучайди. Самолёт бортида Эроннинг собиқ олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг дафн маросимидан қайтаётган юқори мартабали ҳусий амалдорлар бўлган.
Ўша пайтда Муҳаммад бин Салмон Трампдан Сана аеропортига зарба бериш учун сиёсий ёрдам сўраган, аммо ҳарбий ёрдам керак эмаслигини айтган. Трамп эса уни қўллаб-қувватлаган.
Шундан кейин ҳусийлар Қизил денгизда Саудия Арабистони танкерларига ҳужум қилиб, қиролликнинг нефт экспорти учун муҳим йўналишга таҳдид солди. Кейинчалик ҳужумлар Саудия Арабистонининг энергетика обьектларига ҳам йўналтирилди.
Бунга жавобан Саудия ва унинг Ямандаги иттифоқчилари ҳусийларга ҳаво ва қуруқликдан зарбалар берди. Саудиянинг АҚШдан ҳарбий ҳаракат талаб қилиши июл ойида унинг ҳусийлар билан мустақил курашишини айтганидан кескин фарқ қилади. Бироқ зиддият кучайгани сари саудияликлар АҚШдан тобора кўпроқ ёрдам сўрай бошлаган.
### Рад жавоби
АҚШнинг ҳарбий ва фуқаролик расмийлари сўнгги ҳафталарда саудиялик ҳамкасбларига Трамп АҚШ кучларини Эронга ва Ҳормуз бўғозига қаратишни буюрганини билдирган. Унинг кўрсатмаси янги фронт очилишининг олдини олишни назарда тутади. Трамп рад жавобини берганига қарамай, АҚШ Саудия Арабистонига ҳусийлар ва нишонлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этади.
“Тахминан 200 нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси аллақачон Саудия Арабистонида бўлиб, кинетик бўлмаган ёрдам кўрсатмоқда”, деди расмий.
Трамп маъмуриятининг юқори мартабали расмийси АҚШнинг устувор вазифаси Қизил денгизни очиқ ҳолда сақлаш эканини айтди.
“Қўшма Штатлар ўзининг асосий миллий хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилишга, жумладан, Қизил денгизда кемалар қатнови эркинлигини таъминлашга эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, минтақадаги ҳамкорларимизга минтақавий хавфсизлик муаммоларини бошқариш ва ҳал этишда етакчи ролни беришга интилмоқдамиз. Биз минтақадаги барқарорлик масалалари юзасидан Саудия Арабистони ва Яман Республикаси ҳукумати билан доимий мулоқотдамиз”, деди расмий.

