Ҳусийлар Саудиянинг 4 та шаҳрига ҳужум қилди (видео)

Ҳусийлар Саудиянинг 4 та шаҳрига зарба берди (видео)
Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳусийлари 8-сентябр куни АҚШ иттифоқчиси бўлган Саудия Арабистонининг жанубидаги тўртта шаҳарга ҳужум қилди. Натижада 70 дан ортиқ одам жароҳат олди ва нефт обьектларида ёнғинлар юз берди. Реутерс хабарига кўра, бу олти ойдан бери давом этаётган Яқин Шарқ урушининг кескин кенгайганини англатади.
Яман пойтахти ва бир қатор ҳудудларни назорат қилаётган ҳусийлар Саудия ҳудудининг ичкарисида кенг кўламли операция ўтказганини билдирди. Улар дронлар ва ракеталардан фойдаланган. Ҳужумлар Хамис Мушаитдаги ҳарбий-ҳаво базасига, Абҳа, Яман чегарасидаги Нажран ҳамда Қизил денгиз бўйидаги Жазан шаҳарларидаги давлат нефт компанияси обьектларига қаратилди. Жазан йирик нефтни қайта ишлаш заводи ва электр стансиясига эга порт шаҳри ҳисобланади.
Саудия расмийлари обьектларда ёнғин чиққанини тасдиқлади ва яраланган 73 киши орасида аёллар ҳамда болалар борлигини маълум қилди. Бундай кўп сонли жабрланганлар ҳақидаги хабарлар АҚШ ва Исроил феврал ойида Эронга қарши уруш бошлаганидан бери Саудияга қилинган энг йирик ҳужумлардан бири бўлганини кўрсатмоқда.
Ҳусийлар қуюқ тутун ва портлашлар акс этган суратларни тарқатди. Уларнинг айтишича, булар 7-сентябр куни шарқроқда жойлашган бошқа чегара ҳудудида урилган Саудия юк машиналаридир.
8-сентябрга ўтар кечаси ҳусийлар назоратидаги ОАВ Саудия самолётлари Яман пойтахти Санадан шарқда жойлашган Жубаҳ туманига тўртта ҳаво зарбаси берганини хабар қилди.
Августдаги бир ойлик тинчликдан кейин Форс кўрфазида жанглар қайта бошланди. Эрон ва АҚШ бир-бирига қарата ўт очди. Бу эса дунёда нефт нархини июл ойидан бери кузатилмаган даражага олиб чиқди. Брент маркали нефт нархи 8-сентябр куни 2 фоиздан кўпроққа ошиб, бир баррели 99 доллардан ошди.
Ҳусийларнинг Саудия жануби-ғарбига ҳужуми Яқин Шарқнинг энергия таъминотини издан чиқариши мумкин. Бу ҳолат қамал қилинган Ҳормуз бўғозидан ташқарида ҳам урушнинг глобал иқтисодий таъсирини кучайтириши эҳтимоли бор.
Саудия Арабистони ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Яманда ҳусийларга қарши курашаётган араб коалициясига бощилик қилиб келади. Бу уруш сўнгги йилларда тинчиган эди. Аммо сулҳ бузилди ва ҳозир ҳусийлар Қизил денгиз кириш қисмидаги кемаларга таҳдид солмоқда.
Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, охирги уч кун ичида Яман ғарбий соҳили бўйлаб давом этаётган уруш сабабли 18 500 дан ортиқ киши уйини тарк этиб кетган.
“Коалиция бу террорчи гуруҳни тийиб қўйиш учун барча зарур оператив чораларни кўради ва унинг душманона ҳаракатларига қарши қатъий жавоб беради”, дейилади Саудия бощилигидаги коалиция матбуот котиби полковник Туркий ал-Малкийнинг Х платформасидаги баёнотида.
Ҳусийлар матбуот котиби Яҳё Сарий эса Ар Риёдни Яманга ҳаво зарбалари бериш орқали урушни кескинлаштирганликда айблади ва ҳусийлар бунга жавоб қайтаришини айтди.

