Дунё

Саудия Яқин Шарқда янги уруш фронти очиши мумкин — НЙТ

**Саудия Яқин Шарқда янги уруш фронтини очиши мумкин – НЙТ**

Саудия Арабистони Яман ҳусийларига қарши ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга тайёрланмоқда. Қироллик бу қарорга шифохоналар, кемалар, аеропортлар ва нефт обьектларига бир неча ҳафта давомида уюштирилган ҳужумлардан сўнг келди. Бу ҳолат АҚШнинг Эрон ва унинг иттифоқчиси бўлган ҳусийларга қарши урушида янги фронт очиши мумкин. Бу ҳақда Тҳе Нев Ёрк Тимес (НЙТ) нашри манбалар ва таҳлилчиларга таяниб хабар берди.

Исмини ошкор этишни истамаган Саудия расмийси Ар-Риёд тинчликни афзал кўришини, аммо урушга ҳам тайёрлигини ва ҳар қандай восита билан ўзини ҳимоя қилишини билдирди. Агар ҳусийлар ҳужумларни давом эттирса, қироллик Яман ҳукумати ва ҳусийларга қарши коалицияни қўллаб-қувватлаш учун ҳаво зарбалари беришга тайёр бўлади.

НЙТънинг ёзишича, таҳлилчилар Саудия гуруҳни заифлаштиришга ва уни ўзига мақбул шартларда музокара ўтказишга мажбур қилишга уриниши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ, томонлар ўртасида йиллар давомида сақланиб келган мулоқот каналлари узилган.

Вашингтондаги Яман бўйича таҳлилчи Муҳаммад ал-Баша вазиятга изоҳ бериб шундай деди: “Ҳозирги босқичда мен сиёсий ечимни кўрмаяпман. Уруш яқинлашмоқда”.

Ҳусийлар эса ўз ҳужумларини олдини олувчи чора деб изоҳламоқда. Улар Саудия ва Яман ҳукуматларини қуруқликдаги ҳужумга тайёргарлик кўришда айблади. Ҳусийлар вакили Муҳаммад ал-Бухайтий гуруҳ Саудия билан амалда уруш ҳолатида эканини айтди. У кенг кўламли низо келиб чиқса, қиролликдаги барча нефт ва муҳим инфратузилмаларни йўқ қилишга ваъда берди.

Яман ичида ҳам ҳусийлар ва Саудия томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳукумат ўртасидаги тўқнашувлар сўнгги ҳафталарда кескинлашган. БМТнинг Яман бўйича махсус вакили Ҳанс Грундберг БМТ Хавфсизлик Кенгаши брифингида таъкидлашича, Яман бугун 2022-йилги оташкесимдан бери тўлиқ урушга қайтиш хавфига дуч келмоқда.

Ямандаги низо 2014-йил сентябр ойида ҳусийлар пойтахт Санани эгаллаб олгач, бошланган эди. БМТ воситачилигида 2022-йил апрел ойида эришилган сулҳ кейинчалик бир неча бор узайтирилган.

НЙТ хабарига кўра, ҳар икки томонда ҳам ҳарбий кучлар тўпланаётгани сезилмоқда. Халқаро инқироз гуруҳининг катта таҳлилчиси Аҳмад Нағийнинг айтишича, Саудия ҳусийларга қарши гуруҳлар ўртасидаги ҳарбий координацияни яхшилаган ва уларни замонавий қуроллар билан таъминламоқда. Яман ҳукумати президентлик кенгаши аъзоси Абдулла ал-Алимий Санани ҳукумат назоратига қайтариш муқаррар бўлиб қолганини таъкидлади.

Шу билан бирга, нашр Саудияда урушдан қочиш учун сабаблар етарли эканини қайд этмоқда. Янги низо мамлакат молияси ҳамда мудофаа захираларини тугатиши мумкин. Шунингдек, валиаҳд шаҳзоданинг қиролликни бизнес ва туризм марказига айлантириш режаларига хавф солади. Бироқ Нағийнинг сўзларига кўра, ҳусийлар музокарага тайёр эмас ва Эрон манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилмоқда. Экспертлар ва дипломатлар ҳар қандай кескинлашув ўн миллионлаб яманликлар ҳаётини ёмонлаштиришидан хавотирда.

“Ягона аниқ нарса шуки, бунинг бадалини яманликлар тўлайди”, деди Грундберг.

Саудияликлар ва ҳусийлар ўртасидаги зиддият июл ойида янада кескинлашган эди. Ўшанда яманлик гуруҳ Саудиянинг жануби-ғарбидаги Абҳа халқаро аеропортига ҳужум қилганини даъво қилди. Ҳусийлар, шунингдек, Жизан провинсиясига берилган ракеталар зарбаси учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Ар-Риёд эса ўз навбатида Ямандаги ҳусий нишонларига зарба берди. Сўнгги ҳужумлардан бири 24-август куни содир бўлди: гуруҳ Қизил денгиздаги Янбу порти яқинида Саудия нефт танкерига ҳужум қилди.

Бундан ташқари, 20-июл куни Яман ҳусийлари Саудияга қарши денгиз блокадасини эълон қилди. Тҳе Валл Стреет Жоурнал хабарига кўра, Ҳормуз бўғози тўсиб қўйилгач, Саудия нефт экспортини Қизил денгиз соҳилидаги терминаллари орқали, сўнгра Баб ал-Мандаб бўғози орқали Осиё харидорларига йўналтирган эди. Яман орқали ўтадиган Баб ал-Мандаб бўғози ҳам ҳусийлар томонидан тўсиб қўйилиши мумкин.

Бунга жавобан Ар-Риёд Қизил денгизда кемалар қатновини ҳимоя қилиш учун кўпмиллатли денгиз коалицияси тузилганини эълон қилди. Бу коалиция тузилгани эълон қилинган учрашувда таклиф этилган 51 мамлакатдан 43 тасининг вакиллари ҳамда Европа Иттифоқи делегацияси иштирок этди.

Аввалроқ Саудияга Эроннинг икки иттифоқчиси ҳужум қилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, ҳужумлар шимолдан Ироқ жангарилари, жанубдан эса Ямандаги ҳусийлар томонидан амалга оширилиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.