Янги санксиялар: Россиянинг ракета ишлаб чиқариши қийинлашиши мумкин
Европа Иттифоқи Россиянинг қурол-яроғ саноатига қарши рекорд кўламдаги санксиялар жорий этди. Асосий нишон – ракета ва дронлар ишлаб чиқариш учун зарур микрочип, ускуна ва бошқа қисмларни етказиб берувчи корхоналар. Брюссел Россиянинг ҳарбий салоҳиятини чеклаш билан бирга, санксияга тушган компаниялар билан савдо алоқаларига эга АҚШга ҳам билвосита босим ўтказишни кўзлаётгани айтилмоқда.

Янги санксиялар: Россиянинг ракета ишлаб чиқариши қийинлашиши мумкин
Уруш бошланганидан буён жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қўлланган энг йирик чекловлардан бири бўлган ушбу чоралар 1 569 та субьектни қамраб олди. Шулардан 826 таси компания ва бошқа юридик шахслар, 743 таси эса жисмоний шахслардир. Шу тариқа санксиялар рўйхатидаги субьектлар сони қарийб 3 мингдан 4 600 тага чиқди. Бу қарийб 50 фоизлик ўсишни англатади. Қарорнинг жуда қисқа муддатда қабул қилингани ҳам диққатга сазовор. Санксияларнинг асосий нишонларидан бири — Россия армиясини қурол-яроғ, ракета ва дронлар ишлаб чиқариш учун зарур ускуналар билан таъминлаб келаётган компаниялар. Улар орасига Горкий шаҳри номи билан танилган Нижний Новгороддаги ГАЗ автомобил заводи ҳам киритилган.
Шунингдек, Россиянинг никел саноатидаги айрим корхоналар, Москва ва Санкт-Петербург темирйўл тизимига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда Россия қуролли кучлари учун муҳим бўлган радиочастота ва алоқа технологиялари билан шуғулланувчи компанияларга ҳам чекловлар қўлланган.
Дастлаб санксиялар рўйхатига киритилиши режалаштирилган компаниялардан бири Эстониянинг талаби билан рўйхатдан чиқарилган. Бунга мазкур корхонанинг Эстония учун муҳим хомашё етказиб берувчи манба экани сабаб бўлган.
Янги чекловлар санксияга тушган компанияларнинг Европа Иттифоқидаги активлари ва банк ҳисобварақларига таъсир қилиши, уларнинг Европа билан иқтисодий алоқаларини чеклаши мумкин. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ушбу компаниялар билан савдо қиладиган учинчи давлатлардаги ҳамкорларга босимни кучайтиришга уриниши мумкин. Хусусан, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлар орқали амалга ошириладиган савдо алоқаларига ҳам бу тааллуқли.
Мазкур қарорни Россияга қарши молиявий босимни кучайтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.
У Европа Иттифоқининг навбатдаги, 22- ва 23-санксиялар пакетларини ишлаб чиқишига ҳам замин яратиши мумкин. Бироқ бу қарорнинг яна бир муҳим жиҳати бор: у АҚШга ҳам билвосита босим ўтказиш воситаси бўлиши мумкин. Маълумотларга кўра, санксияга киритилган компанияларнинг қарийб 100 таси АҚШ билан савдо алоқаларига эга. Европа Иттифоқи шу орқали Вашингтоннинг Россияга нисбатан санксия сиёсатида юмшаш эҳтимолига қарши ўз позициясини мустаҳкамлашга уринаётган бўлиши мумкин.
АҚШнинг айрим чекловларни вақтинча юмшатиши ёки бекор қилиши эҳтимоли фонида Европа Иттифоқининг бу қарорини олдиндан кўрилган иқтисодий ва сиёсий чора сифатида ҳам талқин қилиш мумкин. Демак, янги санксиялар нафақат Россия иқтисодиёти ва ҳарбий-саноат мажмуасига, балки трансатлантик ҳамкорлик доирасидаги санксия сиёсатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Санксиялар пакети қамрови бўйича рекорд даражага етди. Унинг асосий нишонларидан бири — ракета ишлаб чиқариш занжирида қатнашадиган ўрта бўғиндаги корхоналар. Бу корхоналарда жами 250 мингдан ортиқ киши ишлайди. Шунингдек, уларнинг раҳбарлари ҳам санксияга тортилди. Жисмоний шахсларга нисбатан қўлланган 743 та чеклов ҳам шулар жумласидан.
Демак, бу сафарги чекловларнинг асосий эътибори нафақат йирик компанияларга, балки ракета ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган микрочиплар ва бошқа муҳим қисмларни етказиб берувчи ўрта бўғиндаги корхоналар ҳамда уларнинг раҳбарларига қаратилган.
Бундан ташқари, Россия Давлат думаси сайловларида Украинанинг Россия босиб олган Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя вилоятлари номидан қатнашган 77 нафар шахсга ҳам санксиялар жорий этилди.

