Россияга қарши «дўзахий санксиялар» ва АҚШнинг эҳтимолий уруш жинояти – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Россияга қарши «дўзахий санксиялар» ва АҚШнинг эҳтимолий уруш жинояти – кун дайжести
Яқин Шарқда тобора кенгайиб бораётган уруш глобал нефт таъминотига янги хавф туғдирмоқда. Пайшанба куни Саудия Арабистони ва Ямандаги ҳусийлар бир-бирига янги зарбалар берди.
Ҳусийлар Саудия ҳаво зарбалари Қизил денгиз қирғоғига яқин Ҳажжаҳ вилоятига ҳамда Таиз атрофидаги ҳудудларга берилганини маълум қилди.
Яманнинг бутун Қизил денгиз қирғоғини назорат қилаётган ҳусийларнинг айтишича, Саудия кучлари сўнгги кунларда юзлаб авиазарбаларни амалга оширган. Бир кун аввал ҳусийлар Саудиянинг Ф-15 қирувчи самолёти уриб туширилганини билдирганди.
Саудия Арабистони эса Тоиф шаҳрида дрон уриб туширилганини хабар қилди. Дрон қолдиқлари тушиши оқибатида подшоҳликда яшовчи Яман фуқароси ҳалок бўлган. Бу ўтган ҳафтада жанглар кескинлашганидан бери Саудия томонидан эълон қилинган илк ўлим ҳолатидир. Аввалроқ 80 дан ортиқ киши жароҳатлангани айтилганди.
Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, сўнгги тўқнашувлар сабаб 100 мингдан ортиқ яманлик, асосан, Яман ичида ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Эрон Муҳофизлар корпуси эса Ҳўрмуз бўғозидан «ноқонуний ўтишга» уринган Того байроғи остидаги танкер зарбага учраб, ёниб кетганини билдирди.
Ҳусийларга қарши урушга киришни рад этган Трамп эса Эронга қарши ҳужумларни қайта бошлаш масаласида ҳал қилувчи паллада эканини айтди.
«Олдимда катта қарор турибди. Мен у ерга кириб, уларни яксон қилмоқчиманми ёки йўқми? Бу катта қарор. Мендан ҳар нарса кутиш мумкин», деди Трамп Ахиосъга берган интервюсида. Трамп аввал ҳам Эронга қарши амалга ошмаган, янги йирик ҳужумлар билан таҳдид қилганди.
Июн ойида эришилган вақтинчалик келишув барбод бўлгач, АҚШ ва Эрон ўртасида ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаяпти. АҚШ Давлат департаментининг билдиришича, уруш келаси ҳафта БМТ Бош ассамблеясида муҳокама қилинади ва унда Эрон делегацияси қатнашади.
АҚШ Вакиллар палатаси 17-сентабр куни Россияга қарши «дўзахий санксиялар» ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Украинапараст сенатор номи билан аталган ушбу ҳужжатни Сенат август ойидаёқ тасдиқлаганди.

