Худоёрхон ўрдасида кўнгилочар тадбир ўтказилган учун музей директорига ҳайфсан берилди
Қўқондаги Худоёрхон ўрдасида Маданий мерос агентлиги билан келишилмаган ҳолда ъЧопон партйъ кўнгилочар тадбири ўтказилгани аниқланди. Ҳолат ортидан Қўқон музей-қўриқхонаси директорига ҳайфсан берилди. Агентлик обьектдаги ҳар қандай тадбир унинг маданий аҳамиятига мувофиқ ўтиши кераклигини эслатди.

Худоёрхон ўрдасида кўнгилочар тадбир ўтказилгани учун музей директорига ҳайфсан берилди
Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси ҳовлисида кўнгилочар тадбир ўтказилгани акс этган видеолар тарқалди. Маданий мерос агентлиги ушбу ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.
Аниқланишича, 3-октабр куни ўрда ҳудудида “A.klub” номи остида бир гуруҳ аёллар иштирокида “Чопон партй” ташкил этилган. Мазкур тадбир Қўқон давлат музей-қўриқхонаси раҳбарияти томонидан Маданий мерос агентлиги билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда ўтказилган.
Агентлик давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарида ўтказилиши режалаштирилаётган маданий-маърифий, оммавий ҳамда бошқа тадбирлар белгиланган тартибда агентлик билан келишилиши шартлигини билдирди.
“Давлат музей-қўриқхонаси ҳудуди маданий мерос обьекти сифатида алоҳида муҳофаза қилиниши лозим. Шу сабабли, мазкур ҳудудда ҳар қандай тадбирни ташкил этишда обьектнинг маданий аҳамияти, унинг тарихий қиёфасини асраш, муҳофаза қилиш ва фойдаланиш талабларига қатъий риоя этилиши шарт”, — дейилади хабарда.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Қўқон давлат музей-қўриқхонаси директори М. Мавлонқуловга хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани сабабли Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.
Агентлик келгусида маданий мерос обьектлари ва музей-қўриқхоналар ҳудудида тадбирларни белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ ташкил этиш бўйича назорат чоралари кучайтирилишини билдирди.

