Маҳаллий

Худоёрхон тахтини тиклаш учун махсус материаллар харид қилинган — Маданий мерос агентлиги

**Худоёрхон тахтини қайта тиклаш учун махсус материаллар сотиб олинди – Маданий мерос агентлиги**

Ижтимоий тармоқларда Қўқондаги Худоёрхон мажмуасида ўрнатилган тахт ҳақида хабарлар тарқалгач, Маданий мерос агентлиги ушбу ҳолатга изоҳ берди.

Агентликнинг маълум қилишича, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган тахт музей экспонати эмас. У 2018-йилда "Қўқон шамоли" тарихий филмини суратга олиш учун реквизит сифатида тайёрланган. Суратга олиш ишлари тугагач, тахт Катта саломхонадаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида вақтинча қолдирилган.

Ҳозирда Худоёрхон саройининг тарихий қиёфасига мос келадиган тахт нусхасини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 2024-йил май ойида музей раҳбарияти Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажига ташриф буюрган ва тахтнинг асл нусхаси у ерда сақланмаслиги аниқланган.

Тахтни қайта тиклаш учун тарихий манбалар ва мавжуд ҳужжатлар ўрганилмоқда. Ишларда фойдаланиш учун Қирғизистон тоғларида ўсувчи махсус қора ёнғоқ дарахтидан материаллар харид қилинган.

Тахтни безаш ва унга ишлов бериш бўйича Эроннинг Малоир шаҳри усталари билан алоқа ўрнатилган. Ёғоч ўймакорлиги ишларини эса ўзбекистонлик уста Мирзо Юнус Умаров бажариши режалаштирилган.

Агентликнинг таъкидлашича, тарихий манбалар ва илмий асослар асосида тахтнинг муносиб нусхасини яратиш мураккаб ва кўп босқичли жараён. Ишларни 2028-йил охиригача якунлаш режалаштирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.