Маҳаллий

“Маданий меросни миллат билан эмас, қадрият билан ўлчайлик”. Маданий мерос агентлиги Алишер Қодировнинг эътирозларига яна жавоб қайтарди

“Маданий меросни миллат билан эмас, қадрият билан ўлчайлик”. Маданий мерос агентлиги Алишер Қодировнинг эътирозларига яна жавоб берди

Маданий мерос агентлиги “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси, депутат Алишер Қодировнинг маданий мерос обьектларининг ҳолати ҳақидаги эътирозларига яна муносабат билдирди.

Агентликнинг маълум қилишича, Қодиров Сармишсойдан ташқари тилга олган обьектлар ва кўтарган масалалар бўйича аввал партия ёки фраксия номидан расмий депутатлик сўрови келиб тушмаган.

Сармишсой бўйича эса 2025-йилда Алишер Қодиров бощилигидаги ищи гуруҳ ўрганиш ўтказгани айтилди. Шу ўрганиш натижаларига кўра, депутат К.Тожиев агентлик директорига депутатлик сўрови киритган ва унга белгиланган тартибда расмий жавоб берилган.

Миздаҳқон, Шоҳи Зинда, Бухородаги Қуръон қўлёзмаси ва Мингтепа бўйича ҳам илгари расмий депутатлик сўрови бўлмагани билдирилди. Шунга қарамай, агентлик бу масалалар юзасидан жамоатчиликка маълумот берганини қайд этди.

### Сармишсойга 4,2 млрд сўм буджет маблағи йўналтирилган

Агентликка кўра, Сармишсойда маданий мерос обьектларини муҳофаза қилиш, ташриф буюрувчилар учун шароит яратиш ва туристик инфратузилмани ривожлантириш учун давлат буджетидан 4,2 млрд сўм ажратилган.

Бу маблағлар ҳисобига иккита кириш дарвозаси, ахборот марказлари, петроглифларга олиб борувчи 2,5 километрлик пиёда йўлаги, бешта соябон, автотураргоҳ, қуёш энергиясида ишловчи тунги ёритиш тизими, видеокузатув камералари ва бошқа инфратузилма обьектлари барпо этилган.

Бундан ташқари, агентлик жамғармасидан яна 1,2 млрд сўм ажратилган. Ушбу маблағ эвазига ташриф буюрувчилар маркази ва дара бошланиш қисмида назорат пункти ташкил этилмоқда.

Шу асосда агентлик “Сармишсойга миллиардлаб маблағ сарфланди, аммо агентлик ҳеч қандай иш қилмади” деган хулоса амалга оширилган ишлар ва ажратилган маблағлар билан тасдиқланмаслигини билдирди.

### Миздаҳқон ва Шоҳи Зинда бўйича изоҳ

Миздаҳқон мажмуасида 2017-йилда давлат бюджетидан 800 млн сўм ажратилиб, Мазлумхон Сулув, Мадаминхон, Қирқ чўпон ва Шомун Набий мақбараларида таъмирлаш-реставрация ишлари бажарилган. 2024-йилда Мазлумхон Сулув мақбарасига яна 290 млн сўм йўналтирилган. Ражаб Халифа масжид-мақбарасида консервация ва археологик тадқиқотлар ўтказиш учун 80 минг долларлик грант жалб қилинган.

Шоҳи Зинда мажмуасининг кириш пештоқи 2022—2023-йилларда Полша мутахассислари иштирокида ўрганилган. Агентликка кўра, пештоқнинг вертикал ўққа нисбатан оғиши аввалдан мавжуд бўлиб, қайта ўлчовларда янги сезиларли деформация аниқланмаган.

Хусусан, дастлабки ўлчовларда чап томонда 46 сантиметр, ўнг томонда 31 сантиметр оғиш қайд этилган. Қиёсий ўлчовларда эса чап томондаги оғиш 4 миллиметрга, ўнг томондаги оғиш тахминан 8 миллиметрга камайган.

### Бухородаги Қуръон қўлёзмаси қаерда сақланмоқда?

Агентлик Алишер Қодиров тилга олган Қуръон қўлёзмаси “Бухоро” давлат музей-қўриқхонасининг Арк қўрғони биринчи қаватидаги фонд сақлаш хонасида сақланаётганини маълум қилди.

Қўлёзманинг ҳолатини барқарорлаштириш, уни консервация қилиш ва зарур реставрация ишларини ташкил этиш учун халқаро мутахассисларни жалб этиш режалаштирилган. Жумладан, мутахассис Аксел Делонини жалб қилиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда. У 2023-йилда Ўзбекистон—Франсия ҳамкорлиги доирасида Катта Лангар Қуръонининг айрим саҳифаларини реставрация қилиш ишларида ҳам қатнашган.

### Мингтепадаги ерлар масаласига ҳам муносабат билдирилди

Агентлик Мингтепа атрофидаги айрим ерлар 2006-йилда, обьект 2019-йилда миллий рўйхатга киритилишидан олдин боғ ва узумзорлар ташкил этиш учун ажратилганини билдирди.

Жумладан, 1,12 гектар ер бир фуқарога 50 йил муддатга ижарага берилган, яна 26 гектар ер 21 нафар фуқарога ажратилган.

2020-йилда Марҳамат тумани ҳокимлигидан боғ ва узумзорлардан фойдаланувчиларга муқобил ер ажратиш масаласида амалий ёрдам кўрсатиш сўралган. Ёдгорлик ҳудудида қишлоқ хўжалиги ишларини олиб борган 22 нафар фуқарога огоҳлантириш берилган. Ҳозирда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда.

Шунингдек, Мингтепани муҳофаза қилиш ва музейлаштириш учун 2024 ва 2025 йилларда 1,2 млрд сўмдан, жами 2,4 млрд сўм давлат маблағи йўналтирилган.

### Бобур кўчасидаги уйга буджетдан маблағ сарфланмаган

Агентлик Қодиров аввалроқ “қайсидир рус рассомининг уйи” деб атаган Тошкент шаҳри Бобур кўчаси, 7-уйдаги бино масаласига ҳам яна тўхталди.

Маълум қилинишича, 1935-йилда қурилган бино Тошкентда фаолият юритган таниқли меъмор Алексей Щусев номи билан боғлиқ. Турли йилларда ушбу бинода Ўзбекистон илм-фани ва маданияти ривожига ҳисса қўшган олим ва профессорлар яшаган.

2020-йилда агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши обьектни Миллий рўйхатга киритишни маъқуллаган. 2021-йилда эса обьектни Миллий рўйхатдан чиқариш масаласи кўриб чиқилиб, рад этилган.

Агентлик мазкур обьектга республика бюджетидан ҳозирга қадар маблағ сарфланмаганини таъкидлади.

Шунингдек, агентлик обьектнинг сақланишини таъминлаш масаласида Бош прокуратурага расмий мурожаат қилган. Унда Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018-йил 30 октябрдаги 1550-сон қарорига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда обьектнинг бузилиши ёки шикастланишининг олдини олиш чораларини кўриш сўралган.

“Маданий меросни миллат билан эмас, қадрият билан ўлчайлик”, — дейилади агентлик муносабатида.

Агентлик 2026-йилнинг биринчи ярмида реставрация, таъмирлаш, реконструксия ва археологик тадқиқотларга 79,4 млрд сўм йўналтирилганини ҳам маълум қилди. Шундан 77,6 млрд сўм ёки 97,7 фоизи ўзлаштирилган.

60 та маданий мерос обьектини реставрация ва таъмирлаш бўйича шартномалар тузилган, 28 та обьект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда, 39 та обьект бўйича ижобий экспертиза хулосалари олинган.

“Фактлар бузиб кўрсатилганда, агентлик ҳужжатлар билан жавоб беришга ҳақли”, — дейилади муносабатда.

Агентлик парламент ва жамоатчилик олдида ҳисобот беришга тайёрлигини ҳам билдирган. Агар парламентда ҳисобот сўралса, белгиланган тартибда барча маълумотлар, ҳужжатлар ва амалга оширилган ишлар тақдим этилиши айтилган.

Аввалроқ Алишер Қодиров Тошкент шаҳри Бобур кўчаси, 7-уйда жойлашган маданий мерос обьектини сақлаб қолиш масаласини танқид қилиб, Сармишсой, Шоҳи Зинда, Миздаҳқон, Мингтепа ва Бухородаги қадимий Қуръон қўлёзмаси ҳолати бўйича ҳам саволлар кўтарган эди.

Маданий мерос агентлиги бунга жавобан маданий мерос обьектининг қиймати унинг кимга ёки қайси миллат вакилига боғлиқлиги билан эмас, тарихий ва маданий аҳамияти билан белгиланилишини билдирган.

Шундан сўнг Қодиров агентликнинг муносабатига жавоб қайтариб, кўтарилган масалалар юзасидан парламент сўрови ёки эшитуви ваколатидан фойдаланишга ҳаракат қилишини айтган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.