Абдулла Қаҳҳор уй-музейи таъмирлаш учун йил охиригача ёпилди
Тошкентдаги Абдулла Қаҳҳор уй-музейи таъмирлаш ва модернизация ишлари сабабли 31-декабргача ёпилди. Бу даврда музей экспонатлари хавфсизлигини таъминлаш учун Ўзбекистон давлат санъат музейига вақтинча кўчириб турилади.

Абдулла Қаҳҳор уй-музейи таъмирлаш ишлари учун йил охиригача ёпилди
Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган Абдулла Қаҳҳор уй-музейи фаолияти 21-сентабрдан 31-декабргача вақтинча тўхтатилди, дея хабар бермоқда Маданий мерос агентлиги.
Маълум қилинишича, бу даврда таъмирлаш-тиклаш ҳамда модернизация ишлари олиб борилади. Жараён давомида, жумладан, музей экспозициясидаги ашёларни хавфсиз тарзда демонтаж қилиш, фонддаги экспонатларнинг бут сақланишини таъминлаш ва уларни махсус хоналарга жойлаштириш чоралари кўрилади.
Барча музей ашёлари мутахассислар иштирокида Ўзбекистон давлат санъат музейига вақтинча кўчирилади. Ишлар тугагач, барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда экспонатлар уй-музейга тўлиқ қайтарилади.
Ашёларни кўчириш ва қайта жойлаштириш жараёни қонунчиликда белгиланган тартибда топшириш-қабул қилиш далолатномалари асосида амалга оширилади, дейилади хабарда.
Аввалроқ пойтахтдаги Юнус Ражабий уй-музейи ҳам 2027-йил 30-майига қадар ёпилганди.

