Маҳаллий

Хоразмда тошдан қурилган яшиксимон қабрлар топилди

Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида илгари номаълум бўлган қадимий қабристон топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, бронза даврига мансуб деб баҳоланаётган ёдгорликда 19 та тош қабр, бронза буюмлар ва мунчоқлар аниқланган.

Хоразмда тошдан бунёд этилган яшиксимон қабрлар аниқланди

Бу топилма Хоразм Маъмун академияси археологик экспедициясининг дала тадқиқотлари чоғида қайд этилди

Ёдгорлик ҳудудида тошдан қурилган яшиксимон қабрлар топилган. Уларда жасадлар ғужанак ҳолатда дафн этилган бўлиб, марҳумлар ёнига турли дафн буюмлари, жумладан, бронза ашёлар ва мунчоқлар қўйилган.

Мутахассислар бундай мажмуалар қадимги аҳолининг маданияти, дафн маросимлари ва ижтимоий тасаввурлари, шунингдек, турли ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ҳақида маълумот беришини таъкидлашмоқда.

Дафн маросими ҳамда айрим топилмаларнинг дастлабки таҳлили Жанубий Қозоғистоннинг Сирдарё ҳавзасида аниқланган дафн иншоотлари билан муайян ўхшашликлар борлигини кўрсатди.

Бу ўхшашликлар бронза даврида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларида яшаган аҳоли ўртасида маданий алоқалар ва умумий анъаналар мавжуд бўлганидан далолат бериши мумкин. Бироқ ёдгорликнинг аниқ даври ва маданий мансублиги ҳақидаги якуний хулосалар материаллар комплекс ўрганилгандан кейин чиқарилади.

Айни пайтда академия мутахассислари экспедицияда тўпланган материалларни дастлабки қайта ишлаш ва ҳужжатлаштириш билан банд.

Кейинги босқичда қабрлар, инсон қолдиқлари ва дафн анжомларини батафсил ўрганиш, зарур лаборатория тадқиқотларини ўтказиш режалаштирилган. Натижалар ёдгорлик санасини аниқлаштириш ҳамда унинг Хоразм ва туташ ҳудудлардаги бронза даври археологик маданиятлари орасидаги ўрнини белгилашга ёрдам беради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.