Маҳаллий

Сурхондарёда қадимий қабристон ва археологик ашёлар топилди

Сурхондарёда қадимий қабристон ва археологик ашёлар аниқланди

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида жойлашган Озод ёдгорлигида археологик қазув-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги маълум қилди.

Тадқиқотлар Й.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ҳамда Хитойнинг Шимоли-ғарбий университети Ипак йўли археологияси тадқиқот маркази ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Қазиш ишлари жорий йилнинг 15-августида бошланган.

Озод ёдгорлиги 2023-йилда Сурхондарё ҳавзасининг шарқий қисмида ўтказилган дала-қидирув ишлари чоғида аниқланган. У Озод қишлоғининг жануби-шарқида, Далварзинтепа ёдгорлигидан қарийб 6 километр жануби-шарқда жойлашган.

Майдони тахминан 200 га 100 метр бўлган ёдгорлик ҳудудида 100 га яқин қабр топилган. Жорий йилда унинг жануби-ғарбий қисмидаги 10 дан ортиқ қабрда археологик тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Дастлабки натижаларга кўра, қабрларнинг тузилиши ва улардан аниқланган археологик ашёлар Сополли маданияти ёдгорликларига хос белгиларни кўрсатмоқда.

Радиокарбон таҳлиллари ҳамда топилмаларнинг қиёсий-типологик ўрганилиши асосида ёдгорлик милоддан аввалги 1700–1500-йилларга оид деб баҳоланмоқда.

Озод ёдгорлиги Сурхондарё ҳавзасида аниқланган энг қадимги қабристонлардан бири саналади. У минтақадаги қадимги дафн анъаналари шаклланиши ва ривожланиш босқичларини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга.

Ҳозирда ёдгорликда археологик дала-қазув тадқиқотлари давом этмоқда.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Бобуртепа археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида қадимий бино қолдиқлари ва унинг ғарбий деворида ишланган ноёб деворий сурат топилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.