Сурхондарёда 4 минг йиллик ипакчилик излари топилди
Сурхондарё вилоятидаги Сополлитепа ёдгорлигидан қарийб 4 минг йил аввал ипакчилик мавжуд бўлганини кўрсатувчи далиллар топилди. Олимлар аниқлаган қадимий пилла ва тут дарахти қолдиқлари Марказий Осиёда ипак ишлаб чиқариш тарихи ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириши мумкин.

Сурхондарёда 4 минг йиллик ипакчилик излари топилди.
“Народное слово” газетасининг хабар беришича, олимлар Сурхондарё вилоятидаги бронза даврига оид қадимий деҳқонлар манзилгоҳи – Сополлитепадан топилган ашёларни ўрганишди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институти мутахассислари халқаро тадқиқотчилар гуруҳи билан ҳамкорликда ҳудуддан топилган учта қадимий пилла парчасини таҳлил қилдилар. Микроморфологик ва протеом таҳлиллари ушбу пилла қолдиқлари хонаки тут ипак қуртига тегишли эканини тасдиқлади. Радиоуглерод таҳлили эса топилмалар милоддан аввалги 1940–1765-йилларга, яъни бундан қарийб 4 минг йил аввалги даврга оид эканини кўрсатди.
Археологлар худди шу маданий қатламдан тут дарахти қолдиқларини ҳам аниқладилар. Маълумки, тут барги ипак қурти учун асосий озуқа ҳисобланади. Олимларнинг фикрича, пилла ва тут дарахти қолдиқларининг бир жойдан топилиши Сополлитепа аҳолиси бронза давридаёқ ипак етиштириш ва унга ишлов бериш технологияларидан хабардор бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Топилмалар Марказий Осиёда ипак ишлаб чиқариш технологиясининг тарқалиш тарихи ҳақидаги мавжуд қарашларга янги маълумотлар қўшиши мумкин. Шу билан бирга, кашфиёт Буюк ипак йўлининг шаклланиши билан боғлиқ умумқабул қилинган санани – милоддан аввалги ИИ асрни ўзгартирмайди. Бироқ у ипак маҳсулотлари ва уларни ишлаб чиқаришга оид билимлар алмашинуви Буюк ипак йўли шаклланишидан қарийб икки минг йил аввал бошланган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Тадқиқот натижалари Ссиенсе Адвансес илмий журналида чоп этилган.

