Маҳаллий

Хоразмда бронза даври қабристони топилди

Қазишмалар давомида тошдан қурилган 19 та яшиксимон қабр қайд этилиб, уларнинг ичидан ғужанак ҳолда дафн

**Хоразмда бронза даврига оид қабристон аниқланди**

Хоразм Маъмун академиясининг археологик экспедицияси Тупроққалъа туманида муҳим топилма юзасидан иш олиб борди. Ҳудудда илгари илм-фанга номаълум бўлган, дастлабки хулосаларга кўра бронза даврига мансуб қабристон аниқланган.

Мазкур ёдгорликдаги дафн иншоотларининг тузилиши олимлар эътиборини алоҳида тортмоқда. Қазишмалар жараёнида тошдан бунёд этилган 19 та яшиксимон қабр қайд этилди, уларнинг ичидан ғужанак ҳолатда дафн қилинган жасадлар топилди. Шунингдек, қабрлардан турли буюмлар, жумладан, бронза ашёлари ва мунчоқлар ҳам қазиб олинди.

Аниқланган мажмуа Хоразмнинг қадимги тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга. Чунки дафн ёдгорликлари минтақанинг қадимги аҳолиси маданияти, дафн маросимлари, ижтимоий тасаввурлари ҳамда турли ҳудудлар аҳолиси ўртасидаги алоқалар ҳақида муҳим маълумотлар беради.

Дафн маросими ва топилмаларнинг айрим турларини дастлабки таҳлил қилиш натижалари Жанубий Қозоғистоннинг Сирдарё ҳавзаси ҳудудларида аниқланган дафн иншоотлари билан маълум ўхшашликлар борлигини кўрсатмоқда. Бундай параллелликлар илмий жиҳатдан алоҳида қизиқиш уйғотади ва бронза даврида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларида яшаган аҳоли ўртасида маданий алоқалар ҳамда ўхшаш анъаналар бўлганидан далолат бериши мумкин. Шу билан бирга, ёдгорликнинг хронологияси ва маданий мансублиги бўйича якуний хулосалар археологик материаллар комплекс ўрганилгач чиқарилади.

Ҳозирда Академия мутахассислари экспедиция давомида олинган материалларни дастлабки қайта ишлаш ва ҳужжатлаштириш ишларини олиб бормоқда. Келгусида дафн иншоотлари, антропологик материаллар ва дафн анжомларини батафсил ўрганиш, шунингдек, зарур лаборатория тадқиқотларини ўтказиш режалаштирилган. Олинган натижалар ёдгорликнинг санасини аниқлаштириш ҳамда уни Хоразм ва унга туташ ҳудудлардаги бронза даври археологик маданиятлари тизимидаги ўрнини белгилаш имконини беради.

Маълумот учун: Марказий Осиёда бронза даври тахминан милоддан аввалги ИИИ минг йилликнинг охиридан милоддан аввалги ИИ минг йилликнинг охиригача (тахминан милоддан аввалги 2200–900-йиллар) давом этган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.