Хоразмда йил охиригача 39 минг нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланади

Хоразм вилоятида жорий йил якунига қадар 39 минг нафар ишсиз фуқарони доимий иш билан таъминлаш ҳамда 81 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш кўзда тутилган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 162 минг нафар аҳолининг даромадлари оширилган, 29 минг киши доимий ишга жойлаштирилган, шунингдек, 37 минг нафар фуқаронинг норасмий бандлиги қонунийлаштирилган.
Бундан ташқари, 28,9 мингта кам таъминланган оиладаги 126,6 минг нафар аҳолига 40 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилди. Натижада “Ижтимоий реестр”га киритилган 29 мингта оиладаги 127 минг нафар аҳолининг расмий даромади ва моддий аҳволи яхшиланди. Вилоятда камбағаллик даражаси йил бошидаги 6,7 фоиздан 3,9 фоизга пасайди.
Ҳозирги кунда Хоразмда 39 минг нафар ишсиз фуқаро ва 102 минг нафар меҳнат мигранти мавжуд. Вилоятда 50 мингдан зиёд вакансия бўлишига қарамай, зарур малакага эга кадрлар етишмаслиги сабабли уларнинг бир қисми бўш қолмоқда.
Шу боис, касб-ҳунарга ўқитиш тизимини меҳнат бозори эҳтиёжлари билан боғлаш, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида амалий тайёргарликни кучайтириш вазифаси қўйилди. Университетларда ҳам талабаларнинг касбий ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган машғулотларни ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш мақсадида вилоятга жами 6,4 триллион сўм йўналтирилган. Тижорат банкларининг 2,1 триллион сўмлик ресурслари ҳисобидан маҳаллалардаги лойиҳаларга 1,5 триллион сўм кредит ажратилган.
Йил охиригача саноат, хизмат кўрсатиш, туризм, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларидаги лойиҳалар ҳисобига янги иш ўринлари яратилади. Микросаноат марказларида 250 та янги корхона ташкил этиш, 36 та кооперацияга 15,8 мингта кам таъминланган оилани жалб қилиш ва 2,5 мингта микролойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, 12 та таянч ва 38 та ёндош маҳаллада 70 та “локомотив” лойиҳа амалга оширилиб, 1,1 мингта иш ўрни яратилади. Тадбиркорлик лойиҳаларига 650 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Хоразмда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ҳам таклифлар ишлаб чиқилади. Президент эҳтиёжманд аҳоли билан ишлаш механизмларини қайта кўриб чиқиш ва ҳар бир инсонга индивидуал ёндашиш зарурлигини таъкидлади.

