Маҳаллий

Хоразмда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев Урганч туманидаги «Тилло домор» корхонасида сутни қайта ишлаш жараёни ва янги ишлаб

Хоразмда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми оширилади. Президент Шавкат Мирзиёев Урганч туманида жойлашган «Тилло домор» корхонасининг янги ишлаб чиқариш мажмуасига ташриф буюриб, сутни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Ушбу корхона сут етиштириш салоҳияти юқори бўлган Хоразм вилоятида маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган муҳим лойиҳалардан биридир.

Умумий қиймати 11 миллион долларни ташкил этувчи корхона йилига қарийб 100 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқариш мажмуаси Болгариядан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.

Ҳозирда бу ерда пишлоқ, қаймоқ, сметана, творог, қатиқ ва кефир каби 70 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари тайёрланмоқда. Хомашё ҳар куни 100 дан зиёд фермер хўжалиги ва аҳолидан сотиб олинади.

Корхонада 120 та иш ўрни яратилган бўлиб, ишлаб чиқариш мажмуасида 100 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ҳам ўрнатилган.

Келажакда корхонада яна 100 та янги иш ўрни ташкил этиш ва маҳсулот турларини кўпайтириш режалаштирилган. Аҳоли ва фермерлардан хомашёнинг мунтазам харид қилиниши чорвачилик билан шуғулланувчилар учун барқарор сотув бозорини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида 1200 га яқин қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда. Бу корхоналарнинг кўпайиши маҳаллий хомашёни саноат усулида қайта ишлаш ва қўшилган қийматни ошириш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Президент маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, бундай корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш, маҳсулот турлари ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.