Самарқандда ҳовлисидан ер қазиётган фуқаро бронза даврига тегишли қабр қолдиқларини топди

Самарқандда ҳовлисида ер кавлаётган фуқаро бронза даврига оид қабр қолдиқларига дуч келди
Самарқанд вилояти Паяриқ тумани Дарвозағаза қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро ўз ҳовлисида қазиш ишлари олиб бораётганида қадимий буюмларга рўбарў бўлди. Қазиш пайтида инсон суяклари билан бирга бронзадан ишланган билакузуклар, турли тақинчоқлар ва майда мунчоқлар ҳам топилган.
Фуқаро бу топилма ҳақида Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтига маълум қилган. Институт мутахассислари воқеа жойига бориб, топилмаларни кўздан кечирган ҳамда барча археологик ашёларни белгиланган тартибда расмийлаштириб, илмий тадқиқот учун қабул қилиб олган.
Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидовнинг дастлабки кузатувларига кўра, топилган бронза билакузукларнинг айримлари конуссимон учлари ва спиралсимон безаклари билан ажралиб туради. Уларнинг шакли ва безак хусусиятлари бронза даврининг сўнгги босқичида яшаган дашт чорвадор қабилалари маданиятига хос тақинчоқларга жуда ўхшайди.
Одатда бундай ёдгорликлар милоддан аввалги ХИИИ–Х асрларга мансуб бўлиб, Андроново – Тозабоғёб маданий доираси билан боғланади. Бироқ ҳозирча топилманинг аниқ даври ва маданий мансублиги қатъий белгиланмаган. Бу масалага махсус археологик қазишмалар, антропологик тадқиқотлар ҳамда металл буюмларнинг лаборатория таҳлилларидан сўнг аниқлик киритилади.

