Археологлар Самарқанд яқинидаги ибодатхона харобалари орасидан қадимий ҳайкал бошини топишди

Археологлар Самарқанд яқинидаги ибодатхона харобалари орасидан қадимий ҳайкал бошини топишди
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида археологлар илк ўрта асрларга оид гипс ҳайкал бошини топишди. Артефакт Қўрғонтепа ёдгорлигидаги қадимий ибодатхона қолдиқлари орасидан аниқланди.
Қазиш ишлари Самарқанд археология институти ходимлари томонидан олиб борилмоқда. Маданий мерос агентлиги хабарига кўра, ҳайкалнинг юз тузилиши, соч турмаги ва бошқа деталлари олимларга қадимги Сўғд санъати ва ибодатхона безакларини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Ишлар давомида археологлар хоналар қолдиқлари ва бошқа топилмаларни ҳам аниқлашди. Улар ибодатхонанинг тузилиши ва вазифаси, шунингдек, бу ерда ўтказилган диний маросимлар ҳақида янги маълумотлар бериши мумкин.
Қўрғонтепа илгари ҳам муҳим кашфиётлар макони бўлган. 2024 йилда ушбу ибодатхона қолдиқлари орасидан тўрт қўлли маъбуд тасвирланган деворий сурат, шунингдек, лойдан ясалган ҳайкалнинг қўл ва оёқ қисмлари топилган эди.
Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов, шунингдек, 2027 йилдан бошлаб археологик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили грант шаклида 25 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Бу маблағлар, биринчи навбатда, ёш археологларнинг лойиҳаларига йўналтирилади.

