Хитой Ҳиндистон билан баҳсли чегара ҳудудида ўз позициясини кучайтирмоқда (фото)

Хитой Ҳиндистон билан баҳсли чегара ҳудудида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда (фото)
Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги чегара ҳудудида жойлашган олис қишлоқларда аҳоли хавотирга тушган. Маҳаллийлар Хитой ҳарбийлари уларни аждодларидан мерос қолган ов ва яйлов ерлардан сиқиб чиқараётганини айтмоқда.
Тҳе Индепендент қўлга киритган сунъий йўлдош суратлари Аруначал Прадеш штатидаги баҳсли чегара яқинида ҳарбий инфратузилма жадал кенгаяётганини кўрсатди. Тасвирларда янги бинолар, йўллар, техникалар ва вертолёт майдончалари яққол кўринади.
Жанес разведка компанияси таҳлилчиларига кўра, бу обьектларнинг айримлари икки давлат ҳам ўзига тегишли деб ҳисоблайдиган баҳсли ҳудуд ичида жойлашган. Таҳлилчилар Ёхан Субансири водийсида 2019-йилдан бери қурилиш ишлари давом этаётганини билдирди. У ерда семент заводи ўрнатилган ва ҳарбий базага ўхшаш иншоотлар қурилган.
Бундан ташқари, 2026-йил феврал ва август ойлари оралиғида янги транспорт йўллари ҳамда каттароқ вертолёт майдончалари ишга туширилган.
Бу хабарлар Хитой раиси Си Сзинпиннинг БРИСС саммити доирасида Ню Деҳлига ташрифи арафасида пайдо бўлди. Деҳли ва Пекин чегарадаги вазият барқарорлигини таъкидлаб, кескинлик борлигини инкор этишга уринмоқда. Аммо маҳаллий аҳоли ва жамоат ташкилотлари берган маълумотлар бутунлай бошқача манзарани кўрсатади.
Тагин талабалар уюшмаси ва маҳаллий фаоллар чегара яқинидаги Таксинг ва Гелемо қишлоқларида уч кунлик суриштирув ўтказди. Улар тайёрлаган ҳисоботга кўра, Ҳиндистон армияси ортга чекинмоқда, Хитой ҳарбийлари эса олдинга силжимоқда.
Шунингдек, 2026-йил июнидан бошлаб маҳаллий аҳолига яйловлар ва муқаддас зиёратгоҳларга бориш Хитой армияси томонидан тақиқланган. Қишлоқларда электр энергияси, йўл ва шифохоналар йўқлиги сабабли аҳоли чегара ҳудудларини тарк этишга мажбур бўлмоқда.
“Бу эса Хитой ҳарбийларига бўшаб қолган ерларни осонлик билан эгаллаб олиш учун шароит яратмоқда”, дейилади хабарда.
Маҳаллийлар ҳукуматдан ерларни ҳимоя қилиш учун қурол беришни сўрамоқда ва ўзларини мамлакатнинг “кўзи ҳамда қулоғи” деб атамоқда.
Жаваҳарлал Неру университети эксперти Хитойнинг бу ҳаракатларини “салями (колбаса) кесиш” стратегияси деб баҳоламоқда. Бунда мамлакат бирданига катта уруш бошламайди, балки аста-секин, кичик қадамлар билан нейтрал ёки баҳсли ҳудудларни эгаллаб боради.
Ҳиндистон армияси бу хабарларни асоссиз деб рад этган бўлса-да, Деҳли чегара муаммоси икки мамлакат алоқаларига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Пекин расмийлари эса вазият назорат остида эканини билдирди.
Август ойида Хитой ва Ҳиндистон икки давлат ўртасидаги Ҳимолай чегарасида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, шунингдек, чегара масаласини адолатли ва ўзаро мақбул тарзда ҳал қилишга интилишини яна бир бор тасдиқлаб, 8 банддан иборат келишувга эришганди.

