Сиёсат

Хитой ва Ҳиндистон чегара ҳудудларида тинчликни сақлашга келишиб олди

Хитой ва Ҳиндистон чегара ҳудудларида тинчликни сақлашга келишиб олди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекинда бўлиб ўтган юқори даражадаги чегара музокараларидан сўнг маълум қилди.

Икки давлат ўртасидаги Ҳимолай чегарасида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, шунингдек, чегара масаласини адолатли ва ўзаро мақбул тарзда ҳал қилишга интилиш яна бир бор тасдиқланди. Музокаралар якунида 8 банддан иборат келишувга эришилди.

Келишувга кўра:

* Чегара масалалари бўйича қўмондонлар даражасидаги учрашувлар ўтказиладиган яна иккита пункт ташкил этилади.

* Чегаранинг шарқий ва марказий қисмларида иккита янги ҳарбий "ишонч телефони" йўлга қўйилади.

* Чегарани делимитация қилиш ва уни бошқариш масалаларини илгари суриш учун иккита ищи гуруҳ тузилади.

* Чегараолди савдоси ва саёҳатларни ривожлантириш, чегара ҳудудларида мулоқот, тинчлик ва ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга келишилди.

* Томонлар сентябр ойида трансчегаравий дарёлар бўйича экспертлар даражасидаги навбатдаги музокараларни ўтказади ҳамда гидрологик маълумотлар алмашинуви ва тегишли меморандумларни янгилаш масалаларини муҳокама қилишда давом этади.

Музокараларда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ва Ҳиндистон Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Ажит Довал иштирок этди. Икки давлат ўртасидаги Ҳимолай чегараси узоқ йиллардан бери баҳсли бўлиб келмоқда.

Аввалроқ ХХР раиси Си Сзинпин сентябр ойида Ню Деҳлида бўлиб ўтадиган БРИСС саммитида иштирок этиши ва етти йил ичида илк бор Ҳиндистонга бориши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Ҳиндистон 12–13-сентябр кунлари саммитга мезбонлик қилади. Икки давлат 2020-йилдаги Ҳимолай чегарасидаги тўқнашувлардан кейин бир неча йил ҳарбий қарама-қаршиликда бўлган, 2024-йил октабрида эса қўшинларни ажратиш бўйича келишувга эришган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.