Сиёсат

Хитой билан «абадий дўстлик»: Сенат қонунни маъқуллади

Сенат Марказий Осиёнинг беш давлати ва Хитой ўртасидаги Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжат савдо, инвестиция, транспорт, энергетика ва рақамли технологиялар соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.

Хитой билан «абадий дўстлик»: Сенат қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати 3-октабр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда “Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани (Остона, 2025-йил 17-июн) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни маъқуллади.

Мазкур шартнома “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида имзоланган илк кўп томонлама халқаро ҳужжат бўлиб, Марказий Осиё давлатлари ҳамда ХХР ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни белгилайди.

Унда давлатларнинг суверен тенглиги, ҳудудий яхлитлиги, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойиллари асосида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш назарда тутилган.

Шунингдек, ҳужжатда сиёсий мулоқот механизмларини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-коммуникация алоқаларини кучайтириш, энергетика, саноат кооперацияси, рақамли технологиялар, “яшил” тараққиёт ва гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш белгиланган.

Сенат хабарига кўра, шартноманинг амалга оширилиши Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини барпо этиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, “Электрон Ипак йўли” савдо платформасини ривожлантириш каби муҳим лойиҳалар учун янги имкониятлар очади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.