Ўзбекистон ва Озарбайжон Абадий дўстлик тўғрисида шартнома имзолади
Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида Абадий дўстлик шартномасини имзолади. Қолаверса, давлат раҳбарлари ҳузурида пенсия, маданият, туризм ҳамда шаҳарлараро биродарлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган баённомалар тасдиқланди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Олий давлатлараро кенгаш учинчи йиғилишининг қарорини имзоладилар.
Озарбайжон ОАВ томонидан эълон қилинган шартнома матнида томонлар халқаро ҳуқуқнинг умумий эътироф этилган тамойиллари ва нормаларига амал қилган ҳолда, ўз муносабатларини абадий дўстлик, ўзаро ишонч, стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асослашларини тасдиқлайди.
Шунингдек, томонлар ўз миллий воқеликка мос келадиган ривожланиш йўллари ва моделларини танлашда бир-бирларини, шунингдек, ўзларининг туб манфаатларига дахлдор асосий масалалар бўйича бир-бирларининг позицияларини қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
Мамлакатлар бир-бирининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зарар етказадиган ҳар қандай блок ёки иттифоқларда иштирок этмаслик, шунингдек, бир-бирига қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракатларда қатнашмаслик мажбуриятини олдилар. Томонлар, шунингдек, учинчи мамлакатлар томонидан ўз ҳудудларидан бошқа томоннинг давлат суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зарар етказиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўймайди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, ҳуқуқий ҳамкорликни, савдо-иқтисодий, гуманитар, маданий алоқаларни, шунингдек, турли соҳалардаги қўшма лойиҳаларни мустаҳкамлаш ниятида. Улар, шунингдек, ўзаро боғлиқ транспорт тизимини мустаҳкамлаш учун шароит яратишга келишиб олдилар.
Шартномада томонлар низоларнинг олдини олиш ва уларни ҳал қилиш ҳамда минтақавий ва глобал хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этишда БМТнинг марказий ролини мустаҳкамлашга содиқликларини тасдиқладилар.
Номуайян муддатга тузилган ҳужжатда у учинчи давлатларга қарши қаратилмагани ва томонлар аъзоси бўлган бошқа икки томонлама ва кўп томонлама шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмаслиги таъкидланади.
Давлат раҳбарлари ҳузурида, шунингдек, бошқа ҳужжатлар ҳам имзоланди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари бир-бирини икки мамлакатнинг олий давлат орденлари билан мукофотлаган эди. Шавкат Мирзиёев “Ҳайдар Алиев” ордени, Илҳом Алиев эса “Олий даражали дўстлик” ордени билан тақдирланди.

