Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди

Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди
Бугун, 23-август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди. Музокараларда икки давлат стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Озарбайжон етакчисининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлаган.
“Саммит якунида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бунинг тасдиғи бўлади. Энг муҳими, стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизнинг ҳар бир банди аниқ натижалар ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топади”, деган Ўзбекистон Президенти.
Таҳлилларга қараганда, сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ортган. Энергетика, кимё, кончилик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Мулоқотда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилган. Аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган дастур қабул қилинаётгани мазкур муҳим маррага эришиш учун мустаҳкам замин яратиши билдирилган.
“Йиғилиш доирасида янги кооперация лойиҳаларини бажаришга старт берилади. Бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция компанияси маблағларини фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди”, дейилади хабарда.
Йиғилишда давлат раҳбарлари маданият, таълим, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олди.
Қайд этилишича, бугун Низомий Ганжавий номидаги Миллий педагогика университетининг янги биноси очилади ҳамда Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишлари бошланади. Учрашувда икки халқни янада яқинлаштириш мақсадида “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ўртасидаги адабий кўприк” мавзусида қўшма кинофилм яратиш таклиф этилган.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. Йиғилишда Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг ахборотлари тингланган. Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга қаратилган “йўл харитаси”ни қабул қилишга қарор қилинган.
Якунда банк-молия, қурилиш материаллари, таълим, нефт-газ, туризм, уй-жой қурилиши, тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга старт берилди.
Илҳом Алиев рафиқаси ҳамроҳлигида Ўзбекистонга келгани хабар қилинганди.

