Вирусли мавсум бошланди: кузда иммунитетни кучайтириш учун 4 муҳим тавсия

Вирусли мавсум бошланди: кузда иммунитетни кучайтириш учун 4 муҳим тавсия
Куз — вирусли касалликлар ҳужумини кучайтирадиган давр бўлиб, бу пайтда иммунитет тизими ҳимояга муҳтож бўлади. Совуқ ҳаво бошланганда уни самарали қўллаб-қувватлашнинг бир нечта йўли бор. Иммунитетни қандай мустаҳкамлашни билсангиз, касалликлар ҳақида хавотир олишга ҳожат қолмайди. Бунинг учун бир нечта оддий қоидаларга амал қилиш кифоя.
**Яхши ва етарли даражада ухланг**
Ҳар бир инсон болалигидан соғлом уйқу саломатликнинг калити эканини билади. Касал бўлиб қолганимизда нега инстинктив равишда тўшагимизни тарк этишга шошилмаслигимиз ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Гап шундаки, уйқу вақтида танамизда бир қатор гормонлар, хусусан, танамизнинг асосий ҳимоя ҳужайраларидан бири — лимфоцитларнинг фаоллашувида иштирок этадиган ўсиш гормони ва мелатонин ажралиб чиқади. Шу сабабли қаттиқ уйқуга кетган пайтимизда иммунитетимиз бизни вирус ва бактериялардан фаол ҳимоя қилади.
Шунинг учун қулайроқ ёстиқ сотиб олиш ва ўзимизни камида етти соатлик сифатли тунги уйқу билан таъминлаш керак. Уйқуга ётишдан олдин хонани шамоллатиш лозим, чунки юқори кислород миқдори мия қон айланишига ёрдам беради.
Сиркад ритмлар шаклланиши учун ўзингизни ҳар доим бир хил вақтда ухлашга одатлантириш жуда муҳим. Шунда организмнинг ўзи уйқу учун зарур бўлган соатлар сонини белгилайди. Масалан, тикланиш учун айрим кишиларга етти соат, бошқаларига эса саккиз соат керак бўлади. Айтганча, бу айниқса мигрен билан оғриганлар учун бош оғриғининг олдини олишнинг яхши усули ҳисобланади.
**Тўғри овқатланиш**
Организмни барча турдаги озиқ моддалар — оқсиллар, ёғлар ва углеводлар билан таъминлаш жуда муҳим. Куз мунтазам парҳезлар учун энг яхши вақт эмас.
Бундан ташқари, рационга кўпроқ витаминлар қўшиш керак, масалан, ўтли дамламалар, мевалар, янги узилган сабзавотлар ва ёнғоқлардан фойдаланиш мумкин. Аввало, янги узилган мева ва сабзавотларни, айниқса мавсумий витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг.
Мева ва сабзавотлар ҳар кунги овқатланиш рационида бўлиши керак, шунда организм витаминлар билан таъминланади ва иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Масалан, С витамини организмда тўпланмайди, яъни уни ҳар куни овқат билан бирга олиш керак.
**Спорт — саломатлик ва яхши кайфият гарови**
Спорт билан шуғулланиш қонимизни кислород билан бойитиши, чидамлиликни ривожлантиришга ёрдам бериши ва стресс даражасини камайтириши исботланган. Агар спорт билан шуғулланиш учун вақтингиз бўлмаса, пиёда юришни одатга айлантиринг.
Бундан ташқари, аероб ва анаероб машқларни навбатма-навбат алмаштириш жуда фойдали. Спорт залида ва тоза ҳавода машқ қилганда турли мушак гуруҳлари стрессни бошдан кечиради. Бу кислороднинг турлича тўйинганлиги билан боғлиқ. Бундай алмашиниш нафақат мушак тўқималарининг уйғун ривожланишини таъминлайди, балки вазн йўқотиш жараёнига ҳам ҳисса қўшади.
**Йиллик эмланишни ўтказиб юборманг**
Ҳар бир инсон ёрдамга муҳтож ва иммунитетимиз бундан мустасно эмас. Ўз вақтида эмланиш туфайли сиз иммунитет тизимини заифлашган ва бутунлай хавфсиз патогенлар билан “таништириш” орқали касаллик бошланишининг олдини самарали олишингиз, шунингдек келажакда унинг совуқ мавсумда ҳақиқий патогенлардан фаол ҳимояланишга тайёрлигини оширишингиз мумкин.
Гриппга қарши эмлаш учун энг мақбул вақт — кузнинг боши, яъни сентабр ва октабр ойлари. Тўлиқ ҳимоя шаклланиши учун камида 2-4 ҳафта кераклигини ҳисобга олиш лозим.
Вирусли мавсум арафасида ҳар йили гриппга қарши эмланиш ва пневмониянинг асосий қўзғатувчиси — пневмококка қарши ҳар беш йилда бир марта эмланиш тавсия этилади. Бундан ташқари, янги коронавирус инфексиясига қарши реваксинациядан ўтиш керак.
Гриппга қарши эмланиш нафақат вирусга қарши иммунитетни шакллантиради, балки соғлом инсонларда ҳам, юрак-қон томир тизимининг мавжуд касалликлари бўлган инсонларда ҳам юрак-қон томир тизимини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшади.
Америка кардиологлар ассоциацияси маълумотларига кўра, гриппга қарши ваксина олган юрак хасталиги бор беморларда ўлимга олиб келадиган оқибатлар хавфи гриппга қарши ваксина олмаганларга қараганда 18 фоизга кам бўлган. Бошқа касалликлардан ўлим хавфи 28 фоизга, гриппга қарши эмланганларда эса юрак муаммоларини бошдан кечириш хавфи 13 фоизга камайган.

