Кузни хавотирсиз қарши оламиз: салқин мавсумда иммунитетни кўтариш бўйича тавсиялар

Кузни хавотирсиз кутиб олиш: салқин мавсумда иммунитетни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар
Куз фасли тақвимда эмас, балки организм қуёш нури камайганини, кундалик тартиб бузилганини ва одатий ишларга қувват етишмаётганини ҳис қилган пайтдан бошланади. Бундай кунларда кўпчилик чарчоқни енгиш учун бирданига барча чораларни кўришга киришади: йўл-йўлакай кофе ичиш, "куз келди, дорихонадан витамин олиш керак" деб, турли детокс дастурлари ва иммунитетни тезда кўтаришни ваъда қилувчи рекламадаги ранг-баранг биологик фаол қўшимчаларни харид қилишга шошилиш шулар жумласидандир.
Бироқ шифокорлар чиройли реклама ўрамлари ва маркетинг ҳийлаларини четга суриб, масалага тиббий нуқтайи назардан ёндашишни тавсия этади. Аслида, куз фаслида организмга биз ўйлаганчалик кўп нарса керак эмас.
Иммун тизими маълум бир фаслда уйғониб, кейин ухлаб қоладиган механизм эмас, у йил бўйи тинимсиз ишлайди. Аммо кузда ҳаво совиши билан унинг барқарор ишлаши учун организмда ҳақиқатан ҳам керакли моддалар етарли эканига ишонч ҳосил қилиш лозим.
Кузда организм учун энг зарур бўлган витаминлар:
**Д витамини энг муҳимларидан биридир**
У нафақат суяклар, балки бутун иммун тизими учун ниҳоятда зарур бўлиб, тана касалликларга қарши курашиш қобилиятини тартибга солишда бевосита иштирок этади. Куз ва қиш ойларида кунлар қисқариб, қуёш нури камайиши натижасида бу витамин етишмовчилиги кўп кузатилади. Шифокорларнинг таъкидлашича, Д витаминини меъёрида сақлаб туриш ўткир респиратор инфексиялар (шамоллаш) хавфини сезиларли даражада камайтиради.
**С витамини**
Ушбу витамин иммун тизими ҳужайраларининг фаоллигини оширади ва танани турли инфексиялардан ҳимоя қилади. Шифокорлар С витаминини дорилардан эмас, балки кундалик оддий таомлардан олишни маслаҳат беришади. Ширин булғор қалампири, киви, ситрус мевалар — апелсин, лимон, резаворлар, карам ва брокколи бу моддага бой.
**Синк**
Синк минерали иммун ҳужайраларининг тўғри ишлаши ва организмдаги яллиғланиш жараёнларининг олдини олиш учун зарур. Илмий изланишлар синкнинг маълум шакллари шамоллаш давомийлигини қисқартириши мумкинлигини кўрсатади.
**Кузда иммунитетни мустаҳкамлашни нимадан бошлаш керак?**
Шифокорларнинг таъкидлашича, барча дори-дармонлардан ҳам муҳимроқ бўлган бир олтин қоида бор: иммун тизимини фақат битта "сеҳрли" витамин ёки дори билан кучайтириб бўлмайди. Организмга А, С, Д, Э, Б гуруҳи витаминлари, темир, синк ва селен каби кўплаб моддаларнинг ҳаммаси бирдек зарур. Уларнинг танқислиги саломатликка салбий таъсир қилиши рост, бироқ бу кузда дорихонадаги барча дори ва қўшимчаларни харид қилишингиз керак дегани эмас.
Энг аввало, кундалик овқатланиш рациони ва турмуш тарзига эътибор қаратиш, зарурат туғилганда шифокор кўригидан ўтиб, қайси модда етишмаётганини таҳлиллар орқали аниқлаш лозим.
Куз фасли биздан зудлик билан дорилар ёрдамида иммунитетни қутқаришни талаб қилаётгани йўқ. У шунчаки организм ҳар куни тўхтовсиз ишлашини эслатиб қўймоқда. Танага фақатгина кофе, тугамайдиган ишлар ва ижтимоий тармоқлардаги чиройли ваъдаларни эмас, балки у ўзини тиклай оладиган ҳақиқий ёрдамни бериш керак. Булар — ўз вақтида ва етарлича ухлаш, жисмоний ҳаракат, хилма-хил таомланиш ҳамда табиий витаминлардир.

