Узун сочли қизнинг узун армонлари
Менинг болалигим Сирдарёнинг юраги - Гулистон шаҳрида, ундаги 10-мактабнинг қадрдон синфхоналарида ўтган. Ўша пайтларда кичкинагина

**Узун сочли қизнинг узун армонлари**
Менинг болалигим Сирдарёнинг юраги — Гулистон шаҳрида, у ердаги 10-мактабнинг азиз синфхоналарида кечган. Ўша кезларда кичик шаҳримизнинг тўрт томони ям-яшил, чексиз пахта далалари билан ўралган эди. Гўё бутун олам шу далалардан иборатдек, ҳаётимиз ҳам уларга боғлаб қўйилгандек туюларди.
Биз ҳали суяги қотмаган бешинчи синф ўқувчилари эдик. Баҳор келиши билан мактабни унутиб, ғўза чопиғи ва ягана каби оғир дала ишларига чиқардик. Кузда эса ўқиш ҳаёти бутунлай тўхтаб қоларди. Режа ва мажбуриятлар олдида болалик ҳуқуқимиз, китоб-дафтарларимиз ўз қадрини йўқотарди. Биз мактаб ўқувчиси эмас, лой ва тупроқ кечиб меҳнат қиладиган чин дала ищисига айланардик.
Йиллар ўтиб, орзуларим мени Тошкент давлат университетининг журналистика факултетига олиб келди. 1976 йили талаба бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Аммо олий маълумот сари йўл ҳам барибир ўша таниш далалардан ўтарди. Ҳар куз ўқиш тўхтар, бизни Сирдарёнинг сувсиз, шамол уввос солган чекка чўлларига жўнатишарди. У ерларда бир-икки ой эмас, нақ уч-тўрт ойлаб қолиб кетардик.
Биз совуқ ва зах баракларда яшардик. Тез-тез чўл шамоли кўтарилиб, барак деворларидаги тирқишлардан кирар, суякларимиздан ўтиб кетарди. Тонг саҳарда, ҳали қуёш чиқмай туриб, совуқдан қалтираганча далага йўл олардик. Кун бўйи белимизга оғир этакларни боғлаб, эгилиб пахта терардик.
Муҳаммаджон Бобожонов, Мухтор Худойқулов, Анвар Каримов, Сайди Умиров, Абдулла Сайфуддинов, Бойбўта Дўстқораев каби меҳрибон домлаларимиз бизга худди ўз фарзандидек куюнишарди. Аҳволимизни кўриб ичлари ачиган бўлса керак, «Яқинда Тошкентга қайтамиз, режа тўлишига оз қолди», деб бизга таскин беришарди. Энди ўйласам, улар ҳам ўша даврнинг қаттиққўл тизими олдида ожиз бўлишган экан.
Ўша пайтларда қизларнинг сочлари узун эди, аммо уларни парваришлаш учун ҳеч қандай шароит йўқ эди. Қизлар қийналмасин деб, жонкуяр домлаларимиз ҳар ҳафтада бир кунни бизга соч ювиш ва ўзимизга қараш учун дам олиш куни қилиб беришарди. Бу кун биз учун дунёдаги энг катта байрам эди. Барак орқасида олов ёқиб, челакларда сув иситардик. Ўшанда сочларимиз жуда узун эди, аммо қалбимиздаги соғинч, дардлар ва эртанги кунга бўлган орзуларимиз ундан ҳам узунроқ эди.
Пахта даласи биз учун фақат меҳнат жойи эмас, балки бутун бир авлоднинг дарду ҳасратлари кўмилган макон эди.
Бир куни далада пахта тераётганимда, мени соғиниб кўргани келган энажонимнинг айтган гаплари ҳануз қулоғимдан кетмайди, юрагимни эзади. Мунисгинам дала четидаги этак устига оҳиста ўтириб, кўзларида ёш билан шундай дегандилар:
— Бизнинг-ку бутун умримиз шу далаларда лой кечиб, пахта териш билан ўтди, болам. Мана, сизларнинг ҳам энг гўзал ёшлигингиз шу азобларда, шу пахтазорларда ўтяпти. Наҳотки кейинги авлодларнинг ҳам пешонасига шу оғир меҳнат ёзилган бўлса?
Бу ўй мени ҳам ич-ичимдан кемирарди. Йиллар ўтиб, ўзим она бўлдим. Фарзандларим мактабга чиққанида эса ўша қўрқув ва ҳасрат мени яна таъқиб қила бошлади. Мактабдан пахтага отланаётган болаларимнинг ортидан қараб, ичимдан бир йиғи келарди.
«Наҳотки замон ҳеч қачон ўзгармаса? Наҳотки менинг набираларим ҳам мана шу „штаб“, „норма“, этак ва зах баракларнинг азобини кўрса?» деб тунлари Худога нола қилардим.
Биз замон ва тизим мажбур қилган занжирлар ичида яшадик. Аммо инсон ҳеч қачон умидсиз яшамас экан. Интизор кутилган ўша ёруғ кунлар барибир келди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси билан халқнинг тинкасини қуритган мажбурий меҳнатга, болалар меҳнатига бутунлай чек қўйилди. Жуда тўғри йўл танланди — давлат далани эмас, болани танлади!
Бу шунчаки янгилик эмас, бу — миллатимиз келажагини, болаларимизни қутқариш эди. Болалик пахта далаларида бой берилишдан, ёшлик оғир меҳнатда хазон бўлишдан омон қолди. Пахтадан кўра инсон қадри устун экани исботланди.
Бугун менинг кўзимнинг оқию қораси бўлган бахтли набираларим бор. Улар мутлақо бошқача, эркин ва фаровон дунёда вояга етяпти. Уларга қараб, юрагимдан шукроналик туйғуси ўтади: набираларимнинг тилида «пахта сурони», «барак», «штаб», «этак» ёки «норма» каби оғир хотираларни эслатувчи сўзлар умуман йўқ. Улар бу сўзларнинг маъносини ҳам билишмайди, чунки бундай аччиқ кунларни кўришмади.
Бугунги ёшларнинг луғати бутунлай бошқача: «рақамли технология», «инновация», «инглиз тили», «халқаро олимпиада»...
Бугун набираларим учун шинам ва иссиқ мактаблар, компютерхоналар, тўгараклар ва чексиз имкониятлар эшиги очиқ. Давлатимиз уларга фақат ўқиш, изланиш ва ўз иқтидорини кўрсатиш учун шароит яратиб бермоқда. Набираларим далада пахта эмас, синфхоналарда ўз келажаклари учун билим ва тафаккур мевасини термоқдалар.
Бу йил икки набирам пойтахтдаги нуфузли олийгоҳлар талабаси бўлди. Биз кўрган қийинчиликлар ортда қолди, ёшларимиз эса биз орзу қилган гўзал келажакка қадам қўйдилар. Инсон қадри улуғланаётган юртимиздаги ислоҳотлар учун шукрона айтаман. Халқни рози қилаётган Президентимизга чин дилдан ташаккур билдираман.

