Маҳаллий

Пахта даласида туққанмиз»: сохта матонат, она ва бола саломатлиги

8-10 талаб фарзандни гоҳида эгат орасида ёки уйда дунёга келтириш матонат ва соғломлик эдими?  Аслида

"Пахта даласида туғилганмиз": сохта қаҳрамонлик, она ва бола саломатлиги

Ўзбек аёлларининг меҳнаткашлиги ҳақида гап кетганда, яқин ўтмишда момоларимизнинг пахта даласида туғилганликлари билан фахрланиб гапирганлари ёдимизга тушади. Ёки болаларини беланчакка белаб, қуёш тиғида чопиқ қилган оналар образи кўз олдимизга келади. Жазирамали ёз чилласида, чанг-тўзонли пахта даласида ва беланчакда юзига қўнган чивиндан безовта бўлган болажон ўша пайтларда деярли ҳеч кимни ташвишлантирмаган...

Пестицидлар, саломатлик ва сохта афсоналар

Яқинда туққан аёлни гўдаги билан пахта даласида тасаввур қилишингиз билан юзингизда киноя пайдо бўлади. Дориланган далада юрган аёл ва гўдак иборалари ёнида она ва бола саломатлигини ёнма-ён қўя оласизми, тасаввур қила олаяпсизми?

Ўша пайтларда экология ва одамлар соғлиғи яхши бўлган деган қараш ҳам аслида сохта афсонадан бошқа нарса эмас. Аёллар ва болалар устидан тинимсиз заҳарли ўғитлар сепилган бир даврда тоза экология ҳақида гапиришнинг ўзи мантиқсизлик эмасми? Оналар бақувват ва соғлом бўлгани учун туғишда муаммолар бўлмаган деган хаёллар билан юрганимизда, айнан ўша даврда гўдаклардаги рахит, оналардаги оғир анемия ва бўғим-суякларнинг мўртлашиши бўйича ўнлаб илмий тадқиқотлар ёзилган эди.

Тадқиқотларни титкилашга вақт тополмасак-да, 1970-1980 йилларда самолётлардан ДДД (дихлордифенилтрихлоретан) ва бутифос каби ўта заҳарли дефолиантлар аёвсиз сепилгани ҳақида қишлоқ хўжалигига оид маълумотлар орқали билиб олиш қийин эмас. Ҳомиладор аёллар шу заҳарли чанг-тўзон ичида ишлади. Бу заҳар тўғридан-тўғри она сутига ва ҳомилага сингди. Аёллар сурункали тўйиб овқатланмаганлиги туфайли, гўдаклар гипотрофия ва рахитга маҳкум эди. 1980 йиллар охирида Ўзбекистон қишлоқларида ҳомиладор ва кўп болали аёлларнинг 80 фоизи оғир, сурункали анемиядан азият чекарди.

Энди айтинг-чи, 8-10 талаб фарзандни гоҳида эгат орасида ёки уйда дунёга келтириш матонат ва соғломлик эдими? Аслида "матонат" деб ниқобланган бу оғир қисмат минглаб аёлларнинг саломатлиги эвазига келган, жамиятнинг эса энг катта маънавий ва тиббий фожиаси эди.

Замонавий ташхислаш ва эрта назоратнинг йўқлиги

Бир пайтлар скрининг ёки перинатал марказлар, оилавий поликлиникалардаги замонавий УТТ (УЗИ) аппаратлари деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Бўлажак она учун 9 ойлик ҳомиладорлик даври қувонч билан бирга доимий хавотир ва мудҳиш бир мавҳумлик ичида ўтарди.

Онанинг организмида нималар кечаётгани, ҳомиланинг ривожланиши, унинг юрак уриши, ирсий ёки туғма нуқсонлари бор-йўқлиги мутлақо номаълум эди. Шунчаки "кўз юмиб" туғиш, гўдак соғлом туғиладими ёки йўқми — ҳаммасини таваккалчиликка топширишдан ўзга чора йўқ эди.

Тиббий хабардорлик ва эрта ташхиснинг йўқлиги туфайли қанчадан-қанча аёллар асоратли туғруқларни бошдан кечирди, қанчадан-қанча оилалар туғма хасталик билан дунёга келган чақалоқларнинг фожиаси олдида ожиз қолди.

Оналикни муҳофаза қилишнинг янги тизими

Дунёда инсон юрагини энг тез ва ҳаяжонли уришга мажбур қиладиган, бир вақтнинг ўзида энг буюк хотиржамликни инъом этадиган ягона маскан, бу туғруқхона йўлаги.

Оқ халатли шифокорнинг хавотир ва умиддан нафасини ичига ютиб турган аёлнинг яқинларига "ҳаммаси яхши, она ҳам, бола ҳам соғ-омон!", дея хотиржам айтилган хушхабарни ҳеч бир сўз билан таърифлаб бўлмайди.

Бугунги кунда юртимизда Республика Перинатал маркази, Скрининг марказлари ва уларнинг вилоят ҳамда туман филиаллари тармоғи йўлга қўйилгани она ва бола саломатлигини назорат қилиш имконини берди. Занжирли тизим шарофати билан ҳомиладорликнинг илк ҳафталариданоқ она ва бола саломатлиги қатъий назоратга олинмоқда, туғма ҳамда ирсий касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва даволаш механизми шаклланди. Ҳомиладор аёллар аҳволини мунтазам назорат қилиш учун 9000 га яқин доялик штати ташкил этилган бўлиб, она ва болалар учун ҳар бир ҳудудда оилавий поликлиника, оилавий шифокорлик пункти ва кўп тармоқли марказий поликлиника тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Шаҳар ва туманларда замонавий туғуруқ мажмуалари тармоғи яратилган, болалар даволаш-профилактика кўп тармоқли тиббиёт марказидаги жараёнларни мувофиқлаштириш учун Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган педиатрия маркази ва яна 9 та республика муассасаси ягона тузилмага бирлаштирилган. Шунингдек, 4-даражали Болалар миллий тиббиёт маркази халқаро ЖСИ сертификатини олди ва унинг қошида Оролбўйи минтақаси касалликлари бўйича тиббиёт клиникаси ташкил этилди.

Анемияга қарши кураш ва ижобий кўрсаткичлар

Шунингдек, илгари хотин-қизларимиз ва бўлажак оналарнинг деярли 60-70 фоизида учрайдиган, анемия (камқонлик) муаммосига қарши тизимли кураш бошланди. Давлат дастурлари доирасида аҳолига, айниқса, туғруқ ёшидаги аёллар ва ҳомиладорларга бепул поливитаминлар, темир ва фолий кислотаси препаратларининг берилиши, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини (айниқса унни) бойитиш тизими шарофати билан аёллар ва болалар орасида анемия кўрсаткичи 1,5-2 бараваргача чекинди.

Фактларга юзланамиз: 1991 йилда ҳар 100 минг тирик туғилган чақалоққа 65,3 нафар она ўлими тўғри келган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 14,8 нафаргача пасайди ва деярли 4,4 бараварга камайди. Шу билан бирга, 1 ёшгача бўлган гўдаклар ўлими 1991 йилдаги 35,5 промилледан 9,0 нафарга, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими эса 48,2 нафардан 12,5 нафарга тушиб, ҳар икки йўналишда ҳам 3,9 бараварлик ижобий динамика қайд этилди. 1990 йил билан қиёслаганда эса 5 ёшгача бўлган болалар ва чақалоқлар ўлими 5 бараварга, неонатал ўлим 4 бараварга қисқарди.

Ваксинация ва профилактика маданияти

Болалар саломатлигини муҳофаза қилишда замонавий скрининг ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари алоҳида ўрин тутади. Миллий профилактик эмлаш календари доирасида болалар 13 турдаги юқумли касалликларга қарши мунтазам эмланмоқда.

Бир пайтлар қаҳрамон оналардан бири уч нафар болам қизамиқдан бўлмай қолган, бир нафарини вақтида эмлатмаганим учун оёқлари ишламайди, деганини эшитганимда наҳотки, эмлаш шу қадар муҳим бўлса, деб ажабланганим ёдимда.

Бугун аён бўлмоқдаки, ўша даврларда оддийгина полиомиелитга қарши ваксинанинг ўз вақтида қилинмагани ёки сифацизлиги туфайли юришдан маҳрум болалар ҳам бир авлодни ташкил қилади. Қизамиқ, дифтерия, кўкйўтал ёки қоқшол каби аслида олдини олса бўладиган юқумли касалликлар ҳар иккинчи оилада гўдаклар ўлимига сабаб бўлган. Эмлаш маданиятининг йўқлиги ва тиббий профилактиканинг ожизлиги қанчадан-қанча норасидаларнинг келажагига, ота-оналарнинг орзу-умидларига зомин бўлган.

Юқори технологик тиббиёт ва скрининг амалиёти

Яна фактларга юзланамиз. Эшитиш заифлигини эрта аниқлаш мақсадида 209 та туғруқ муассасасида чақалоқлар аудиоскрининги йўлга қўйилиб, ўтган йили 500 мингга яқин чақалоқ текширилди. Жорий йилда 600 минг нафардан ортиқ болани эшитиш бўйича скрининг қилиш, 3 мингдан ортиқ болани чуқурлаштирилган текширувдан ўтказиш ва 500 дан ортиқ кохлеар имплантация операциясини бажариш режалаштирилган. Молекуляр-генетик лабораторияда орфан касалликларига эрта ташхислаш натижасида муковиссидозни СФТР-модулятор воситасида нишонли даволаш йўлга қўйилмоқда. Юрак нуқсони бўлган 4 мингга яқин болада ҳар йили буджет ҳисобидан кардиохирургик амалиётлар ўтказилмоқда, шунингдек, буйрак, жигар ҳамда суяк илиги трансплантацияси, муддатидан олдин туғилган чақалоқларда туғма қизилўнгач ва ўн икки бармоқли ичак атрезиясида торакоскопик ва лапароскопик амалиётлар муваффақиятли ўзлаштирилди. Қолаверса, Президент қарорига мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

***

Албатта, эришилган ютуқлар ва тизимли ўзгаришлар кўлами салмоқли. Бугун туғруқхона ва оилавий поликлиникаларда анемияга қарши препаратлар, фолий кислотаси ва репродуктив сақланиш воситалари аҳолига бепул тарқатилмоқда, моддий-техник шароитлар яратилмоқда. Бироқ холис қараганда, соҳада ҳали ечимини кутаётган, эътибордан четда қолдириб бўлмайдиган оғриқли нуқталар ҳам йўқ эмас.

Шу сабабли, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмай, чекка ҳудудларда тиббий хизмат сифатини ошириш, барвақт ташхислаш ва, айниқса, болалар онкологияси бўйича тизимли ва манзилли чора-тадбирларни кечиктирмасдан амалга ошириш тиббиёт соҳасида энг долзарб масалага айланмоқда.

Барно Султонова

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.