Маҳаллий

Тошкентда талаба қизга севги изҳор қилган университет ўқитувчиси уч суткага қамалди

Тошкентда талаба қизга бир неча бор севги изҳор қилиб, уни учрашувга таклиф қилган университет ўқитувчиси уч суткага қамалди. Бу ҳақда “Дарё” суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Маълум бўлишича, 1993-йилда туғилган О.Э. исмли шахс нодавлат университетлардан бирида ахборот технологиялари фанидан дарс берган. 2026-йилнинг январ ойида у талаба қизлардан бирига бир неча марта севги изҳор қилган ва уни учрашувга ҳамда “чегарасиз дўстлик”ка таклиф этган. Қиз унинг таклифларини рад этган.

Қизнинг кўрсатмасига кўра, шундан сўнг ўқитувчининг унга бўлган муносабати ўзгарган. “Дарс берадиган фани бўйича якуний назорат имтиҳонида мени йиқитиш мақсадида 40 балл ўрнига 38 балл қўйди”, деган қиз.

Ушбу ҳолат юзасидан қиз 20-июн куни ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Ўтказилган текширувлар давомида ўқитувчи тушунтириш хатида талабага севги изҳор қилганини ва уни “чегарасиз дўстлик”ка таклиф этганини тасдиқлаган.

Суд мажлисида О.Э. айбига иқрорлигини, ҳақиқатан севги изҳор қилганини, бироқ унга нисбатан ҳеч қандай шаҳвоний ҳаракатлар содир этмаганини билдирган. Бундан ташқари, ҳолатдан сўнг ишдан бўшатилганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди О.E.ni Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга нисбатан уч сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Аввалроқ Сирдарё вилоятида 10-синф ўқувчисига Телеграм орқали хабарлар юбориб, учрашувга чақирган ва шаҳвоний шилқимлик қилган мактаб маслаҳатчиси беш суткага қамалгани ҳақида хабар берилган эди. Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирида талаба йигит курсдош қизга шилқимлик қилгани учун жаримага тортилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.