Пахта плани, оғир меҳнат ва ўзгарган тақдирлар: мустақиллик ўзбек аёли ҳаётини қандай ўзгартирди?
Тарихнинг аламли изларини унутиш осон эмас

Пахта режаси, оғир меҳнат ва ўзгарган тақдирлар: мустақиллик ўзбек аёли ҳаётини қандай ўзгартирди?
Мустақилликнинг қадрини собиқ тузумнинг оғир кунларини ўз танасида ҳис қилганлар жуда яхши тушунади. Инсон хотирасида муҳрланиб қолган тарихнинг аламли изларини унутиш осон эмас. Аммо янги давр саҳифалари очилар экан, қалбларда умид уйғонди. Яратилган янги имкониятлар эса одамларни фаровон ҳаёт ва юксак марралар сари интилишга ундай бошлади.
**Барча йўллар пахта даласига элтарди...**
Собиқ Иттифоқ даврида қишлоқ аёлининг мавқеи “колхоз ищиси” деган мақом билан белгилаб қўйилган эди. Ўша йилларда улар учун барча йўллар ягона нуқтага — пахта даласига олиб борарди. Давлат сиёсатида “план” биринчи ўринда тургани боис, хотин-қизларнинг салоҳияти ички имкониятлари эмас, балки терилган сентнерлар, кунлик режа ва нормаларни бажариши билан баҳоланарди.
Шу тариқа, минглаб хотин-қизларнинг орзулари пахтазордаги “оқ қамал” гирдобида сўниб кетарди. Бу ачинарли манзара фақат дала билан чекланмасди. Уйда ҳам аёл учун рўзғор ва фарзанд тарбияси ягона вазифа ҳисобланиб, “қиз боланинг ўрни — уйда”, “бировнинг хасми” каби қарашлар устувор эди. Илдиз отган бундай стереотиплар кўплаб аёлларнинг шахсий тараққиёт йўлини тўсар, уларнинг қобилият ва орзулари рўзғор ташвишлари соясида қолиб кетарди. Зеро, ҳар қандай салоҳият, агар унга ўз вақтида йўл очилмаса, “қўриқ ер” каби унмас, ривожланмас ва ҳосил бермасдан қолиши мумкин.
Албатта, бу воқеликни бугун тўкис шароитларда камол топаётган, замонавий таълим олиб, фаровонликда улғаяётган авлод тўлиқ тасаввур қила олмаслиги мумкин. Аммо пахта даласида атак-чечак қилиб, эгатларда улғайган авлод вакиллари бу ҳақиқатни яхши билади.
Ўшанда аёлнинг ишлаши, ўқиши ва ўзини ривожлантиришига тўсқинликлар кўп эди. Биргина мисол — мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги туфайли бола тарбиясининг асосий юки оналар зиммасида эди. Бу муаммога 2017 йилдан бошлаб изчил ечим топила бошлади. Мактабгача таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, соҳани молиялаштириш кескин оширилди. Сўнгги саккиз йилда мактабгача ва мактаб таълимига ажратиладиган маблағлар 7 карра кўпайди, 1,5 миллион янги ўрин яратилди. Бугун мамлакатда 7 мингдан ортиқ давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғча фаолият юритмоқда. Бу рақамлар ортида эса фақат болалар эмас, минглаб оналарнинг янги имкониятлари ҳам бор. Аёлга таълим олиш имкониятини бериш — унинг қўлига фақат диплом эмас, ўз тақдирини ўзгартириш калитини ҳам тутишдир. Сиртқи ва бошқа мослашувчан таълим шаклларининг жорий этилиши эса кўп фарзандли аёллар учун “ё оила, ё таълим” деган танловни “ҳам оила, ҳам таълим” имкониятига айлантирди.
**Қизлар ўқиса, келажак ўзгаради**
Кейинги йилларда хотин-қизларга фоизсиз таълим кредитлари, эҳтиёжманд қизларга грантлар, магистратурада ўқиш харажатларини давлат ҳисобидан қоплаш каби имкониятлар яратилди. Натижада бугун олий таълимда таҳсил олаётган талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Магистратурада эса уларнинг улуши 60 фоизга етган. Зеро, илмли аёл — фақат бир мутахассис эмас. У оила тарбияси, фарзанд камолоти ва жамият маънавиятига таъсир кўрсатадиган улкан кучдир.
Бугун хотин-қизлар тиббиёт соҳасида 75 фоиз, таълимда 71 фоиз, иқтисодиёт ва саноатда 47 фоиз, қишлоқ хўжалигида 43 фоизни ташкил этмоқда. Кеча пахтазорда ўз тақдирини “норма” билан ўлчатган аёл бугун шифокор, ўқитувчи, тадбиркор, олим, раҳбар сифатида жамият тараққиётига ҳисса қўшмоқда. Бу ўзгариш тасодиф эмас. Бу — аёл салоҳиятига очилган йўлнинг самараси.
**Аёл салоҳиятини очган “Ўзбек модели”**
“Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 100 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Имтиёзли кредит, субсидия, грант, касб-ҳунар ўргатиш ва тадбиркорликка кўмак бериш каби чоралар аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамламоқда.
Албатта, ҳар бир ислоҳотнинг ҳақиқий қиймати ҳаётий мисолларда, инсонлар тақдирида, қолаверса, тарих кўзгусида ўз аксини топади. Шубҳасиз, бу — узоқ кутилган ижтимоий янгиланиш, бутун жамиятда кечаётган юксалиш ва уйғонишнинг ифодасидир. Ҳақиқатан ҳам, кеча сабр-тоқат тимсоли бўлиб, “оқ қамал”да қолган ёки “уйда ўтирган” аёл бугун ислоҳотлар жараёнида ўз салоҳиятини намоён этаётган, тобора сайқал топаётган гавҳарга айланди.
Бугунги аёл умидвор эмас — умид бағишловчи. У мустақил Ўзбекистоннинг фаол кучи, оила ва жамият тараққиётининг таянчи, бутун бир миллат келажагини тарбиялайдиган буюк салоҳият соҳибасидир.

