“Сиёсий ирода йўқлигидан ҳаммамиз пахтага қул эдик” — президент
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда аввал сиёсий ироданинг етишмагани сабаб пахта етиштириш давлат ва жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларини қамраб олганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўша даврда мактаб ўқувчилари ҳам далаларда меҳнат қилган, мамлакат йил бўйи пахта билан банд бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, сиёсий ироданинг етишмаслиги сабабли Ўзбекистонда пахта етиштириш аввал давлат ва жамият ҳаётининг деярли барча жабҳаларини қамраб олган, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам далаларда меҳнат қилишга мажбур бўлган. Давлат раҳбари бу ҳолатни “Сиёсий ирода йўқлигидан ҳаммамиз пахтага қул эдик” дея изоҳлади.
Бу сўзлар мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат ҳудудларида янги обьектларни фойдаланишга топшириш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг нутқига жавобан янгради.
Вилоят раҳбари сўнгги ўн йилда мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларга тўхталиб, президент раҳбарлигида Ўзбекистон “пахта қуллиги”дан халос бўлганини таъкидлади. Эркинжон Турдимов шундай деди: “Кўп айтасиз, пахтага тобе эдик. Пахта қуллигидан ҳам бир халос қилдингиз-да. Мактаб ўқувчилари даладан чиқмасди. Бу нарсалар ўз-ўзидан бўлгани йўқ”.
Президент эса ўтмишдаги пахта сиёсати туфайли мамлакатда деярли бутун йил давомида қишлоқ хўжалиги ишларига эътибор қаратилганини қайд этди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра: “Лекин ҳамма унутиб юборди у қулликни. Сиёсий ирода йўқлигидан ҳаммамиз пахтага қул эдик, ҳақиқатда. Йигирма тўрт соат, ўн икки ой шудгор, чеканка, дефолиация, терим билан шуғулланардик. Бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмасдик”.
Турдимов, шунингдек, сўнгги йилларда Сирдарё вилояти аграр ҳудуддан саноатлашган вилоятга айланганини маълум қилди. Ҳоким шундай деди: “Мана Сирдарё вилояти ҳам бугун аграр соҳадан саноатлашган вилоятга айланиб бўлди, ҳурматли президент. Ҳозир ҳам телевизорга қараб турибмиз, кўп обьектлар очиляпти. Шу обьектларнинг ҳаммаси сизнинг ислоҳотларингизнинг натижаси. Илгари шу обьектни очиш учун Совет пайтига назар ташласак КПССнинг қарори қабул қилинарди. Кейин ҳам бу чала қолиб, бу ҳам қолиб кетарди, ҳурматли президент”. Президент унинг гапини давом эттириб, “Уч йилда битта мактаб қуриларди”, деди.
Вилоят ҳокимининг айтишича, 2026-йилда Сирдарёга 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Турдимов: “Сирдарё вилоятида ҳам бу йил 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қиляпмиз”, деди.
Президент эса бундай кўрсаткичлар аввал Сирдарё учун ишончсиз туюлганини таъкидлади. Давлат раҳбари: “Умуман Сирдарёда ҳам бирор [одам] 2 миллиард инвестиция олиб келиш мумкинлигига ишонармиди? Ҳеч ким ишонмасди. Қилса бўлар экан”, деди.
Эркинжон Турдимовнинг сўзларига кўра, ўн йил аввал вилоятда инвестиция ҳажми деярли бўлмаган. Бугун эса Сирдарё эркин иқтисодий зонасида бир гектар ерга тўғри келадиган инвестиция ҳажми қарийб 4 миллион долларга етган.
У Сирдарё аҳолисининг кайфияти юқори эканини ва вилоят президент томонидан белгиланган вазифаларни бажаришга тайёрлигини билдирди. Эркинжон Турдимов: “Бугун, очиғини айтаман, сирдарёликларнинг шасти жуда баланд. Сиз қўйган барча топшириқларни бир сидқидилдан адо этамиз”, деди.
Президент аввал ҳам пахта сиёсатини қоралаган эди. У 2025-йил декабр ойида Сирдарё вилоятига ташрифи давомида фермерлар билан учрашувда одамларнинг умри пахта даласида бекор ўтганини таъкидлаганди. Президент: “Умримиз пахтада бекор ўтган экан. 27 йил қийналганмиз. Шу пахта деган балони ҳаммамиз далада кўрдик, биримиз икки бўлмади”, дея қайд этганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022-йилда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланиш тўхтатилишини эълон қилганди. Соттон Сампаигн ўзбек пахтасига нисбатан кўп йиллик глобал бойкотни бекор қилган. Ўша йили Беттер Соттон Инитиативе Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчиларни атроф-муҳит, маҳаллий аҳоли ва иқтисодиёт учун янада қулай пахта етиштиришда қўллаб-қувватлаш дастурини расман ишга туширган.

