“Ушбу ташриф кўп қиррали алоқаларимиз тарихида яна бир муҳим саҳифани очди” — Саида Мирзиёева Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида

“Бу ташриф кўп қиррали алоқаларимиз тарихида янги муҳим саҳифани очди”, — Саида Мирзиёева Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бощилигидаги юқори мартабали меҳмонлар ва уларнинг оила аъзолари катта ҳурмат билан кутиб олинганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўзгача биродарлик ришталари билан боғланган бўлиб, бу яқинлик нафақат расмий алоқаларда, балки икки халқнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатида ҳам намоён бўлади.
Мамлакатларнинг тарих, маданият ва анъаналардаги муштараклиги инфратузилма ва инвестициялар каби соҳалардаги қўшма лойиҳаларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, ушбу ташриф кўп қиррали алоқалар тарихида яна бир муҳим саҳифани очгани таъкидланди. Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзолангани ва ушбу ҳужжатнинг номиёқ бугун Ўзбекистон ҳамда Озарбайжонни боғлаб турган ришталарнинг туб моҳиятини аниқ ифодалаши қайд этилди.
“Озарбайжонлик дўстларимизни Ўзбекистонда кўришдан ҳар доим хурсандмиз. Ҳамиша бағрини очиб сизни қарши оладиган диёримизга хуш келибсиз, азиз қардошлар!” дейилади хабарда.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 23–24-август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлганди. 23-август куни президентлар Тошкентда тор доирада учрашув ўтказди ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишида иштирок этган.
Учрашувлар якунида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди, қатор қўшма лойиҳалар ишга туширилган. Шунингдек, икки давлат раҳбарлари олий давлат мукофотлари билан тақдирланган.
24-август куни олий даражадаги ташриф дастури Бухорода давом этган. Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев рафиқалари билан бирга шаҳарнинг тарихий обидаларини зиёрат қилган. Озарбайжонлик меҳмонларга Бухоро вилоятининг рақамлаштириш, енгил ва электротехника саноатидаги салоҳияти ҳақида ҳам маълумот берилган.

