Озарбайжон президенти 23-август куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 23−24-август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Тошкентда олий даражадаги музокаралар ва Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ўтказилиб, қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 23-август куни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади. Ташриф 24-августгача давом этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълум қилди.
Ташриф доирасида Тошкентда олий даражадаги музокаралар ўтказилиши ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Саммитнинг асосий кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари жой олган. Шунингдек, савдо айланмаси ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт-транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари диққат марказида бўлади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қиладилар.
Музокаралар якунида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши ҳамда иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган. Ҳозирда Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудлари форуми ва бошқа қўшма тадбирлар ўтказилмоқда.
Илҳом Алиев охирги марта 2025-йил ноябр ойида минтақа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган эди.

