Ўзбекистон ва Озарбайжон янги лойиҳаларни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Озарбайжон Тошкентда сиёсий маслаҳатлашув ўтказиб, савдо, инвестиция, энергетика ва янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон янги лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкентда 19-август куни Ўзбекистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Музокараларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ва Озарбайжон ташқи ишлар вазири ўринбосари Самир Шарифов раҳбарлик қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уларни стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик доирасида ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар кун тартибидан олий даражадаги бўлажак тадбирларга тайёргарлик масаласи ҳам ўрин олди. Шунингдек, икки мамлакат вакиллари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Устувор йўналишлар сифатида транспорт ва логистика, энергетика, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик белгиланди.
Томонлар амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидладилар. Хусусан, янги қўшма саноат лойиҳаларини илгари суриш ва икки томонлама савдони янада ошириш учун мавжуд салоҳиятдан тўлиқроқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар иштирокчилари соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболларини ҳам алоҳида қайд этдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Озарбайжон вакиллари ўзаро манфаатли бўлган минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

