Украинада дон тўпланиб қолмоқда: Полша ва Руминия ёрдамни рад этди
Украина Россиянинг портлар ва кемаларга ҳужумлари ортидан дон экспортини Европа орқали кўпайтиришга уринмоқда. Бироқ Полша ва Руминия транзитни кенгайтиришга ёрдам бериш ниятида эмас. Киев огоҳлантиришича, маҳсулотини сота олмаётган фермерларда кейинги мавсум учун экин экишга маблағ қолмаяпти.

Украинада дон захиралари тўпланиб қолмоқда: Полша ва Руминия ёрдам беришдан бош тортди
ДВ нашри Политисо маълумотларига таянган ҳолда ёзишича, Украинадан миллионлаб тонна донни экспортга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда ошган транспорт харажатларини қоплаш учун 1,1 млрд евро керак.
Россия қўшинларининг портлар ва кемаларга узлуксиз ҳужумлари сабаб Қора денгиз орқали ташувлар амалда қамал ҳолатига тушиб қолгани айтилмоқда. Шу боис Киев Европа Иттифоқи ҳудудидан ўтувчи муқобил йўналишлар имкониятларини кенгайтиришни сўрамоқда.
Украина аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Тарас Висоцкий Брюсселга сафари чоғида бу масалани европалик ҳамкасблари билан муҳокама қилган. У вазиятни ниҳоятда жиддий деб баҳолаган.
Аммо транзит ҳажмини ошириш учун энг катта инфратузилма имкониятларига эга икки давлат — Полша ва Руминия — қўшимча чоралар кўришга тайёр эмаслигини билдирган.
Руминия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакат фермерларининг манфаатлари устувор бўлиб қолишини таъкидлаган. Бухарестга кўра, Украина донининг кўплиги ва Дунайдаги сув сатҳининг пастлиги портларга ортиқча юклама туширмоқда. Бу эса руминиялик фермерларнинг ўз маҳсулотларини сотишига тўсқинлик қилмоқда.
Полша Инфратузилма вазирлиги ҳам Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари транзитини кўпайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритишни режалаштирмаётганини маълум қилган.
Висоцкийнинг айтишича, Украинада йиғиб олинган дон ва мойли экинлар маҳсулотлари тўпланиб қолмоқда. Уларни сота олмаётган фермерларда келаси йилги ҳосил учун кузги экиш ишларини молиялаштириш имконияти камаймоқда.
Вазир вазият баҳоргача ўзгармаса, экин майдонлари 35–40 фоизгача қисқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Унинг маълумотига кўра, Европа орқали ўтувчи темирйўл, автомобил ва дарё йўналишлари ҳозир Украина экспортининг ярмидан камини ташишга қодир. Қамал сақланиб қолса, йил давомида мамлакатда 35 млн тоннагача юк чиқарилмай қолиши мумкин.
Киев Европа комиссиясидан 22 млн тоннагача аграр маҳсулотни ЕИ ҳудуди орқали ташишдаги қўшимча харажатларни қоплаш учун 1,1 млрд евро сўраган. Украина томонининг ҳисоб-китобига кўра, муқобил йўналишлар ҳар бир тонна маҳсулот учун логистика харажатларини 50 еврогача ошириши мумкин.
Украина “бирдамлик йўлаклари” деб аталувчи муқобил экспорт маршрутларини қўшни давлатлардан ташқарига ҳам кенгайтиришни таклиф қилмоқда. Жумладан, маҳсулотларни Германия ва Нидерландия портлари орқали жўнатиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бироқ узоқроқ йўллар етказиб беришни қимматлаштиради ва фермерлар учун катта зарар келтириши мумкин.

