Болтиқбўйининг икки давлати Россия ғалласи транзитини тақиқламоқчи

Болтиқбўйидаги икки давлат Россия ғалласи транзитига тақиқ киритмоқчи
Латвия ва Литва ўз портлари орқали Россия ғалласини ташишни тақиқлаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Украинанинг Болтиқ денгизидаги Россия портларига дронлар билан уюштирган ҳужумлари ортидан Москва ушбу мамлакатлар орқали ғалла транзитини оширган эди. Бу ҳолат айниқса Латвияда яққол сезилди. Реутерс агентлиги хабарига кўра, октябр ойида ғалла ташиш ҳажми кескин кўпайиши мумкин.
Латвия бош вазири матбуот котибининг айтишича, ҳукумат мамлакат ҳудуди орқали Россия ғалласи экспортини тўлиқ тақиқлаш масаласини муҳокама қилади. Литва эса аниқ чораларни ошкор этмади, бироқ ўз портларидан Россия ғалласини экспорт қилиш учун фойдаланишга энди тоқат қилиб бўлмаслигини билдирди.
“Литванинг инфратузилмасидан фойдаланиб Россия ғалласини экспорт қилиш бизнинг қадриятларимизга зид”, деди Литва бош вазири Миндаугас Синкевичюс.
Унинг қўшимча қилишича, жорий этилиши мумкин бўлган чекловлар Россия ҳудуди ва Калининград вилояти ўртасидаги ғалла транзитига таъсир қилмайди.
Ўтган экспорт мавсумида (2025-йил июлидан 2026-йил июнигача) Россия ғалласи экспортининг 90 фоизи, яъни 46,3 миллион тоннаси Қора ва Азов денгизлари портларига тўғри келган. Россиянинг Болтиқ денгизидаги портлари орқали эса бор-йўғи бир миллион тонна ғалла жўнатилган.
Украина ҳужумлари фонида янги мавсум бошидан август ойи ўрталаригача Россиянинг Болтиқ портларига ғалла етказиб бериш ҳажми беш миллион тоннага етди.
Украинанинг авиазарбалари Россиянинг ғалла экспорт қилиш қувватининг 80 фоиздан ортиғини ишдан чиқарди. Мутахассислар баҳосига кўра, август ойида буғдой экспорти атиги 1,9 миллион тоннани ташкил этди. Бу сўнгги 16 йилдаги энг паст кўрсаткичдир.
Аввалроқ Украина Россияга Қора денгизда ўт очишни тўхтатишни таклиф қилгани ва Москва бу таклифни рад этгани ҳақида хабар берилганди.

