Уиткофф Путин билан музокараларни конструктив деб атади
АҚШ президентининг махсус элчиси Стив Уиткофф Санкт-Петербургда Россия президенти Владимир Путин билан ўтган музокараларни конструктив деб баҳолади.

Уиткофф Путин билан бўлган музокараларни конструктив деб баҳолади
Шу билан бирга, унинг айтишича, Украинадаги вазиятни тартибга солиш жараёнида ҳали анча иш бажарилиши керак.
«Олдинда ҳали муҳим ишлар турган бўлса-да, президент Трамп аввалгидек ушбу урушга барҳам бериш ҳамда келажак авлодлар учун хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қиладиган кенг қамровли, барқарор тинчликка эришиш борасида қатъий», - деди у.
20-октабр куни Ослода АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф, Украина президенти Володимир Зеленский, Финляндия президенти Александр Стубб ва Норвегия бош вазири Ёнас Гар Стёре ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Шундан кейин Уиткофф Владимир Путин билан учрашиш учун Санкт-Петербургга йўл олди, у ердан эса яна Норвегияга қайтди ва Россия президенти билан ўтган уч соатлик музокаралар якунлари ҳақида маълумот берди.
Кремл бу музокараларни самарали деб атади ва ноябр ойи бошида Абу-Дабида Украина бўйича экспертлар даражасидаги уч томонлама маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичи ўтказилиши мумкинлигини билдирди. Бундай учрашувлар охирги марта феврал ойида бўлиб ўтган эди.
Учрашувнинг амалий мазмуни тайёр келишувни эълон қилиш эмас, балки Россия томонига низони тартибга солиш ёндашувлари акс этган ҳужжатларни топшириш ҳамда Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама маслаҳатлашувларни қайта тиклаш эҳтимолини муҳокама қилишдан иборат эди. Хабарларга кўра, навбатдаги босқич Абу-Дабида экспертлар даражасида ўтказилиб, техник масалаларга бағишланиши мумкин.
2026-йил январида бундай формат хавфсизлик, сиёсат ва иқтисодиёт масалаларини бир вақтнинг ўзида муҳокама қилиш имконини берган, Америка вакилларининг иштироки эса музокаралар барбод бўлиши хавфини камайтириши керак эди. Шу билан бирга, Абу-Дабидаги ищи гуруҳлар вазиятни тартибга солишнинг асосий сиёсий жиҳатларини четлаб ўтган; ўшанда ҳудудий масала бўйича силжиш кузатилмаган ва Украина қўшинларини Донбассдан олиб чиқиш масаласи кўриб чиқилмаган эди.
Техник маслаҳатлашувлардан келишувларга ўтишдаги асосий тўсиқ — томонлар позицияларининг мос келмаслигидир. Москва қатъий талабларини сақлаб қолмоқда, Киев эса уларни кескин рад этмоқда.

