«Иш якунга қараб бормоқда». Путин Украина билан уч томонлама музокараларни тиклашга тайёр
Аммо Кремлдагилар Европа Иттифоқи ва Украинанинг янги таклифида «фойдали нарсалар унчалик кўп эмас» деб ҳисобламоқда.

«Иш якунга қараб бормоқда». Путин Украина билан уч томонлама музокараларни қайта бошлашга тайёр
Кремл ноябр ойида Россия – АҚШ – Украина форматидаги уч томонлама музокараларни яна йўлга қўйишга тайёр. Бу ҳақда РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Владимир Путин ва Стив Уиткофф ўртасида 21-октабр куни Петербургда бўлиб ўтган учрашувдан кейин маълум қилди.
«Президент Стив Уиткоффга юқорида тилга олинган уч томонлама музокараларни ноябр ойининг ўнинчи кунларида, асосий мавзу бўйича қайтадан бошлашга тайёр эканимизни маълум қилди. Бу мавзу можаро тугаганидан кейин Россия ва Украина учун хавфсизлик тизимини яратиш билан боғлиқ», – деди Ушаков журналистларга.
Унинг айтишича, Уиткофф учрашувда бу таклифни қўллаб-қувватлаган ва «бундай қарор президент Трамп томонидан катта мамнуният билан қаршиланишига шубҳа йўқлиги»ни билдирган. АҚШ президенти элчисининг ўзи эса ҳозирча Петербургдаги учрашув якунлари ҳақида изоҳ бермади.
Шу билан бирга, Ушаковнинг сўзларига кўра, Уиткофф Путин билан учрашувда Европа Иттифоқи ва Киевнинг «янги ёндашувлари» ҳақида гапирган, бироқ «уларда Украина инқирозини ҳал қилиш нуқтайи назаридан фойдали нарсалар унчалик кўп бўлмагани»ни қўшимча қилган.
«Билмадим, биз қанчалик яқинмиз, аммо иш шунга қараб бормоқда», – деди Россия президенти ёрдамчиси «Вести» мухбирининг можарони якунлаш истиқболлари ҳақидаги саволига жавобан.
У, шунингдек, Россия, АҚШ ва Украина вакилларининг навбатдаги уч томонлама учрашуви Абу-Дабида ўтиши мумкинлигини айтди.
«Биз Абу-Дабини мўлжаллаяпмиз. Ноябрнинг ўрталарида, ноябрнинг ўнинчи кунларига келишилган», – деди у.
Бундан ташқари, Ушаков Владимир Путин, Доналд Трамп ва Си Жинпинг ўртасида АПЕС саммити доирасида уч томонлама учрашув бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга муносабат билдириб, буни тарихий воқеа деб атади.
Ушаковнинг айтишича, Москва сентабр ойида, Давлат думасига сайловлардан сўнг дарҳол уч томонлама музокараларни қайта тиклашни режалаштирганди, бироқ Киевнинг айби билан бу амалга ошмаган — «овоз бериш кунларида Москва ва бошқа шаҳарлар, жумладан, сайлов участкаларига жуда катта зарбалар» берилгани сабабли.
Киев ҳозирча Кремлнинг таклифига муносабат билдирмади.
Путин ва Уиткоффнинг учрашуви Стрелна посёлкасидаги Константин саройида, ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Унда Россия президентининг хорижий мамлакатлар билан инвестициявий-иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Кирилл Дмитриев ҳам қатнашди. У чоршанба куни эрталаб Уиткоффни Пулково аеропортида кутиб олди ва учрашувдан сўнг уни кузатиб қўйди.

