Дунё

Уч ойлик тақиқ нега бекор қилинди? Европада Россия мўйнаси устида баҳс

Европарламент Россиядан сувсар мўйнасини олиб киришга қўйилган тақиқни тиклашга чақирди. Чеклов 2026-йил апрелида жорий этилган, аммо уч ойдан сўнг айрим мамлакатлар мўйна саноати манфаатларини кўзлаб ундан истисно қилинган. ОАВ маълумотларига кўра, бундай енгилликни Греция ва Италия сўраган.

Уч ойлик тақиқ нега бекор қилинди? Европада Россия мўйнаси атрофида баҳс

ДВ хабарига кўра, бу талаб 22-октабр куни Страсбургда қабул қилинган, Россия ҳужумларининг кучайиши ва Қора денгизда кема қатнови хавфсизлигига бағишланган резолюцияга киритилган.

Таклиф овоз бериш чоғида сўл фраксия вакили, нидерландиялик депутат Аня Хазекамп томонидан оғзаки тарзда илгари сурилган. Якуний матнда Европарламент сувсар мўйнаси импортига тақиқ бекор қилинганидан афсус билдирган ва Европа Иттифоқи кенгаши ҳамда Еврокомиссияни чекловни қайта тиклашга чақирган.

Бироқ бу чақириқнинг ўзи тақиқнинг яна кучга кирганини англатмайди. Хабарга кўра, Брюссел ҳозир Россияга қарши 22-санксиялар пакетини тайёрламоқда.

Овоз беришдан кейинги муҳокамада халқаро ҳамкорлик бўйича еврокомиссар Ёзеф Сикела истисно ЕИнинг айрим давлатлари талаби билан киритилганини айтган. Улар ўз мўйна саноати Россия хомашёсига боғлиқлигини ва уни бошқа мамлакатлардан етказиб бериш билан алмаштиришнинг имкони йўқлигини асос қилиб келтирган.

Сикеланинг сўзларига кўра, Россия мўйналари, жумладан, сувсар мўйнаси импортини тақиқлашни аввал Еврокомиссия таклиф қилган. Чеклов апрелда жорий этилган, июлда эса барча 27 аъзо давлат сувсар учун истисно қилишга бир овоздан рози бўлган.

Еврокомиссар қайси давлатлар буни сўраганини ошкор қилмаган. У санксияларни ўзгартириш учун ЕИ кенгашида барча аъзо мамлакатларнинг розилиги зарурлигини, тақиқни тиклаш ҳам айнан шу тартибга боғлиқлигини билдирган.

Европарламентдаги энг йирик фраксия — Европа халқ партияси номидан сўзлаган полшалик Кшиштоф Брейза истиснони танқид қилган. Унинг фикрича, Россия иқтисодиётига тушаётган ҳар қандай маблағ урушни молиялаштиришга хизмат қилади, санксиялардаги ҳар бир истисно эса Путинга заифликни кўрсатади.

«Европани янгилаш» либерал фраксияси вакили, финляндиялик Катри Кулмуни сувсар мўйнасининг деярли барчаси Россияда ишлаб чиқарилишини ва импорт Греция ҳамда Италия корхоналари учун муҳимлигини тан олган. Бироқ у бу ҳолат санксияларни юмшатишни оқламаслигини айтган.

Кулмуни Финландия ҳам Россия билан савдо ва туризм тўхташи оқибатида катта иқтисодий йўқотишларга учраганини эслатган. Унинг таъкидлашича, мамлакатлар санксияларни фақат қийинчилик бошқаларга тегишли бўлган пайтдагина қўллаб-қувватлаши тўғри эмас.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.