Лайфстайл

«У ёққа ва орқага» ёхуд чироғи ўчмайдиган уй

Кейин оила қандай каттарган бўлса, уй ҳам шундай кенгайган. Болаларнинг овози, жанжали, кулгиси, беморлиги, меҳмондорчилик,

«У ёққа ва орқага» ёхуд чироғи ўчмайдиган уй

Қишлоғимиздаги эски уй бузиб ташланди. Бир вақтлар ўн нафар фарзанднинг шовқини янграб турган бу ҳовлидаги хоналар энди қайта қуриладиган бўлди...

Янги уй тикланди, фақат кичкина ошхона ва ертўла янгиланмади. Аммо қизиқ томони шундаки, ўша уй барибир ўша уйлигича қолди. Ота-оналар оламдан ўтган бўлса ҳам, фарзандлар бу ерга тез-тез йиғилиб туради.

Аслида уй дегани нима? Деворларми, ҳовлими, хоналарми? Агар уй фақат шулардан иборат бўлса, эски уй бузилганда ҳаммаси тугаши керак эди, бироқ ҳовлида ҳаёт давом этмоқда.

Чунки уйни уй қиладиган нарса — унда кимлар яшагани, кимлар улғайгани, кимлар кетгани ва энг муҳими, яна кимлар унга қайтиб келаётгани экан.

Раҳматли уй эгаси ушоққина хола бу уйнинг қурилиш тарихини тез-тез эслашни ёқтирарди: «чолим кечқурун лой қориб қўярди, мен эса у киши ишдан қайтгунича ғишт қуярдим...»

Кейин оила қандай катталашган бўлса, уй ҳам шундай кенгайган. Болаларнинг овози, жанжали, кулгиси, беморлиги, меҳмондорчилик, тўй — ҳаммаси шу ҳовлида кечган.

«Иморатни ота қурар, боласи даврон сурар» деган гапни эшитганмисиз? Бу менга оддий жумладек туюлганди: ота уй қуради, бола эса ўша уйда яшайди. Кейин англадимки, уй фақат яшаш учун қурилмайди. «Уйимнинг чироғини ёқиб ўтир болам», ёки онанинг «ҳеч қаёққа бормайман шу уйда чолимнинг чироғини ёқиб ўтираман», деган гапларини ҳам эшитганмиз. Кейинчалик билдимки, уйнинг чироғи мен ўйлаганимдан ҳам кенгроқ маънога эга экан...

Яқинда «Аеон» нашрида Консуело Араоснинг «Ҳеч қачон тугамайдиган уй» мақоласига кўзим тушди.

Консуело Араоснинг тадқиқотлари Сантягонинг шаҳар чеккаларида уй қуришнинг аста-секин, авлоддан-авлодга ўтиб келадиган ва ҳеч қачон тўлиқ якунланмайдиган усулига эътибор қаратишга ундайди. У бу изланишлари орқали уй қуриш орқали яшаш санъати ҳақидаги тажрибани кўради.

Мақолада одамлар ўз қўллари билан йиллар давомида қуриб келадиган уйлар ҳақида сўз боради: оила ўзгаради — уй ҳам ўзгаради, бола туғилади — хона қўшилади, имконият пайдо бўлади — девор кўтарилади, пул тугайди — қурилиш тўхтайди, кейин яна давом этади. Араоснинг бу фикрга келишида Викториянинг уйи муҳим ўрин тутади.

Виктория Араоснинг оиласида хизматкор бўлиб ишлаган. Аёл уйи ҳақида гапиришни яхши кўрарди. Уй унинг ҳазилларида, шикоятларида, хотираларида ҳам бор эди. Гўё уй унинг ҳаётидан алоҳида нарса эмас, ҳаётининг ўзи эди. Бир пайтлар унинг уйида тўрт авлод бирга яшаган. Уй эса улар билан бирга ўсган. Ҳовлига хона қўшилган, устидан яна хона қурилган, деворлар таъмирланган, ошхонанинг поли янгиланган...

Бу уй қурилиши учун бир куни битта қоп семент олинган, бошқа куни икки дона шифер, яна бир куни болор тахланган. Булар аслида майда қурилиш ишлари бўлиб кўринади ва бизга ҳам бегона эмас. Худди биздагидек, пул бўлса қурилиш давом этган, пул бўлмаса тўхтаган, кейин яна бошланган. Шу тариқа уй бир марта қурилиб, кейин ўзгармай қолмаган. У оиланинг ҳаёт йўли билан бирга ўсиб борган. Шу маънода унга ҳеч қачон «охирги ғишт» қўйилмаган.

**Эшиги очиқ уй**

Викториянинг қизларидан бири ижара уйга кўчиб кетади. У бу қарорини бошқалар учун жой бўшатиш билан изоҳлайди. Аммо унинг бир гапи Араос учун жуда муҳим: «Муаммо бўлса, борадиган ягона жойинг — онангнинг уйи. Масалан мени эрим уйдан чиқариб юборса, шу ерга қайтиб келаман, чунки ота-онанг сен учун эшикни ҳар доим очиб қўйишини биласан».

Бу ерда уй бошқа маъно касб этади: у фақат яшаш жойи эмас, балки қайтиш имконияти ҳамдир. Бироқ Араос бу уйни романтиклаштирмайди, чунки эшиги ҳеч қачон ёпилмайдиган уй баъзан одамга жуда торлик қилиши мумкин. Виктория оиласи билан бирга яшаган йилларини «жуда тиқилиб яшагандик» деб эслайди. Бундай тиғизлик шахсий ҳаёт ва эркинликни чеклаши мумкин. Демак, уй бир вақтнинг ўзида паноҳ ҳам, ўз камчиликларига эга жой ҳам. Аммо битмаган уйнинг бир устунлиги бор: ҳаёт ўзгарса, унинг ўзи ҳам ўзгариши мумкин, хона қўшилади, девор сурилади, айвон катталашади... Викториянинг ҳали қурилмаган терраса ва боғ ҳақидаги орзулари ҳам шундан дарак беради, уй битмаган, шунинг учун келажак орзулари учун жой қолган.

Араос тадқиқотида яна бир кичик эпизод бор. Виктория ҳовлисини ўраш учун куёвидан бир-икки қоп семент сўрайди. У эса ер унинг номида эмаслигини айтиб, қурилиш учун ҳеч нарса беролмаслигини билдиради. Виктория учун бу оддий қурилиш материали ҳақидаги рад жавоби эмас эди. Араос буни жуда аниқ ифодалайди: «Сементни яшириш — муносабатни яшириш». Чунки уй қурилаётганда кимдир семент олиб беради, кимдир ҳашар қилади, кимдир болор таклиф қилади, кимдир қарз беради ва бугун берилган ёрдам эртага қайтарилади. Шунинг учун муаллиф ўз мақоласида уйнинг қурилиш тарихи — оиланинг муносабатлар тарихи деган қарашни илгари суради.

Демак, деворлар орасида яқинлик ва масофа, ёрдам ва рад этиш, боғлиқлик ва мустақиллик ҳам шаклланади. Бу муносабатни биз ўзимиздаги том ёпиш лўмбоз, ҳашар анъанасида ҳам кўришимиз мумкин.

Уй кўтарилиб бўлгач, том ёпиш вақти келади. Бу ишни бир оила ёлғиз бажармайди. Қариндошлар, қўни-қўшнилар, яқинлар чақирилади. Эрталаб ҳовлига одамлар йиғилади. Кимдир лўмбоз тайёрлайди, кимдир уни узатади, кимдир томда ишлайди, яна кимдир ҳашардагиларга овқат пиширади. Том шу тариқа одамлар иштирокида ёпилади.

**Уй қурилиши қачон тугалланади?**

Шу ерда Араос «тугалланган», «доимий» уй ғоясига мурожаат қилади. Чилида 1980-йиллардан бошлаб давлат ижтимоий уй-жой дастурларида оилага тайёр уй бериш ғояси шаклланади: деворлари бор, хоналари белгиланган, майдони маълум. Худди бизда ҳозир жуда оммалашган ва эҳтиёжга айланган уйлардек, масалан, сизга 60 квадрат метрли уй берилди. Энди мана шу 60 квадрат метрга сиғишингиз керак. Муаммо ҳам шу «энди»дан бошланади. Чунки уй қурилиш нуқтаи назаридан тугалланган бўлиши мумкин, аммо унга кўчиб кирадиган оиланинг ҳаёти энди бошланади. Давлат уйни қурганда оиланинг бугунги ҳолатини кўради: неча киши бор, қанча хона керак, қанча майдон ажратиш мумкин.

Аммо оила эртанги кунини ҳам шу белгиланган ҳудудга сиғдириши керак. Бола туғилади, улғаяди, турмуш қуради, кимдир иши юришмай уйга қайтиб келади ва бир муддат ота-онаси билан яшайди, кимдир ажрашиб, фарзандлари билан яна уйига қайтиб келади ёки қариб қолган ота-онага қараш керак бўлади. Бир пайтлар болага мўлжалланган хонага энди катта одам жойлашиши мумкин. Меҳмонхона ётоқхонага айланади. Ошхонани катталаштириш керак, ҳовли бўлса, унга яна бир хона қўшишга уринишади, лекин уйнинг ўлчами ўзгармайди. Шу ерда «тугалланган уй» тушунчасининг чекланганлиги кўринади. Уй тугалланган: девори бор, томи бор, эшиги бор, хоналари бор. Аммо оила нуқтаи назаридан у ҳали ўсиши керак.

Шу ерда Араос Мартин Хайдеггернинг «Қуриш, яшаш, ўйлаш» эссесига мурожаат қилади. Хайдеггер урушдан кейинги уй-жой танқислиги ҳақида ёзар экан, одатий тасаввурни тескари қўяди: биз яшаш учун уй қурмаймиз, биз яшаганимиз учун қурамиз.

Бу фикр ҳар бир ўзбек оиласининг ҳаётида аниқ ифодасини топади: фарзандлар туғилгани учун хона қўшилади, кимдир кетгани учун жой бўшайди, кимдир қайтгани учун эшик очилади, яъни яшашнинг ўзи уйни қуришда давом этади.

**Уйсиз одамлар ва одамсиз уйлар**

Бу фикр Араосни яна уй-жой инқирозига қайтаради. Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб 2,8 миллиарддан ортиқ одам, яъни дунё аҳолисининг 35 фоизи уй-жойга эга эмас. Ижара ҳақи иш ҳақидан тезроқ ошмоқда, ёшлар учун уй сотиб олиш қийинлашмоқда, айрим шаҳарларда эса уй одам яшайдиган жойдан кўра инвестиция воситасига айланиб бормоқда. Дунё бўйлаб миллионлаб одамлар барқарор уй-жой топиш учун курашаётган бир пайтда, кўплаб уйлар бўш ёки тўлиқ фойдаланилмай турибди.

Айрим шаҳарларда инвесторлар учун қурилган кўп қаватли уйларнинг деразалари кечаси ҳам қоронғи. Баъзи жойларда эса бутун бошли туман одамлар келиб яшашини кутиб туради.

Шу ерда парадокс юзага келади: одамларсиз уйлар ва уйсиз одамлар. Агар муаммо фақат уйлар етишмаслигида бўлса, бўш турган уйлар бор экан, нега одамлар ҳануз уйсиз? Чунки замонавий кўчмас мулк бозорида уй яшаш жойидан бошқа нарсага ҳам айланиши мумкин, деган фикрни муаллиф илгари суради. Уни сотиб олиш, қайта сотиш, ижарага бериш, инвестиция сифатида сақлаш мумкин. Унда одам яшамаса ҳам, иқтисодий қиймати сақланиши ёки ошиб бориши мумкин. Масалан, Ўзбекистонда ҳам шаҳарларда бир одамнинг бир неча уйи бор ва у ҳеч қачон ўзи яшамайди, ижарага берилади. Демак, бундай ҳолатда уй «уй» эмас, яъни унинг вазифаси яшаш эмас, қиймат сақлаш.

Шунинг учун Араос ўзини ўзи қурган уйларни замонавий кўчмас мулк билан ёнма-ён қўяди: бир томонда лойиҳалаштирилган, ҳисоб-китоб қилинган, молиялаштирилган ва бозорга чиқарилган уй, иккинчи томонда эса эгаси пули топганда хона, айвон, девор қўшиб борадиган уй.

Қайси бири замонавийроқ? Албатта, биринчи уй. Аммо савол бошқа: қайси бири бизга уйнинг аслида нима эканини яхшироқ кўрсатади? Одамлар тайёр уйга киргач ҳам уни ўз ҳаётига мослайди: меҳмонхона ётоқхонага айланади, боланинг хонаси кейинчалик ишхона бўлади, девор бузилади, янги девор кўтарилади, кимдир кетади, кимдир қайтиб келади.

Бу ерда яна бир нарсага эътибор қаратиш керак: муаллиф ўз-ўзидан қурилган уйларга шунчаки мақтов билан қараётгани йўқ. Уйни йиллаб қуриш яшашнинг осон кўриниши эмас. Пул етмаслиги, қурилишнинг тўхтаб қолиши, бир неча оиланинг бир ҳовлига сиғиши, шахсий ҳудуднинг йўқолиши — буларнинг ҳаммаси ҳақиқий муаммолар.

Викториянинг «ҳаммамиз тиқилиб яшагандик» деган гапларини эсланг: демак, қурилиши тугамайдиган уй муаммосиз ҳаёт ваъда қилмайди. Лекин у бошқа нарсани беради — уйни ҳаётга мослаштириш имконини, яъни чекланган имкониятлар ичида ҳам одам ўз ҳаётига мос макон яратиши мумкинлигига ишора қилади.

Мақолада Роза исмли аёлнинг бўш ердан уй қургани ҳақидаги ҳикоя ҳам келтирилади. Викториянинг уйи бор эди ва у оила билан бирга ўзгариб борди, Розада эса фақат тепалик бор эди, ҳатто бошқалар хоҳламаган ер.

«Мен ҳар куни бу ерга келиб, озгина ер тозалардим, — дейди у Араосга. — Кейин эрим ишдан қайтгач, келиб, яна бироз иш қиларди». Ҳа, уйлар шундай қурилади: оз-оздан, аввал ер тозаланади, чегара белгиланади, кейин кичик бошпана пайдо бўлади.

Хайдеггернинг «Санъат асарининг келиб чиқиши»даги грек ибодатхонаси ҳақидаги фикри шу ерда ёдга тушади. Ибодатхона мисолида бу ерда меъморчиликдан кўра кенгроқ маъно бор. Маъбуд шунчаки бир жойни эгалламайди, у атрофида ҳаёт барпо қилади: унинг атрофида туғилиш ва ўлим, барака ва фалокат, ғалаба ва мағлубият ўз маъносини топади. Яъни қурилиш орқали шунчаки бино эмас, маъноли макон пайдо бўлади. Агар Роза ўша тепаликда уй қурмаганида, у ерда туғилиш ва ўлим ҳам бўлмасди.

Ўзбек уйларига қараганда ҳам бу фикрни кўриш мумкин. Қуруқ ерда бир хонадон қад ростлаши билан у жой шунчаки географик нуқта бўлиб қолмайди. Ҳовлига сув сепилади, тандир қурилади, оила аъзолари боғда меҳнат қилади, бола туғилади, кексалар қарийди. Кейин унинг атрофида яна бир уй, кейин яна бири пайдо бўлади. Йўллар, қўшничилик, маҳалла шаклланади, кейин бутун бир қишлоқ пайдо бўлади.

Ўзбек қишлоғида ҳашарнинг ўзи ҳам буни кўрсатади: бир одамнинг уй қурилишида бутун маҳалла иштирок этади. Бундан кўринадики, уй фақат оила учун макон эмас, у одамларни бир-бирига боғлайдиган дунёни ҳам барпо этади. Демак, дунё ҳам қайсидир маънода уйлардан қурилади.

Араоснинг эссесида франсуз файласуфи Гастон Башлярнинг уйни «бизнинг дунёдаги бурчагимиз», ҳатто «биринчи коинотимиз» деган фикри ҳам ёдга олинади. Болалик, хавфсизлик, ёлғизлик, яқинлар, қайтиш истаги — буларнинг барчаси аввало уйда шаклланади. Бу қарашлар ўзбек дунёқараши ва миллий борлиғимизга шунчалик табиий сингиб кетганки, биз учун уй шунчаки пишиқ ғишт ва лойдан кўтарилган иншоот эмас. Бизнинг тафаккуримизда «Ота ҳовли» ёки «Она уйи» инсоннинг маънавий илдизи, руҳий уйғунлик ва дунёни англашнинг илк нуқтасидир.

Биз учун уй тушунчаси энг аввало «ҳовли», «остона» ва «хонадон» образларида намоён бўлади. Инсон дунёга келиб, илк бор оламнинг кенглигини, «ўзиники» ва «бегона»нинг чегарасини айнан остона орқали ҳис этади.

Башляр уйни «хотиралар солинган сандиқ»га ўхшатади. Турмушимизда бу хотиралар уйнинг деворларида, айвон устунларида, ёпилган иссиқ нон ҳидида ва супада яшайди.

Араос ўзини-ўзи қурадиган уйларга шу нуқтаи назардан қарайди. Унда уни қурган одамларнинг меҳнати, кутган умидлари, бошидан кечирган қийинчиликлари, қариндошлиги, жанжали, ярашуви ва қайтишлари жамланган. Биз қурган ва яшаётган уйимиз шу тарзда бизнинг дунёдаги ўрнимизни кўрсатади.

Мақолани бир неча бор қайта ўқидим. Ва шу аснода бир неча марта ота уйимга «бордим». Толкиннинг машҳур «Хоббит» қиссасида бош қаҳрамон Билбо Беггинс ўзининг шинам ва тинч уйини ташлаб, хавф-хатарларга тўла узоқ саёҳатга чиққани ёдимга тушди. У аждарҳолар, сеҳрли ўрмонлар ва даҳшатли жанглар лабиринтидан ўтади. Аммо у қаерда бўлмасин, қандай катта бойлик ёки донишмандликка эришмасин, унинг қалбини фақат биргина ип — ўз уйига бўлган соғинч боғлаб турарди. Дунё кезган Хоббит барибир ортга қайтади ва фақат ўз хонадонига қадам қўйганидагина ҳақиқий хотиржамликни топади. Унинг бутун саёҳати кундалигига ёзганидек, «У ёққа ва ортга», яъни уйни қайта кашф этиш йўли эди. Мақолани қайта ўқиш асносида мен ҳам уйни қайта кашф этдим. Балки шунинг учун ҳам биз умримизни дунёни ўзимизга уйга айлантиришга уриниб ўтказармиз. Охир-оқибат тарқоқ саргузаштларимизга маъно бағишлайдиган, ўзимизни англайдиган ва айнан шу ерга тегишли эканимизни ҳис қиладиган жойга қайтамиз. Уйга...

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.