Лайфстайл

Севинч Мўминова сабаб ролдан қуруқ қолган, бир автомобил нархидаги гонорар олган, салбий образлар билан танилган Жамила Ғофурова 42 ёшда

Севинч Мўминова туфайли ролдан қуруқ қолган, бир автомобил баҳосидаги гонорар олган, салбий образлари билан танилган Жамила Ғофурова 42 ёшда

Кинодаги илк ролини Севинч Мўминова “илиб кетган”, бахтини иккинчи турмушидан топган, ҳозирда тўрт фарзанднинг онаси бўлган истеъдодли кино ва театр актрисаси Жамила Ғофурова 9-сентябр куни 42 ёшга тўлди. Шу муносабат билан унинг ҳаёти ва ижодий йўлига назар ташлаймиз.

### Онам биз сабаб карьерасидан воз кечган

Актриса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган хонанда Шукур Ғофуров оиласида туғилган. Отаси опера хонандаси бўлгани сабабли уларнинг уйига кўплаб санъаткорлар келиб турарди. Жамила Ғофурова ҳам қўшиқ айтиш ва рақсга тушишга қизиққан.

Бироқ кетма-кет фарзандли бўлгани ва дадаси кўп гастрол сафарларида юргани учун карьерасидан воз кечишга мажбур бўлган.

“Эсимни таниганимдан бошлаб рақс тушишни ва қўшиқ айтишни яхши кўрардим. Аммо ота-онам негадир хонанда бўлишимни исташмади. Ҳозир мусиқа мактабида ўқимаганимга афсусланаман.

Баъзан бунинг учун ота-онамдан ранжиган пайтларим ҳам бўлган. Онам негадир актриса бўлишимни орзу қилган. Шу боис 14 ёшимдан ъЎзбекфилмъда ўтказиладиган кастингларга олиб борган”, дейди актриса Жамила Ғофурова.

### Севинч Мўминова ролни илиб кетган

Актриса дебют ролга тасдиқланиши қийин кечгани ва тўлароқ бўлгани учун бу ролни Севинч Мўминова олиб кетгани ҳақида гапириб берган.

“Мешполвон” деб номланган болалар учун ишланган филмнинг кастингидан ўта олмаганман. Ундан сўнг 16 ёшимда “Дилхирож” деб номланган филмга Алишер Ҳамроев, Севинч Мўминовалар билан бирга келганман. Ўшанда тўлачалигим учун бош ролга олишмаган.

“Дилхирож” филмида кастинг ҳам бўлмаган, “Сиз қайси ролга келдингиз”, дейишганида “Бош ролга келдим, бош ролни ўйнайман”, деганман. Ўшанда режиссёр “Жамила, агар бош ролни ўйнамоқчи бўлсангиз, озишингизга тўғри келади, сиз озгина тўлачасиз”, деган эди. Ҳақиқатан ҳам тўлача қиз эдим, бош ролга ҳам тўғри келмас эдим, бироқ ким ўзини “мен тўламан, бош ролга ҳам тўғри келмайман”, деб айтади.

Суратга олиш ишлари Сурхондарё вилоятида бўлган эди. Тасвирга олиш ишлари қирқ кун давом этган бўлиб, менинг ролим дастлабки кунлардаёқ ўтиб бўлган, икки секундлик рол эди. Ўша филмда гапирган гапим ҳозир ҳам эсимда — “Бор, йўқол, мишиқи” сўзларидан иборат жумла эди. Ролимни ўйнаб бўлгандан сўнг ҳам кетмасдан, режиссёрга “У-бу ўтиб кетадиган жойлари бўлса, ўйнарман”, деб суратга олиш майдончасидан кетмасдан, қирқ кун қолганман”, дейди Жамила Ғофурова.

### “Сёмкалар сабаб академик таътил олганман”

Жамила Ғофурова филмларда эпизод ролларни ижро этиб юрса-да, мактабни тугатгач санъат институтига ҳужжат топширмайди. Аммо кейинчалик бу қароридан афсусланади.

“У институтга нега ҳужжат топширганимни ҳалигача тушунмайман. Баъзан суратга олиш ишлари кўпайиб кетгани ёки бошқа сабабларга кўра академик таътил олишимга тўғри келарди. Шартнома асосида ўқиганман, мендан кейин синглим ҳам тўлов асосида ўқишга қабул қилинган. Ўқишимиз ота-онамга осон кечмагани аниқ. Орадан анча йил ўтиб, 2012-йили Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ҳужжат топширганман. Аммо актрисалик йўналишида эмас, режиссёрлик бўйича таҳсил олганман”, дейди актриса Жамила Ғофурова.

### “Энг кўп олган гонорарим”

Актриса “Фарёд” филмида катта гонорар олгани ва шу роли сабаб машинали бўлгани ҳақида сўзлаб берган.

— Авваллари энг кўп гонорар оладиган актриса мен бўлганман. Филмларда рол ижро қилишим учун битта машинанинг пулини олганман, бугунги кунга ҳисоблайдиган бўлсак, ўша пулга битта Спарк автомашинасини сотиб олиш мумкин эди. У филмнинг номини ҳам айтишим мумкин, филм “Узук” деб номланган эди.

“Фарёд” филмидан жуда катта гонорар олганман. “Фарёд” филми яхши чиққани учун филм продюсерлари келишган ҳолда менга Нехиа совға қилган эди. Ўша Нехиа менинг биринчи машинам бўлган эди, дейди Жамила Ғофурова.

### “Барон” сабаб пулдан қуруқ қолганман

Жамила Ғофурова салбий ролларни ижро этишдан қўрқмайдиган актрисалардан бири. У “Барон” филмидаги роли сабаб одамларнинг нафратига учрагани ва яхшигина маблағдан қуруқ қолгани ҳақида гапирди.

— “Барон” филмига таклиф этишганда онамга ссенарийни ўқитдим. Қўрқиб кетдим, ролни рад этмоқчи бўлиб турганимда онам “Актриса ҳар қандай ролни ижро этиши керак, нега иккиланяпсан? Бу ролни ҳам кимдир ижро этиши керак-ку”, деди. Ана шу гапдан кейин ролни ижро этишга рози бўлдим. Аммо филм премьерасидан кейин ширинлик фирмасидан яхшигина маблағга реклама таклиф этишди. Режиссёр билан фирма раҳбарининг олдига борганимизда мени кўриб “Йўқ, бу актриса маҳсулотларимизни реклама қилишини истамайман. Ахир у жиянини сотиб, опасини ўлдирган-ку”, деди. Хуллас, “Барон”даги ролим сабаб яхшигина маблағдан қуруқ қолганман, дейди актриса Жамила Ғофурова.

### “Ўзингизга ўхшамай қолибсиз”

Актриса 16 йил аввал турмуш қурган. Бу никоҳдан Ширина исмли қиз фарзандли бўлган. Аммо анча йилгача турмуш ўртоғи билан ажрашганини сир тутган. Кейин негадир экранларда умуман кўринмай қолган.

Фото: Инстаграм — Фарзандли бўлганимдан кейин анча тўлишганман. Бу ўзимга ҳам қатор ноқулайликларни туғдирган. Шундай кунлар ҳам келганки, режиссёрлар вазним ортгани учун роллар бермай қўйишди. Шундан кейин озишга жиддий аҳд қилдим. Озганимдан кейин эса “Ўзингизга ўхшамай қолибсиз”, деганлар ҳам бўлди. Хуллас, одамларга бирдек ёқиш қийин. Муҳими, инсон ўзини севса ва ўзига қулай шароитда яшаса бўлди, дейди актриса Жамила Ғофурова.

### Эрим кўчада “звезда”

Актриса 2020-йили учинчи бор она бўлди. Аммо у кунга қадар оммага оила қургани ҳақида сир сақлаган эди. У интервюларининг бирида турмуш ўртоғи санъатдан йироқ соҳада фаолият юритиши ва ўта рашкчи инсон эканини айтиб ўтганди.

Фото: Инстаграм — Турмуш ўртоғим ўқимаган, аммо омадли инсон. Тадбиркорлик билан шуғулланади. Ўзим иккита институтни тугатганим учун турмуш ўртоғим ҳам таҳсил олишини истайман. Унинг ўзига яраша олами бор. У кўчада “звезда”. Оиламни, фарзандли бўлганимни сир сақлаганим йўқ. Фақат айни карантин авж олган пайтда ўғил фарзандли бўлдим. Карантин сабаб туғуруқхонадан ҳам оддийгина либос ва махсус пардоз-андозсиз чиқишимизга тўғри келди. Маросимларни ҳам оила даврасида, камтарона қилиб ўтказишга қарор қилдик. Шу боис бу хабарни эълон қилишга ҳам зарурат туғилмади, дейди актриса.

Актриса айни кунда нафақат кинода, балки театрда ҳам фаолият юритади. У Сайфиддин Мелиев режиссёрлигида ташкил этилган “Турон” театр студиясида ишлайди.

### “Ўзимга инсоф сўрайман, баъзи ҳаракатларимни тўғрилашим керак”

Жамила Ғофурова авваллари шўх-шодон бўлган бўлса-да, эндиликда оналик ва аёллик вазифаларини тўлиқ адо этаётганини айтади. У йил сайин улғайиб бораётгани ва фарзандлари онаси ҳақида ёмон гап эшитмаслиги учун ҳаракат қилиши ҳақида қуйидагича сўзлади.

Ҳар куни ўзимга ёқмайдиган бир хатойимни тўғрилаб боришга ҳаракат қиламан ва Аллоҳдан бошқаларга эмас, ўзимга инсоф сўрайман. Қизларимнинг орқасидан совчи келишини, ўғилларим дўстларининг ёнида бош кўтариб юришини ўйлайман. Улғаяётганим ўзимга жуда ёқяпти, жуда ҳам. Қанийди, ҳозирги ўйловим 20 йил аввал бўлганда эди.

Кун келиб тўртта фарзанднинг онаси бўлишимга, уйда ўтириб бугун ўзи қайси кун, қайси сана деб қолишимга ҳеч ишонмасдим. Сабаби тиниб-тинчимайдиган, сёмкалардан ортмайдиган, бир тадбирдан чиқиб иккинчисига югурадиган қиз бўлганман. Аммо тунда фарзандларимнинг ухлаб ётганини кўриш жуда ёқимли, шу кунларга етиб келганимга беҳисоб шукр қиламан, дейди Жамила Ғофурова.

### “Фарзандларим дадасидан қўрқади, бу менга ёқади”

Актриса турмуш ўртоғи, унинг кимлиги ва шахсияти ҳақида гапиришни ёқтирмайди, аммо ўзининг суюкли рафиқа, севимли она ва оғир-босиқ уй бекаси бўлишида эрининг ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. У нафақат ўзига турмуш ўртоқ, балки қизи Ширина учун ҳам уни ўз фарзандидек кўрадиган ота танлаши керак бўлган.

Бу қўрқувда яшайман, дегани эмас, уларни ҳурмат қиламан. Айнан шу жиҳатлар менга кўп асқатади — уйга кириб келганларидан сўнг фарзандларим 99 фоизга ўзгаради, уйимизда бошқа муҳит пайдо бўлади. Рости, ўша вақтда мен дам оламан. Фарзандларим дадасидан қўрқади, бу менга ёқади. Уйимиздаги ҳар бир иш эримнинг розилиги билан бўлади.

Биз оилада беш фарзанд бўлганмиз, кўпчиликнинг ичида катта бўлганим сабабли ўзимнинг оилам ҳам катта бўлишини хоҳлардим. Мана турмушга чиқдим, фарзандларимни кўпайтирдим. Эрим қаттиққўллигини айтдим, ҳадеб уруш-жанжал бўлаверса, оила ажрашиб кетиши мумкин. Жаҳли тез деб ажрашиб кетавермайман-ку. Шу сабабли биз келишиб олганмиз — эрим жаҳлда пайти мен оғирроқ бўлиб тураман.

Эркаклар санъаткор аёлга уйланаётганда унинг санъат вакили эканини билиб уйланади-ю, аммо кейинчалик барибир аёлини ўзгартирмоқчи бўлади. Турмуш ўртоғимга мени ўзгартиришга ҳаракат қилманг, мен сизни борингизча қабул қилиб яшаб келяпман-ку, дейман. Мени ўзгартиришга уринманг, мени боримча қабул қилсангиз, биз жудаям чиройли оила бўламиз. Мен ўзимни яхши ҳис қиламан, сиқилмайман, болаларга ҳам етарли меҳримни бераман ва ўз ишимни ҳам севиб қиламан — қарабсизки, мендан бахтли аёл йўқ, деб кўп такрорлайман, деди актриса.

### “Қизим ва турмуш ўртоғимнинг муносабатига аралашмайман”

Актриса турмуш ўртоғи ва қизининг муносабати аввал ва бугунги кунда қай даражада экани ҳақида гапирди.

Отаси ҳам бундан ранжиб, “Қизим-ку ахир, ота бўлиб озроқ гапирсам нима бўлибди? Аксинча, уришмасам ўгай бўлиб қоламан-ку”, дерди. Бу бир неча йил аввалги ҳолат. Яширмайман, ўша пайтларда сиқилиб қолгандим. Аммо ҳозир қизим 16 ёш бўлса-да, катта қизлардек фикрлайди. Нима бўлган тақдирда ҳам мен учун бу инсон Ширинанинг отаси, 7-8 ёшидан бери шундай бўлиб келган. Бирга яшаймиз, муносабатларига кўп ҳам аралашавермайман, оддий ота-қиз муносабати.

Ширина қизимни 25 ёшимда дунёга келтирганман, яхшиям шу қизимни туғган эканман дейман. Кичик укасини ҳозир ўзи катта қиляпти, менга ёрдамчи. Шу қизим учун ҳам ука ва сингилларини туғганман, кун келиб жигарлар керак бўладиган пайтда нега менинг ука-синглим йўқ, деб мендан ўксимасин деган ўй бўлган, дейди тўрт фарзанднинг онаси Жамила.

### “Туғуруқ вақтида юрагим тўхтаб қолган”

Жамила Ғофурова 2024-йил 23-март куни тўртинчи бор она бўлди — ўғил фарзандли бўлди. Аммо бу бахт актрисага осон келмаган, у бир ўлиб, тирилган.

Мен борган туғуруқхонадаги шифокорлар Аллоҳнинг изни билан менга иккинчи марта ҳаёт берди. Шунчалик оғир аҳволда шифохонага боргандимки, 5-10 дақиқага юрагим тўхтаб қолган. Ҳушимдан кетгандим, ўша пайтдаги ҳамма гапни ҳам эслолмайман. Аммо бир гап айтишган: “Бу санани эслаб қолинг, Жамила, бу сизнинг туғилган кунингиз”. 23-мартда мен қайтадан “дунёга келдим”. Ҳозир қанчалик кучли шифокорлар менга ёрдам берганини ўйлаб, улардан доим миннатдор бўлиб келаман. Ўша вақтлар яқинларим мени ёлғизлатиб қўймади, турмуш ўртоғим, отам ва иккинчи онам, яъни дадамнинг иккинчи аёли, акам ва келинойим, дугоналарим келиб ҳолимдан хабардор бўлиб туришди. Депрессияга тушиб қолишимга оз қолганди, аммо мени бу ҳолатга тушишимга жим қараб туришмади, уларнинг барчасидан миннатдорман, дейди актриса Жамила Ғофурова.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.