Шаҳзода Матчонова 39 ёшда: лифтда ёлғиз қолишга қўрқадиган, дипломат бўлиши кутилган, укасидан хафа бўлган актриса ҳақида

Шаҳзода Матчонова 39 ёшда: лифтда ёлғиз қолишдан чўчийдиган, дипломат бўлиши кутилган, укасидан ранжиган актриса ҳақида
Шаҳзода Матчонованинг ҳуқуқий билимлари ва чет тилларини мукаммал билиши унинг келажакда дипломат бўлишига ишора қиларди. Бироқ, кутилмаган тасодифлар туфайли у актрисалик касбига кириб келди ва ҳаёти бутунлай ўзгарди. Бу йил 8-август куни 39 ёшга тўлган актрисанинг тақдири бунга ёрқин мисолдир.
Қорақалпоғистон халқ артисти набираси ҳақида
Истеъдодли актриса Шаҳзода Матчонова 1987-йил 8-августда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида туғилган. У оилада уч фарзанднинг ўртанчаси бўлиб, акаси ва укаси бор. Актриса санъаткорлар оиласида улғайган; унинг бобоси Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Бошқирдистон халқ артисти Байрам Матчоновдир. Бўлажак актриса ўрта мактабни тугатгач, Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кирган. У актриса бўлиш ҳақида умуман ўйламаган эди.
Фото: Инстаграм
— Мен актриса бўламан, деб хаёлимга ҳам келтирмаганман. Чунки болаликдан юрист ёки дипломат бўлишни орзу қилганман. Бу йўналишда таҳсил олиш учун кўп ўқиш, назарий билимларга эга бўлиш керак. Ўқиш учун Тошкентга келганман ва омадим келиб, талабаликка қабул қилинганман. Биринчи курсда ўқиётганимда курсдош дугоналарим билан Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрига борганмиз. Ўша ерда тасодифан Зулфиқор Мусоқов билан танишиб қолганман ва у киши мени кастингга таклиф этган. Қизиқиб “Ўзбекфилм”да ўтказилган кастингга борганман. Аммо мени ролга тасдиқлашмаган. “Ўзбек қизларига ўхшамайди”, деган гапдан қаттиқ ранжиганман. Бошқа қизлардан кам эмаслигимни исботлаш учун бошқа кастингларда иштирок этишга ҳаракат қилганман, дейди актриса Шаҳзода Матчонова.
Фото: Инстаграм
Уни кашф қилган “Апрел-май”
Илк муваффақияциз кастингдан кўп ўтмай, уни Зебо Наврўзова ролга таклиф қилган. У Шоҳруххон билан бирга бош ролни ижро этган.
Фото: Инстаграм
— Комила ролини ижро этишим қийин кечмаган. Балки режиссёр аёл киши бўлгани учун бир-биримизни тушуниб ишлагандирмиз. Филмнинг баъзи саҳналари Москвада суратга олинганди. Ундан кейин “Қалбим ўғриси” филмига таклиф қилишган. Мана шу филмдан кейин томошабинлар кўпроқ танийдиган бўлишди. Менга филм воқеалари билан бирга у ердаги либосларим ҳам жуда ёқади. Уни ҳар сафар кўрганимда илк ролимда тажрибасиз бўлганимни ҳис қиламан, дейди актриса.
“Оила — ёпиқ ҳудуд”
Актриса шахсий ҳаёти, хусусан, ота-онаси ва ака-укалари ҳақида гапиришни унчалик истамайди. Оммага фақат ака-укаси борлиги маълум холос. Фақатгина бир интервюсида укасининг бир гапидан қаттиқ ранжигани ҳақида айтиб ўтган.
Фото: Инстаграм
— Болаликка бориб, укам “Сен хунук қизсан” деган. Мана шу гап кўнглимга оғир ботган. Ўша пайтда хафа бўлганман, аммо кейин унутиб юборганман. “Оилангиз ҳақида нега гапирмайсиз?” деб кўп сўрашади. Менимча, оила ёпиқ ҳудуд, уни оммага ошкор этиш шарт эмас, дейди у.
Шаҳзода Матчонова кўплаб хонандаларнинг клипида суратга тушган
Шаҳзода Матчонова санъат оламидаги фаолияти давомида кўплаб хонандаларнинг клипида суратга тушган. Ботир Қодировнинг “Юрак”, Санжар Холиқовнинг “Лолалар”, Жасур Мавлоновнинг “Дунё экан”, “Уммон” гуруҳининг “Сен меники эмассан” клиплари шулар жумласидан.
Актриса иккинчи турмушидан бахтини топган
Фото: Инстаграм
Актриса Шаҳзода Матчонова 2016-йилнинг 25-ноябр куни Омар исмли йигит билан оила қурган эди. Ёшларнинг никоҳ оқшоми Тошкентдаги энг катта ресторанларнинг бирида бўлиб ўтган. Ҳатто у сохта куёв эканлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳам тарқалганди. Шундан сўнг актриса шахсий ҳаёти ҳақида гапирмади, одамларнинг эътибори ҳам сусайди. Аммо актриса 2019-йили Инстаграмъдаги сториесъларининг бирида “Ажрашганмисиз?” деган саволга “Ҳа” деб жавоб берди. Маълумотларга кўра, актриса иккинчи бор оила қурган ва 2021-йилда Рания исмли қизалоқни дунёга келтирган.
Қандай эркакларни ёқтирмайди?
Мафтункор актриса қандай тоифадаги эркакларни ҳурмат қилмаслиги ҳақида ҳам айтиб ўтган.
Фото: Инстаграм
— Эркак киши ваъда бердими, ҳар қандай шароитда ҳам унга амал қилиши керак. Ваъдасининг устидан чиқмадими, демак, ундан ҳар қандай ишни кутиш мумкин. Ваъдасида турадиган ва қатъиятли эркакларни ҳурмат қиламан, дейди актриса.
“Лифтга ёлғиз чиқишдан қўрқаман”
Шаҳзода Матчонованинг ҳам фобияси бор. У ёпиқ ҳудудлардан қўрқиши ҳақида айтиб ўтган.
Фото: Инстаграм
— Масалан, ёлғиз лифтга чиқишдан қўрқаман. Худди нафасим қисаётгандек, ҳозир қандайдир кўнгилсизлик содир бўладигандек туюлади. Ундан кейин нотаниш хоналар ҳам менда қўрқув уйғотади, дейди актриса.
Бўш вақтини қандай ўтказади?
Ҳар бир инсоннинг севимли машғулоти бўлади. Хўш, актриса Шаҳзода Матчонова бўш вақтини қандай ўтказади?
Фото: Инстаграм
— Шопинг қилиш жон-у дилим, аммо режасиз нимадир харид қилишни ёқтирмайман. Дўконларга албатта, аниқ мақсад билан бораман. Бундан ташқари китоб ўқишни, рақс тушишни яхши кўраман. Интернетга ҳам асосан психологик мақолаларни ўқиш учун кираман, дейди актриса. Шуниси ҳам эътиборлики, актриса инглиз, рус ва турк тилларида яхши сўзлашади.
“Ошхонани ёмон кўраман”
Актриса ошхонани ёмон кўриши ва таом тайёрлашни унчалик ёқтирмаслигини яширмайди.
Фото: Инстаграм
— Ҳақиқатан ҳам ошхонадан узоқ инсонман. Овқат қилишни аввалдан ёқтирмасдим, ҳозир ҳам худди шундай. Балки, бу таомларга унчалик ўч бўлмаганим учундир, дейди у.
“Менга мухлислар томонидан салбий изоҳлар билдирилмайди”
Кўплаб филм ва клипларда бош ролларни ижро этган, Инстаграм саҳифасида икки ярим млн обуначига эга актрисага унинг айтишича, мухлислар томонидан ҳеч ҳам салбий фикрлар билдирилмайди.
— Менга нисбатан деярли ҳеч қандай салбий изоҳни кўрмаганман, чунки интернетда унчалик фаол эмасман. Агар доимо Инстаграмъда кўринганимда эди, негативлар ҳам пайдо бўлган бўларди. Аслида мен атрофдагиларнинг фикри билан яшамайман, уларнинг изоҳларига аҳамият бермайман, дейди актриса.
Фото: Инстаграм
Кино премьераларни соғинган Шаҳзода Матчонова қачон кинога қайтиши ҳақида
Актриса нима учун сўнгги йилларда ижод қилишдан тўхтаб қолгани ҳақидаги турли фикрларга қуйидагича жавоб берган:
— Менга келадиган жуда кўп саволлар айнан кино ҳақида: барча қачон экранларга қайтишим, нима учун йўқ бўлиб қолганимни сўраб ёзади. Мени соғинганларга катта раҳмат, сизнинг хатларингиз мени доим қувонтиради. Мен ҳам барчангизни, премьераларни соғинганман. Худо хоҳласа, кинога қайтиш ниятим бор, фақат айнан қачон ижодни бошлашим номаълум, дейди Шаҳзода.

