Лайфстайл

“Тушимда 20 йилдирки Американи эмас, Самарқандни кўраман”. Хонанда Сафия Сафтарова муҳожирликдаги ҳаёти ва армонлари ҳақида

“Тушимда 20 йилдирки Американи эмас, Самарқандни кўраман”. Хонанда Сафия Сафтарова муҳожирликдаги ҳаёти ва армонлари ҳақида

“Ватан ягонадир” қўшиғи билан танилган, ҳозирда Америкада яшаб ижод қилаётган хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сафия Сафтарова “Изларим” лойиҳасига интервю берди. У мусиқага қизиқиши қандай бошланганини, мактаб йилларини, Америкага келгач эса узоқ йиллар она шаҳрини соғиниб яшаганини сўзлаб берди.

“Оилада 10 фарзанд бўлганмиз”

Беш қиз, беш ўғилмиз. Мен оилада еттинчи фарзандман. Биринчи синфда Янги йил байрамида Қорбободан совға олиш умидида илк бор қўшиқ айтганман. Ҳамма шеър айтган, мен эса Султонпошша Ўдаеванинг “Онажон” қўшиғини куйлаб бергандим. Қўшни қизлар мендан ҳам олдин келиб, онам, ака-укаларимга Сафия мактабда қўшиқ айтди, деб айтишган. Уйда ҳам қўшиқ айттириб кўришди. Акам ўша пайтда санъат соҳасида таҳсил оларди, мен билан ҳам ўзи шуғулланган. Кейин дадам пианино олиб берган эди.

Бобо-бувиларим, аждодларимиз ҳам санъаткор бўлган. Онам раҳматли менинг қўшиқчи бўлишимни жуда хоҳларди, унинг орзусини амалга оширдим. Дадам 20 ёшида Улуғ ватан урушига кетган, қайтгач эса ўзи мусиқа билан шуғуллана олмаган. Аммо юрагида шу истак қолган. Шу боис ошналари бизнинг уйга келса, менга пианино чалдирарди. Дадам мени “Қизим катта бўлса, Муҳаббат Шамаев бўлади” дерди. Дадамнинг орзулари рўёбга чиққан деб ўйлайман. Акаларим билан ансамблда ишлаганмиз, оилавий ижод билан шуғулланганмиз, дейди Сафия Сафтарова болалигини эслаб.

“Чақалоқлигида артист бўлишини айтишган”

Онам савдогар эди, Сафияни уйда ташлаб кетишнинг иложи бўлмагани учун ўзи билан савдога олиб кетган. Иш билан овора бўлиб, синглимни қўлидан қўйиб юборса, у йиғлаб юборган экан. Шундай чиройли йиғлаганидан, бир рус аёл “Бу чақалоқнинг овози тиниқ экан, катта бўлса артист бўлади”, деб айтган экан, дейди Сафия Сафтарованинг опаси.

“Сафия аккордеоннинг орқасидан кўринмай қоларди”

Сафия Сафтарова мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистонга, ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрига келди. Шу баҳона у қадрдон синфдошлари билан ҳам учрашиб, мактаб йилларини ёдга олди.

— 1983-йилда 18-сонли мактабни битирганимизга 43 йил бўлибди. Кўп устозларим оламдан ўтибди, Аллоҳ уларни раҳмат қилсин, дейди Сафия Сафтарова.

— Мусиқа хонамизда пианино бўларди. Дарсдан кейин кириб, Сафия бизга Алишер Навоийнинг болалиги саҳналаштирилган спектакл мусиқасини чалиб берарди. Яна Россия телеканалларида бериладиган “Жониворлар оламида” дастурининг мусиқаларини ҳам ўрганиб, маромига етказиб чаларди. Ҳеч қайси тадбир, кўрик-танловларимиз Сафиясиз ўтмас эди, дея эслайди Сафия Сафтарованинг синфдоши.

Унга хонанинг ўртасига бир стул қўйиб берардик. Ҳалиги аккордеон катталигидан орқасида Сафия кўринмай қоларди, худди мусиқа асбоби ўзи чалинаётгандек (кулиб). Мана бугун, тақдир тақозоси билан мен ҳам Америкада яшайман, Сафия билан ўша ерда тез-тез кўришиб турамиз, дейди бошқа синфдоши мактаб даврларини эслаб.

“Америкага илк бор консерт учун келганмиз”

Мен билан севимли устозим Султонпошша Ўдаева ҳам келган. Юбилейда қатнашиб, устозим билан яна ўзимиз ҳам консерт берган эдик.

Самарқандда санъатдан ташқари ҳисобчиликни ҳам ўрганганман ва лойиҳалаш институтида катта ҳисобчи бўлиб ишлаганман. Тўғрисини айцам, ҳеч қачон меҳнат таътилига чиқмаганман. Бир ойлик таътил бўлса ҳам, уни гастрол учун режалаштирардим.

Америкага кўчиб келиб ҳам ижодим тўхтаб қолмади. Яқинда ҳам “Самарқандда изларим қолди” деган янги қўшиқ чиқардим. Фортепианода чалишни ўрганиб бўлгач, қўшиқ басталашни ҳам машқ қила бошлаганман. Деярли ҳамма қўшиқларимни ўзим басталаганман. Фақат бир марта композитор Дилором Омонуллаева “Лолача” қўшиғимни ёзиб берган эди, дейди у.

“Чет элда ҳам ижодимни давом эттиряпман”

Ҳатто Самарқанддан Тошкентга келиб яшаб, ишлаш таклифи берилганида ҳам кўчиб ўтмаган одамман. Ўз шаҳримни жуда соғиниб қолишим сабабли бир кун келиб бегона жойларда яшашни тасаввур ҳам қилмасдим. Аммо ҳозир шу ерда яшашим иродамни мустаҳкамлай олди, деб ўйлайман. Ҳозир ҳам шу ерда консертлар, тўй хизматларида қатнашаман, янги қўшиқларим билан телевидениеда чиқишлар қиламан, дейди Сафия Сафтарова.

“Тушимда Американи эмас, Самарқандни кўраман”

Туш кўрсам, Американи эмас, доим маҳалламни кўраман. Чамадонларим билан самолётдан тушиб, ота-онамнинг уйига келаётган бўламан. Шуни билдимки, одам қанчалик узоқда бўлмасин, руҳи ўз ватани билан қоларкан. Худога шукр, ҳали ҳам Ўзбекистон фуқаросимиз, Самарқандда уй-жойим бор. Ризқим қўшилган экан, Ню Ёркда яшаяпман, дейди хонанда.

“Метро вагонида қўшиқ басталаган пайтларим бўлган”

Яна америкалик болаларнинг уйига бориб фортепианодан дарс берганман. Расман ишга кириш учун эса менда бу ернинг дипломи бўлмаган. Кейин бошқа соҳаларда ишлаб, Наврўз каби байрамларда қўшиқлар айтиб, аста-секин танилиб, дискларимни чиқара бошлаганман, дейди у.

“Америкада имкониятлар кенг”

— Америка менга нима берди? Кўп тилларни ўргандим, муҳитнинг ўзи ёрдам берди. Бундан ташқари форс тилида кўпроқ қўшиқ куйладим ва эронийлар ансамбли билан ишладим. Эронликлар яшайдиган туманларга бориб, байрам, консертларда хизмат қилдим. Бу тилни ўз-ўзидан ўрганиб кетдим. Ундан ташқари озар тилини ҳам ўргандим. Қўшиқларимнинг маъносини янада яхшироқ тушуниш учун. Билган тилларим қаторига яна учтаси қўшилди. Ўғлим ҳам ёнимда — скрипка чалади, дейди у.

“Фарзандларим ўзимнинг ёнимда”

Тўйларга, суратга олиш ишларига кетганимда фарзандларимни доим онамга ишониб кетганман. Шунинг учун уларнинг тарбиясида кексаларнинг меҳнати сезилади. Мен ҳам энди ўз набираларимга шундай яхши тарбия беришга ҳаракат қиламан.

Ҳозир Америкада ўғлим, келиним, қизим ва набираларим билан яшаймиз. Қизим Севарахон Америкада ўқиб, аудиторлик бўйича магистрлик дипломини олди. Ҳозир яхши компанияда ишлайди. Келиним рус филологиясини тугатган, ўқитувчи. Ўғлимнинг асл касби фармацевт. Айтганимдек, ишидан кейин кечқурун хизматларда ёнимда скрипка ҳам чалиб туради, дейди хонанда.

Сафия Сафтарова Самарқандга келиб, йиллар, йўллар оралиғида нималарни ҳис қилди?

Келишим билан ота-онам қабрини зиёрат қилдим. Лекин бир оёғим у ёқда, фарзандларим, набираларим мени кутишяпти. “Ватан ягонадир” қўшиғим билан яна она юртимда чиқишлар қиляпман. Бу қўшиғим самарқандликларнинг мадҳиясига айланган, дейди у.

“Онамни соғинтирганим учун ўзимни кечира олмайман”

Онамни соғиниб яшаганим, Самарқандни соғинганларим ҳам бор. Мусофирчиликда яшаган одам сифатида айтаман — одам ишини ўз юртида йўлга қўйиши керак экан. Айниқса, ота-онаси ҳаёт бўлса. Чунки улар бизнинг йўлимизга кўз тикиб яшайди. Онамни соғинтирганларим учун ўзимни кечиролмайман, дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сафия Сафтарова.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.