“Сарвар ака билан беш йилдан буён бирга эмасмиз” — Татяна Зайсева шахсий ҳаёти ҳақидаги саволларга жавоб берди

Татяна Зайсева шахсий ҳаёти ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, Сарвар ака билан беш йилдан буён бирга эмаслигини маълум қилди.
Хонанда Татяна Зайсева “Ўзимизнинг гап” кўрсатувига берган интервюсида “Шарқ” гуруҳини бутунлай тарк этиб, яккахон ижод бошлагани, турмуш ўртоғи билан беш йилдан буён бирга эмаслиги ҳамда тадбиркорлик фаолиятини якунлагани ҳақида сўзлаб берди.
**“Яккахон хонанда сифатида санъатга кириб келганман”**
— “Шарқ” гуруҳи тузилишидан аввал яккахон ижод қилганман, “Ўзбегим ёшлари” ансамблида Татяна Зайсева номи билан танилганман. Ўшанда кўп чет эл сафарларига, фестивал ва танловларга борардик. Кейинчалик “Шарқ” гуруҳи ҳаётимнинг катта бир қисмини эгаллади. Дуетни тарк этганимдан сўнг ҳам бироз вақт гуруҳга қайтиб, дуетдошим ва собиқ турмуш ўртоғим билан бирга хизматларни ўтказиб юрдик. Бироқ ҳозирги кунда яна яккахон хонандаман ва ҳар хил услубларда қўшиқ куйлаяпман. Ҳам миллий, ҳам эстрада йўналишида куйлаш менга ёқади. Аввал “Шарқ” гуруҳида Сарвар ака билан ижро этган қўшиқларимизни ҳам куйлашга ҳаққим бор, бу ҳақда улардан сўраганман ва улар ҳам йўқ демаган. Баъзида Сарвар ака ҳам шундай режа билан мендан сўраши мумкин, албатта, ҳаммаси келишилган ҳолда, суҳбат асосида бўлади. Ҳозирги кунда ёлғиз эмасман, кичкина бўлса-да, ўзимнинг жамоам бор. Жамоада истеъдодли бастакор Ихтиёр Ражабов маъмурий масалаларга масъул бўлиб келяпти.
**“Сарвар ака билан алоҳида йўллардан кетишга қарор қилдик”**
— Ижодий танаффусдан сўнг гуруҳга қайтиб, бирга хизматларни ўтказиб юрганимизда ҳам кейинчалик менга барибир нимадир етишмаётганини тушунганман. Сарвар ака билан биз учун нима етишмаётганини кўп излаб тополмаганмиз. Нимагадир кўниколмаётганимиз бизни қийнарди. Биз бир оила ва бир жамоа эдик, лекин бир куни алоҳида бўлиш қарорига келдик. Албатта, менинг хоҳишимга кўра шундай фикрга келдик. Билмайман, ниманинг таъсирида бўлса ҳам бир неча йил аввал ўзимни йўқотишни бошлаган эдим. Икки ақлли, ёши катта инсонларнинг ўзидан-ўзи алоҳида бўлиб қолиши ҳазил гап эмас. Бироқ энг асосийси — ҳозирги кунда ҳамма бахтли, дейди хонанда.
**“Турмуш ўртоғим билан ажралганимизга беш йил бўлган”**
— Одатда муносабатларда синовли ва ёқимли севги бўлади. Биз Сарвар ака билан жуда кўп синовлардан ўтдик. Буни бирор марта оммага кўрсатмадик, фақат ўзимиз биламиз. Мана шундай қийинчиликларда ҳам бир-биримизга бўлган севги ва ҳурматимиз йўқолмаган эди. Бироқ кейин ҳаммаси ўзгарди.
Ҳозирги кунда катта фарзандим тўққиз, кичиги эса беш ёшда. Турмуш ўртоғим билан ҳали расман ажрашмаган бўлсак-да, беш йилдан буён бирга эмасмиз. Бир-биримизга устоз бўлдик ва катта дарсдан ўтдик. Агар ҳаётим бошқатдан берилганида, яна мана шу яшаб ўтган йўлимдан ўтмасам бўлмаслигини тушундим. Чунки бу Аллоҳ томонидан турли воқеаларга тўла ҳолда юборилган ҳаётнинг ақлли ссенарийси экан. Бусиз иккимиз ҳам бугунги Татяна, бугунги Сарвар бўлолмасдик. Бунинг учун ҳаётимдан жуда ҳам миннатдорман, дейди у.
**“Кучли аёллар кўпроқ қийналади”**
— Кучли аёллар аслида кўпроқ қийналишар экан, чунки бундай аёллар ўзига кўп масъулиятни олади. Мен ҳам одатда атрофдагиларга юрагимни очмасликка ҳаракат қиламан. Аммо аёлнинг бир ўзи бу юкни кўтариши қийин экан, барибир атрофдан ёрдам, сизни тушунадиган инсонлар кўмаги керак бўлар экан. Бироқ сизнинг ички кечинмаларингизни ҳеч ким сизчалик англаб, ҳис қилолмас экан. Шунинг учун ҳозирги кунда бироз ёпиқ инсонга айланганман.
Бир қанча вақт илгари одамлар орасида бўлсам-да, кўп марта ўзимни ёлғиз ҳис қилдим. Фақат Яратгангина мени тушунди, холос. Албатта яқинларим ҳам ёрдам беришди, лекин барибир мен кутганчалик тушунишмади. Ҳамма маслаҳат беради, кимдир вазиятни умуман тушунмай туриб муҳокама қилар экан. Мана шундайлар мени ҳайрон қолдирди, бироқ эътибор бермасликка ҳаракат қилдим. Чунки ҳаётнинг ўзи шундай экан, дейди Татяна Зайсева.
**“Бир вақтда ижод ва тадбиркорликни тенг ушлолмадим”**
Хонанда аввалги интервюларидан бирида маълум муддат дизайнерлик соҳасида фаолият юритиб, ўз салонини очгани ҳамда тўй ва оқшом либослари салонига асос солгани ҳақида айтиб ўтган эди. Кейинчалик у барча тадбиркорлик ишларини тугатишга мажбур бўлганини айтди.
— Бизнесларимнинг ҳаммасини ёпдим, чунки вазият шуни тақозо қилди. Қолаверса, маблағ тарафлама бир вақтда икки йўналишни — ҳам сан'атни, ҳам тадбиркорликни тенг ушлаш бироз қийин бўлди. Шунинг учун ҳозирча ҳамма қўшимча бизнесларимни ёпганман, лекин келажакда уларни қайта юргизиш ниятим ҳам йўқ эмас.

