“Турмуш ўртоғим билан саккиз ойлаб кўришмаймиз”. Наргиза Салмонова оилавий ҳаёти ҳамда турк қайнонасидан хафа бўлгани ҳақида сўзлаб берди

“Турмуш ўртоғим билан саккиз ойлаб кўришмаймиз”. Наргиза Салмонова оилавий ҳаёти ва турк қайнонасидан ранжигани ҳақида гапириб берди
Актриса Наргиза Салмонова “Наво” телеканалининг “Менинг ошхонам” кўрсатувида меҳмон бўлиб, актрисалик фаолияти, фарзанди олдида заиф кўринмасликка интилиши ҳамда Туркиядаги ҳаёти ҳақида сўз юритди.
“Қолипга тушиб қолган актриса бўлишни истамайман”
— Актриса сифатида бир қолипга тушиб қолишни истамайман. Наргиза, дейишганда сокин, ҳаётдан сиқилган, фақат драматик ролларни ижро этадиган актриса тасаввур қилинишини хоҳламайман. Салбий, ижобий ёки юмшоқ бўлсин, ҳаммасида ўзимни синаб кўришни истайман. Шу сабаб имкон қадар бир хилликка тушиб қолиш ҳақидаги қўрқувларимни енгишга ҳаракат қиламан. Уддалай олмайсан, дейишса, имкон сўраб, яна бир бор буни эплай олишимни уларга исботлайман, дейди актриса.
“Қайнонамдан хафа бўлганман”
— Дастлаб Туркияга борганимда қайнонам менга ошхонани бермасди. Бир йил давомида овқат тайёрлашга рухсат беришини сўраб юрдим. Ростини айцам, бу ҳолатдан бироз хафа ҳам бўлганман. Қайнонам уйда бўлмаган пайтлари келгунича идишларни тезда ювиб қўярдим. Меҳмонга кетадиган бўлса, шошилинч овқатлар пишириб қўярдим. Сабаби, бу ишларни қила олишимни кўрсатмоқчи эдим. Шунга қарамай, мени умуман ошхонага яқинлаштирмасди. Қайнонам менга “қизим, сиз аввал ўзингиз устингизда ишланг, Туркияга мослашинг. Бизнинг одатларимизни яхшилаб ўрганинг, овқат қилиш қочиб кетмайди. Ҳозирча қувватим бор. Вақти келиб қувватдан қолсам, тайёрлаб берарсиз”, деган. Аммо барибир бундан ранжиганман. Менга ишонмаётгандек туюлиб, қўлимдан келишини чиройли тарзда исботлаб берганимдан кейин шукрки, ҳозир меҳмонлар келса, бемалол ошхонани менга топширадиган бўлишган, дейди актриса.
Наргиза Салмонова кўрсатув давомида ҳозир Туркияда яшашини ва Ўзбекистонга бир йилда бир марта келиш имконига эга эканини ҳам айтиб ўтди.
— Худога беҳисоб шукр, Тошкентга ҳар йили келаман. Турмуш ўртоғимнинг касби сабаб баъзан олти—саккиз ойга бошқа шаҳарларга кетишига тўғри келади. Ҳаммага маълум, Туркияда табиий офатлар бўлиб туради. Шу боис турмуш ўртоғим мени хавфсиз бўлишим учун Тошкентда — онамнинг ёнида бўлишимни айтади. Узоқ соғинган ижодим билан шуғулланишимга, яъни чегарани бузмаган ҳолда филмларда рол ижро этишимга ҳам рухсат беради. Ишлари тугашига яқин ўзи ҳам Тошкентга келади. Бирга чиройли шаҳарларимизга саёҳат қилгач, уйимизга қайтиб кетамиз.
“Уч ёшли қизимнинг олдида заиф кўринишни хоҳламайман”
— Кайфиятим тушкун бўлса, дарров ўзим билан савол-жавоб қиламан. Нима сабабдан бундай бўлаётганини таҳлил қилиб, тезроқ ечим топишга ҳаракат қиламан. Чунки қизим жуда зийрак. Бир нуқтага уч сониядан кўпроқ қараб қолсам, уч ёшли қизим “ойи, илтимос, бундай турманг”, дейди. Кичкина боланинг фикрлаши шундай, кўз тегмасин. Шу сабаб фарзандим олдида заиф кўринишни истамайман. Аксинча, доим қувноқ, кучли ва ҳаракатчан она образидаман, дейди у.
Актриса машҳурлик унинг эркинлигини олиб қўйганини ҳаётидаги бир воқеа орқали тушунтириб берди.
— Машҳурлик эркимни олиб қўйди. Масалан, кўчага чиқишдан олдин пардоз қилишни ёқтирмайман. Ўзимга қулай кўринишда кўчага чиқсам, мени таниганлар “сиз ҳаётда жуда ҳам оддий, содда экансиз-ку. Сизни бошқача тасаввур қилардик”, дейишади. Шундай пайтларда ўзимни ноқулай ҳис қиламан.
Яқинда ҳам қизимнинг иситмаси чиққанда шундай воқеа бўлди. Уни иситмаси бўлгани учун касалхонага олиб бордим. Бир аёл менга қараб, “ҳаётда жуда ҳам оддий экансиз”, деди. Шунда унга “сиз касалхонага пардоз қилиб, пошнали туфлида, чиройли костюм-шим ва сумкада келасизми, фарзандингизнинг тоби йўқ пайт кўзингизга сурма суриш юрагингизга сиғадими? Бундай ҳолатда қайси виждон билан ойнага қараб сочимни тарайман? Ҳозир фарзандимнинг соғлиғидан бошқа ҳеч қандай фикр қизиқтирмайди мени, опа”, дедим.
Тан олишим керак, машҳурлик кўплаб инсонларнинг меҳрини ва эътиборини ҳам берди. Масалан, мумкин бўлмаган жойларда қоидани бузганимизда, улар билан расмга тушганимдан кейин “майли, бошқа такрорланмасин, сизни ҳурмат қиламиз”, деб посбонларимиз жуда чиройли муомалада бўлишади. Гўзаллик салонидагилар ҳам сочимни кесиб, чиройли қилиб қўйишганда пулини олишмайди. Бунинг ўрнига улар билан бир марта суратга тушиб беришимни сўрашади. Шундай пайтларда қадрли бўлганим учун жуда хурсанд бўламан, дейди Наргиза Салмонова.

